Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ички ишлар вазири ўринбосари Жиззахга нима сабабдан ташриф буюрди?
03 апрель 2019 г 2 205 Комментарии: 0
Сўнгги икки йил мамлакатимизда кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни кучайтириш даври бўлди.
Чунончи, Президентимизнинг давлат идораларининг халқ хизматида бўлишга оид талаби асосида "Обод қишлоқ”, "Обод маҳалла”, "Илғор ҳудуд” каби дастурлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Шунингдек, секторлар жойларда фуқароларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларни ҳал этишнинг самарали тизимига айланиб бораётир. Уюштирилаётган сайёр қабуллар ҳам эл дардига дармон бўлаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарларининг оммавий сайёр қабулларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи асосида айни кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар уюштирилмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Шавкат Мавлянов ҳамда вазирлик ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шуҳрат Рафиковлар вилоятимиздаги шаҳар ва туманларида аҳоли билан мулоқотлар ўтказмоқда. Хусусан, Янгиобод туманида уюштирилган оммавий сайёр қабулда вилоят ва туман ҳокимликлари, бошқарма, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этдилар.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борган сайёр қабулда кредит ва даволаниш учун моддий ёрдам олиш, иш жойлаштириш, мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш, мавжудларини таъмирлаш, ичимлик суви, оқова сув ҳамда электр таъминотини яхшилаш, автобекат қуриш, йўлларни таъмирлаш, уй-жой кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, спорт зали қуриш, иш ҳақини ундириш каби 30 га яқин масалалар кўтарилди. Фуқаролар томонидан билдирилган муаммо ва камчиликларни қисқа муддатларда ҳал этиш юзасидан тегишли идоралар вакилларига топшириқлар берилди.
Зомин туманида ўтказилган оммавий сайёр қабулда эса сув таъминотини яхшилаш, намунали лойиҳа асосида қурилган уйлардаги камчиликларни баратараф этиш, йўл белгилари ўрнатиш, автотранспортлар тезлигини чеклаш, аҳоли чорваси учун яйлов ажратиш, корхоналар ўртасидаги молиявий муаммоларни ҳал этиш, ишга тикланиш, йўллар қуриш, сув таъминотини яхшилаш каби масалалар кўриб чиқилди. Тадбирда муаммолар ечимини топиш юзасидан масъул идоралар вакилларига аниқ вазифалар юкланиб, ҳал этиш муддатлари белгиланди.
Худди шундай тадбирлар Зарбдор ва Шароф Рашидов туманларида ҳам бўлиб ўтди. Фуқаролар ички ишлар вазирлиги масъулларига бандликни таъминлаш, болалар ҳамда ногиронларга қараганлик учун нафақа тайинлаш, тураржой ва йўллар таъмири, тадбиркорлик учун кредит олиш, меросни бўлиш, жиноий жазони енгиллаштириш, сизот сувларни тортувчи зовурларни чуқурлаштириш, фарзандларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, маҳаллада профилактика инспектори фаолиятини йўлга қўйиш каби масалалар тилга олишди.
Ички ишлар вазирлиги масъулларининг вилоятимиздаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммо ва камчиликларини ҳал қилишга қаратилган бу каби тадбирлар кўлами кенгайиб, сифати ортиб бораётгани мамлакатимизда инсон омили тобора устувор аҳамият касб этаётганидан даракдир.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!