» » Жиззахда тадбиркорларга солиқ органлари томонидан қонунчиликдаги янгиликлар етказилди

Жиззахда тадбиркорларга солиқ органлари томонидан қонунчиликдаги янгиликлар етказилди

08 октябрь 2018 г 3 153 Комментарии: 0

Жиззах шаҳридаги 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўқув семинари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жиззах вилоят ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси маълум қилди.

Қўмита вакилларининг бевосита жойларга чиққан ҳолда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мазмун-моҳиятини солиқ тўловчилар ҳамда солиқ хизмати органлари ходимларига кенг етказиш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида жорий йилнинг 8 сентябридан бошлаб ўқув семинарлари ва амалий учрашувлар ташкил этилмоқда.

Хусусан Давлат солиқ қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирокида Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, раис ўринбосари А.Файзибаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи томондан республикамизнинг бошқа ҳудудларида ана шундай тадбирлар ташкил этилди.

- Ушбу учрашувларда 2019 йил 1 январдан жорий этилаётган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиблари, солиқ ҳисоботларининг қисқариши, давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш чора-тадбирлари, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди, - дейди Жиззах вилоят ДСБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммади Турсунмуродов. 

Бу тадбирлар орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари солиқ қонунчилигидаги янгиликлар, жорий этилаётган имтиёз ва енгилликлар ҳақида ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олиш имконига эга бўлдилар.

"Солиқ органлари – инсофли солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори” мавзуидаги  ўқув семинарида сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони хўжалик субъектлари ва аҳоли даромадларига нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини янада модернизациялаш ва янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятли эканига тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имижини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш вазифасидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар хусусида бирма-бир тушунча берилди.

Семинар давомида солиқ хизмати органлари ходимлари соҳадаги ўзгаришлар, мутахассислар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан интерактив усулда кўргазмали материаллар асосида ўқитилди.

Бу орқали ҳудудий солиқ хизмати органлари ходимлари ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган ҳар бир йўналиш бўйича Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари билан фикр-мулоҳазалар алмашиш имконига эга бўлдилар.

  Жиззах вилоят ДСБ Жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!