Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Яшил макон”: Жиззахда 4 миллион донага яқин кўчат захираси яратилган
25 октябрь 2024 г 208 Комментарии: 0
Айни вақтда кўчат экиш ишларини сифатли ташкил этиш, кўчат захиралари яратиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Кўчат экиш учун ер ажратилиб, суғориш тизимини ташкил этиш бўйича салмоқли ишлар бажарилганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.
Жиззах давлат ўрмон хўжалиги ишчи-хизматчилари томонидан кузги экиш мавсуми учун дарахт ва буталарнинг уруғлари тайёрланиб, кўчатхона ва иссиқхоналарга экилган эди. Бунда асосан шарқ туяси, можевильник, наъматак каби дарахт ва буталарнинг уруғидан кўчат етиштириш ишлари амалга оширилиб, ҳозир бу кўчатлар экишга тайёр ҳолатда эканини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Эътиборлиси, ўрмон хўжалигида лаванда ўсимлиги қаламчасидан ниҳол олиш вилоятимизда илк бор қўлланилиб, шу бугунги кунда ушбу ниҳоллар хўжаликка тегишли иссиқхонада барқ ўриб ўсаётгани қувонарли ҳол, деб ўйлайман.
Шунингдек, кўп сув талаб қилмайдиган дарахат кўчатлари уруғларини тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Ана шу дарахт уруғлари ниҳолхона ва кўчатхоналаримизда белгиланган рацион асосида парвариш қилинмоқда.
Мавсумда яшил майдонлар яратиш ва экиладиган кўчатларни суғориш мақсадида сув тежовчи технологиялар, ёмғирлатиб суғориш жиҳозлари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилади. Боиси, ёмғирлатиб суғориш технологиясида суғориш ишлари тўлиқ автоматик тарзда амалга оширилиб, суғориш меъёрини камайтириш ёки кўпайтириш орқали тупроқнинг намиқиш чуқурлигини эҳтиёжга қараб ўзгартириш мумкин бўлганлиги учун асосий эътиборни томчилатиб суғоришга қаратдик. Қолаверса, ушбу услубда экилган ниҳоллар 90 - 95 фоиз ҳолатда амал олиши кафолатланади.
2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор фаслида вилоятимизда 10 миллион 538 минг туп кўчат экилиб, режа 107,1 фоизга бажарилган эди. Кузги экиш мавсумида ҳам “Долзарб 40 кунлик” эълон қилниб, ана шу вақт давомида 5 миллион 940 минг туп дарахт ва бута кўчати экишни режалаштирганмиз.
Кузги экиш мавсумида Жиззахда илк бор “Open budget” портали орқали ўтказилган “Менинг боғим” лойиҳаси биринчи мавсумида вилоятимиздан ғолиб бўлган 13 та маҳалла ҳудудида боғ яратиш ишлари амалга оширилади.
Ушбу лойиҳага кўра, вилоятимиздаги Бунёдкор, Зилол, Алишер Навоий, Тоқчилик, Мулкуш, Ғалаба, Узун, Мустақиллик, Нуробод, Хонбанди, Совот, Янги бўстон маҳаллаларида янги боғлар барпо этилади. Ана шу лойиҳаларни амалга ошириш учун 2 миллиард 900 миллион сўм маблағ ажратилади. Кузги амалга оширган ана шу савобли ишларимиз самараси 2 - 3 йил ўтиб бўй кўрсатишига ишончим комил.
Булардан ташқари, вилоятимиз маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳам жами 201 та “Маҳалла боғи” ташкил этилади. Жумладан, жорий йил куз мавсумида ҳудудимизда 108 та “Маҳалла боғи” барпо қилишни ҳам режамизга киритганмиз.
Вилоятнинг барча ҳудудлари бўйича 81,3 гектар ер майдони ажратилиб, бу ерларда 16 та “Яшил жамоат парки” барпо этилиши белгиланган. Бу хайрли ишлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Бугунги кунга қадар ана шу ажратилган майдоннинг 34,6 гектарига эрта баҳорда 15 минг 800 туп кўчат экилган ва бу ишларимизни жорий йилнинг кузги экиш мавсумида тўлиқ якунига етказамиз.
Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Зарбдор ва Ғаллаорол туманлари ҳудудида жами 10,2 километр масофада ҳамда атроф муҳитга таъсири юқори бўлган саноат зоналари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудида 119 минг 800 туп дарахт кўчати экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилди. Бу хайрли ишларни куз мавсумида ҳам давом эттиришни назарда тутганмиз.
Вилоятимизда кузги экиш мавсуми учун салкам 4 миллион дона дарахт кўчати захираси яратилди, экиш тадбирини амалга ошириш учун ер майдонларини тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда. Кузги кўчат экиш ишлари тоғли, тоғ олди, марказий ва чўл ҳудудларидаги иқлим тафовутидан келиб чиқиб, босқичма-босқич амалга оширилади.
Эркин ХОЛМАТОВ,
Жиззах вилояти Экология, атроф муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси бошлиғи.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!