Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “ЗИРАПЧА”НИНГ УЛКАН ИШЛАРИ
11 октябрь 2024 г 278 Комментарии: 0
Ҳаёт ҳамма вақт ҳам кулиб боқавермайди. Зеро ҳаёт йўли текис эмас. Ўнқир-чўнқирлари, паст-у, баландликлари, баъзан киши ақлини шоширадиган тўсиқлари бор. Қаҳрамонимиз Комила Жўраева ҳар сафар фарзандларини қандай қийинчиликлар билан вояга етказганини ўйласа, бугунги дориламон кунлари учун беҳисоб шукроналар келтиради.
Болаликда ҳамма қатори унинг ҳам орзулари кўп эди.Ўқитувчи бўлишга ҳаваси бор эди. Гоҳо эса ўзини оқ халатли шифокор сифатида тасаввур қиларди. Бироқ ҳаёт синовлари барчасини ўзгартириб юборди. Оила... Фарзандлар тарбияси... Турмуш қийинчиликлари... Ахир етти нафар фарзандни тарбиялаб, оёққа қўйишнинг ўзи бўлмайдику.
Шундай пайтлар ҳам бўлгандики, маҳаллага моддий ёрдам сўраб борганида, қайтариб юборишган. Ўз уйи бўлмагани учун ижарада яшарди. Ижара пулини вақтида тўлолмагани сабабли ўша уйдан чиқариб юборишди. Чорасизликдан йўл четида капа тикиб, болалари билан шу жойда яшади.
Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ, деб бекорга айтишмаган экан. Ана шундай оғир кунларнинг бирида туман Ободонлаштириш бўлими томонидан, “бўлимга қарашли озроқ ташландиқ ер бор, шундан фойдаланасизми”, деган таклиф бўлди. У иккиланиб ўтирмасдан таклифга рози бўлди. Ташландиқ ётган ерга бор меҳрини бериб, меҳнат қилди. Аста-секинлик билан рўзғорини тиклай бошлади. Аммо ҳали ҳам яшаш жойи бўлмагани учун капа унинг бошпанаси бўлиб хизмат қиларди.
Ўша пайтда Зарбдор тумани ҳокими бўлиб ишлаган Ойбек Аширматов келиб, етти фарзандига бош бўлиб, ҳалол ва заҳматли меҳнати ортидан кун кечираётган Комила Жўраеванинг шароити билан яқиндан танишади ва “шу қизга кафил бўламан, ўн миллион сўм кредит маблағи ажратиб беринглар! Тўлай олмаса, ўрнига ўзим тўлайман!”, дейди мутасаддиларга...
Ана шу воқеадан сўнг унинг ҳаётида туб бурилиш юз берди. Омад бир келса кетма-кет келар экан. Туман хотин-қизлар бўлими раҳбари эҳтиёжманд, кам таъминланган аёллар учун алоҳида уй қурилаётгани, унга ҳам икки хонали уй ажратилишини айтганда ишонмаган эди. Орадан кўп вақт ўтмай уйли ҳам бўлди. Ишлари ҳам тобора юришиб, иссиқхона қурди. 30 сотих ерни боғ қилди. Бугун боғида меваларнинг энг сархиллари етиштирилаяпти. Шафтолининг икки-уч, ўрикнинг етти-саккиз, олманинг ўн беш, узумнинг беш хил тури бор.
Энг қувонарлиси, фарзандлари нуфузли олий таълим масканларида илм олаяпти. Ҳалол меҳнати билан топган пулларига учта машина сотиб олди. Илгарилари ўзи маҳалладан моддий ёрдам сўраган бўлса, энди эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик қиляпти. Энг муҳими, у ўз фаолияти давомида ўттиз беш кишини доимий иш билан таъминлади.
Комила Жўраева ўтган йили “Йил аёли” танловининг республика босқичида қатнашиб, “Йилнинг энг жонкуяр аёли” номига муносиб кўрилди.
- Буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятлар самараси, деб биламан, - дейди у ғурур билан. - Мақсадим – халқ фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги учун ҳисса қўшиш, кўплаб иш ўринлари яратишдан иборат.
Бугунги кунда Комила Жўраева Зарбдор туманининг Нуробод маҳалласида истиқомат қилади. “Зирапча” МЧЖ раҳбари. 35 нафар доимий ишчиси бор. Иш ҳажми ва мавсумга қараб улар сони уч-тўрт баробаргача ортади.
Гулга меҳр қўйган Комила хонаки гулларнинг 300, очиқ майдонларга экиладиган гулларнинг 200 хилдан зиёдини етиштиряпти. Бундан ташқари гул, ҳар хил кўкат ва резаворларнинг уруғини қадоқлаб, савдо қилишни йўлга қўйган. Иссиқхоналар сонини эса 3 тага етказди.
Тадбиркор шу билан қаноатланиб қолгани йўқ. Гулчилик, кўчатчиликдан ташқари эндиликда паррандачилик, чорвачилик соҳаларида ҳам ўзини синаб кўряпти. Келгуси йилдан қуруқ меваларни қадоқлаб сотишни йўлга қўймоқчи. 100 миллион сўм кредит асосида яна 5 гектар ер майдони олди...
Демак, тадбиркорлик янада кенгаяди, “Зирапча”нинг ишлари тобора юксалиб бораверади. Шунинг баробарида, яна қанчадан-қанча юртдошларимизнинг рўзғорига барака киради.
Саид Донишев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!