Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах шаҳрида ландшафт дизайни қоидалари асосида янги боғ барпо этилади
02 апрель 2019 г 2 868 Комментарии: 0
Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган, шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгараётган бугунги кунда замонавий ландшафт дизайни қоидаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ландшафт архитектураси асрлар давомида боғ-истироҳатчилик санъатининг шаҳарсозлик санъатига уйғунлашиб кетиши кўча ва йўллар ўтказиш, майдонлар ташкил қилиш ва уларга композициялар бериш асосида шаклланган.
Жиззах вилояти ҳокимлиги бош майдонида бунёд этилаётган ландшафт боғ ҳам фикримизга исбот бўла олади.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30–31 январь кунлари Жиззах вилоятига қилган ташрифи чоғида вилоят марказини замонавий кўринишга келтириш бўйича бир қатор муҳим топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқ юзасидан Жиззах вилояти ҳокимлигининг бош биноси майдонида бунёд этилаётган истироҳат ва дам олиш маскани тамомила ўзгача, жаҳон андозаларига мос равишда бўлади.
Мазкур қурилиш ва бунёдкорлик ишлари Корея Республикаси, Қозоғистон ва Ўзбекистон қўшма корхонаси «Bogo Engineering» МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
— Мазкур лойиҳа устида жуда кўп бош қотирдик. Жаҳон андозалари асосида бунёд этилиши мўлжалланаётган дам олиш маскани бошқа истироҳат ва дам олиш марказларидан дизайни билан фарқ қилади. Гап шундаки, ҳудуд ёрқин ранглар асосида йилнинг тўрт фаслини намоён этади. Боғ йилнинг тўрт фаслида ҳам гуллаб яшнаб туради. Бунинг учун дунёнинг турли бурчакларидан баҳор, ёз, куз ва қиш ойларида гулга кирадиган анвойи дарахт ва кўчатлар келтирилади. Фавворалар ва велойўлакчалар билан бир қаторда майдон марказига 14Х7 метр ўлчамдаги, устуни 60 метр бўлган байроқ ҳам ўрнатилади. Машҳур архитекторлар маслаҳати билан яратилган лойиҳага асосан боғ ҳудудини ер ости фавворалари, ёритиш мосламалари билан жиҳозланган ўриндиқлар эгаллайди, йўлаклар эса фосфорли тошлар акс эттирилган нақшли безаклар билан безатилади. Майдондаги вилоят ҳокимлигининг биноси ҳам янгича услубда таъмирланиб энг сўнгги русумдаги техник жихозлар билан таъминланади, — дейди «Bogo Engineering» МЧЖ раҳбари Шерзод Абдисатторов.
Боғга келтириладиган гул ва дарахт кўчатлари ўзига хос шакли, турлича япроқлари, гули билан бир биридан фарқланади. Табиийки савол туғилади: бу манзарали ўсимликлар бизнинг иқлим шароитимизга мослашадами?
— Хорижий мамлакатлардан келтириладиган наботот хиллари аввало юртимиз иқлим шароитига мослаштирилади. Бу борада хорижлик ҳамкасбларимиз бизга яқиндан кўмакчи бўлишади. Ҳаво, тупроқ, сув, ўғит – ҳаммасидан ўрни ва меъёрида фойдаланиш ҳар қандай ўсимликнинг «тили»ни топишда қўл келади. Биз томондан ишлаб чиқилган лойиҳада буларнинг барчаси кўзда тутилган. Ландшафт дизайнининг замонавий намуналарини ўзида акс эттирадиган боғ юртимизда ягона боғ бўлишига шубҳамиз йўқ, — дейди Шерзод Абдисатторов
Таъкидлаш жоиз, боғда қурилиш ва монтаж ишлари жадаллик билан амалга ошириляпти. Айни кунларда таъмирлаш ишларига 150дан зиёд қурувчилар жалб этилган. Боғ аҳолининг, энг аввало ёшларнинг жаҳон стандартлари даражасидаги юқори сифатли, маданий-дам олиш хизматларига бўлган талабини таъминлашга қаратилади. Лойиҳани амалга ошириш сифатли маданий ҳордиқ чиқаришни ташкил этиш ва одамларнинг бўш вақтлари мазмунли ўтказилишини таъминлайди, қолаверса, Жиззах шаҳрининг туристик жозибадорлигини оширади.
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Манба:Kun.uz сайти
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!