Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Шу кунларга етказганига шукур
08 август 2024 г 453 Комментарии: 0
Бугун етти нафар фарзандимни қандай қийинчиликлар билан вояга етказганимни ўйлаб, дориламон кунларга шукрона айтаман.
Маҳаллага моддий ёрдам сўраб чиққанимда, қайтариб юборишган. Ижарада яшардик. Ижара пулини вақтида тўлолмаганим учун уйдан чиқариб юборди. Чорасизликдан йўл четида капа тикиб яшадик. Кейинроқ тумандаги бир умумий ётоқхонага жойлашдик. Бу ётоқхонадан ҳам чиқариб юборгач, яна сарсон-саргардон бўлдик.
Ўша пайтда «туман ободонлаштириш бўлимига қарашли озроқ ташландиқ ер бор, шундан фойдаланасизми», деган таклиф бўлди. Бу таклифни «жон», деб қабул қилдим. Кичкина иссиқхона қуриб, гул кўчатлари етиштирдим.
Туман ҳокими шароитим билан танишиб, шу қизга кафил бўламан, ўн миллион сўм маблағ ажратиб беринглар, тўлай олмаса, ўрнига ўзим тўлайман, деди. Туман хотин-қизлар бўлими раҳбари эҳтиёжманд, кам таъминланган аёллар учун алоҳида уй қурилаётгани, менга ҳам икки хонали уй ажратилишини айтганда ишонмагандим. Энди ўз уйим бор. Ўша 30 сотих ерни боғ қилдим. Иккита иссиқхона қурдим. Бугун боғимда меваларнинг энг сархилларини етиштиряпман. Икки, уч хил шафтоли, ўрикнинг 7-8 хил, олманинг 15, узумнинг 5 хил тури бор. Фарзандларим нуфузли университетларда ўқияпти. Меҳнатимиз ортидан иккита машина олдик. Олдин ўзим маҳалладан моддий ёрдам сўраган бўлсам, шукрки, энди эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик қиляпман. Ўттиз бешта иш ўрни яратдим.
Ўтган йили «Йил аёли» танловининг республика босқичида қатнашиб, «Йилнинг энг жонкуяр аёли» номига муносиб кўрилдим. Буларнинг барчаси мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятлар самараси, деб биламан. Мақсадим – халқ фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги учун ҳисса қўшиш, кўплаб иш ўринлари яратишдан иборат.
Комила Жўраева,
Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги
«Зирапча» МЧЖ раҳбари.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!