Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда 458 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтади
05 январь 2019 г 2 489 Комментарии: 0
Куни кеча Жиззах вилоят мусиқали драма театрида солиқ тизимидаги ислоҳотларни сифатли бажариш, солиқ тўловчиларга кўмаклашиш ва улар билан манзилли ишларни амалга ошириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳнинг семинар йиғилиши бўлиб ўтди.
Жиззах вилоят ҳокимлиги, Ҳисоб палатаси, вилоят давлат солиқ бошқармаси, молия, прокуратура, марказий банк ва қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган семинарга вилоятнинг барча туманларидан 550 дан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари таклиф этилди.
Семинарни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғанишер Маматқулов бошқариб борди.
Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони асосида тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар, 2019 йилдан солиқ қонунчилигида татбиқ этиладиган янгиликлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган солиқ сиёсатидан кутилаётган самаралар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Олимхон Рустамов, Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффар Пардаев ва бошқалар томонидан аниқ ҳисоб-китоб, факт ва рақамлар асосида таҳлил қилинди.
Таъкидландики, солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан, солиқ ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Қулай рақобат муҳити яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, солиқ юкламасини камайтириш, юртимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадбирда ҳисобот йили якунларига кўра, 1 миллиард сўм маҳсулот айланмасига эга бўлган ёки эга бўлиши кутилаётган барча хўжалик субъектлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтиши, қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ҳисоб-китобларни тақдим этиш ҳамда бюджет билан ўзаро муносабатлар, камерал назорат ва солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш хусусида ҳам фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, 2019 йил солиқ сиёсати концепцияси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, вилоятда 458 та корхона қўшимча қиймат солиғини тўлаш тартибига ўтиши, 2652 та корхона ресурс солиқларини, 13 та якка тадбиркор умумбелгиланган солиқларни, 65 та якка тартибдаги тадбиркор эса ягона солиқ тўловининг тўловчиси сифатида солиқ органларида қайта ҳисобга олиниши керак бўлади.
– Мақсад қўшимча қиймат солиғи кичик бизнесга ҳам жорий этилиши натижасида нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган ҳар бир жараёнда яратилаётган қўшимча қийматга солиқни жорий этиш орқали нархни тўғри шакллантириш, унинг асоссиз равишда ошиб кетмаслигини таъминлашдан иборат, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Ишназаров. – Солиқ органлари томонидан умумбелгиланган солиқ тўловига ўтаётган корхоналарда индивидуал тарзда кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад, давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчиларнинг бизнес ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатида хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айланишига эришишдир.
Мулоқотда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди, зарур ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Айни пайтда бундай тадбир Зарбдор ва Зомин туманлари тадбиркорлари учун ҳам бўлиб ўтмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!