Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “BMB AGRO PLUS” корхонаси очилди
27 август 2024 г 329 Комментарии: 0
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган “BMB AGRO PLUS” корхонасининг очилиш маросими ўтказилди.
Очилиш маросимида вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Сарвар Абдуллаев, BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, жамаоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Барчамизга маълумки, қишлоқ хўжалиги йўналиши иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Серқуёш заминимизда етиштирилган мева-сабзавотлар ва полиз маҳсулотлари нафақат юртимизда балки МДҲ ва Европа мамлакатларида ҳам ўз ўрнига эга.
-“BMB HOLDING томонидан ҳолдинг таркибидаги озиқ-овқат ва мева-сабзавот кластерларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, сақлаш ва сотиш (экспорт) жараёнларини кенг тадбиқ этиш мақсадида “BMB Agro Plus” корхонаси, хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки кредит маблағлари асосида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида умумий қиймати 34,6 млн доллар бўлган лойиҳа амалга оширилди,”-дейди BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси Бекзод Маматқулов.
Корхонадаги Бельгия, Австрия, Италия, Туркия ва Хитой давлатларининг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар йилига 40 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш имкониятини беради.
Хусусан, йилига 21 минг тонна маҳсулот бирламчи қайта ишланади, маҳсулотларни қуритиш натижасида 12,5 минг тонна ҳамда 5 минг тонна пюре, джем, томат ва бошқалар учун ҳомашё ишлаб чиқарилади, 50 минг тонна дуккакли маҳсулотлар сараланиб, 1500 тонна маҳсулот шок ва акустика усулда музлатилиши режалаштирилган.
Лойиҳа икки босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда мева-сабзавотларни бирламчи чуқур қайта ишлаш, хусусан, мураббо, консерва, пюре ва паста каби чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қуритиш, иккинчи босқичда эса сублимацион усулда қуритиш линияси, шок ва акустика усулда музлатиш жараёнларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида 400 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.
Мазкур ишга туширилган лойиҳа, Ҳолдинг томонидан ҳудуд аҳолиси учун мустақиллигимизнинг 33 йиллик шодиёнаси арафасида муносиб совға бўлди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!