Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » 21 октябрь— Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун!
21 октябрь 2024 г 217 Комментарии: 0
Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир.
Қадим туркий тилимизни илк бор илмий асосда тадқиқ этган буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг: «Эрдам боши тилдур», яъни «Барча эзгуликлар тилдан бошланур», деган сўзларида теран ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, одамзот қалбидаги жамики олижаноб фазилатлар она тилининг бетакрор мўъжизаси, сеҳри ва жозибаси билан камолга етади.
Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.
Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомизнинг: «Тилга эътибор – элга эътибор», деган доно ўгитларига амал қилган ҳолда, юртимизда тил масаласида олиб борилаётган давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган туб ислоҳотларимизга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.
Аслида 1989 йилдан бошлаб 21-октабрни ўзига хос равишда тил байрами сифатида нишонлаб келганмиз, аммо 2020 йилдан эътиборан 21-октабр расман Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.
Wикипедиа маълумотларида ҳам она тилимиз 1989 йил 21-октабр куни 178 мамлакатнинг расмий тиллари қаторига қўшилгани қайд этилган. Бугун ана шу саъй ҳаракатлар натижасида дунёда 60 миллионга яқин (баъзи манбаларда 50 миллион) одам ўзбек тилида сўзлашмоқда.
Давлат тилига эътибор кўрсатишда муҳтарам Президентимиз алоҳида ўрнак кўрсатди. Яъни, 2020 йил БМТ Бош Ассамблеясининг онлайн тарзда ўтказилган 75-сессиясида, 2023 йил бўлиб ўтган 78-сессиясида ҳамда қатор халқаро даражадаги учрашувларда ўзбек тилида нутқ сўзлагани она тилимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширишга хизмат қилди.
Фурсатдан фойдаланиб, миллий ўзлигимиз ва ғуруримиз тимсоли бўлган она тилимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган барча фидойи ватандошларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдираман.
Сизларни Ўзбек тили байрами билан самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, оилангизга қут-барака, тинчлик ва омонлик тилайман.
Она тилимизнинг сўнмас зиёси онгу тафаккуримиз, қалбларимизни ҳамиша ёритиб турсин!
Сарвиноз Рўзиева ,
Дўстлик тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар
самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги
қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш
масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!