» » Пахтакор туманида томарқадан  унумли фойдаланилмоқдами?

Пахтакор туманида томарқадан  унумли фойдаланилмоқдами?

04 апрель 2019 г 1 577 Комментарии: 0

Пахтакор туманидаги «Дилором» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи кўплаб хонадонларда лимон етиштирилаяпти, цитрус мевали дарахтлардан хуштаъм ҳосил олинаяпти, деб эшитганимда тўғриси унча ишонмагандим. Рустам Қўнишевнинг иссиқхонасини кўриб ҳайратимиз ошди. Ҳар тупида 10-15 тадан ҳосил шоналари, ундан таралаётган нафис ифор баҳри дилимизни очди.

– Кўплаб юртдошларимизнинг иссиқхонада етиштираётган маҳсулотларини кўриб, оила аъзоларимизда қизиқиш уйғонди. Шу боисдан Пахтакор тумани шароитида лимон етиштириш киришдик,– дейди Рустам ака. – 2010 йил “Микрокридитбанк” нинг туман бўлимидан 15 миллион имтиёзли кредит олиб, 8 сотих ерда иссиқхона барпо этик. "Мир" навли серҳосил цитрус кўчатлар олиб келиб, ниҳолларни парваришлаш, ҳосилдорликни ошириш агротехникасини обдон ўргандик. Кўчатларни "шарбат" усулида суғордик. Учинчи йили мевалар ҳосилга кира бошлади. Натижада, оила аъзоларимнинг иссиқхонага қизиқиши ортди. Ҳозирда иссиқхонани 11,5 сотихга етказдик.   

Хонадон эгалари ҳар йили лимон кўчатлари орасидан уч марта ҳосил олишга эришмоқда. Томарқадан топаётган даромадлари оила иқтисодини анча яхшилади. Яхши ниятлар билан тўйлар қилди. Фарзандларини олий таълим масканларида билим олмоқда. «Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик» деган нақлга амал қилиб, йилдан йилга ҳосилдорликни ошириб келмоқда. Жумладан, ўтган йили иссиқхонадаги 88 туп лимон кўчатларидан 1,5 тона маҳсулот, оралиқ экинларига памидор, бодринг, редиска экиб, аҳоли дастурхонига тортиқ этди. Натижада, 80 миллион сўм даромад олишди. Жорий йилда хонадон эгалари 100 миллион сўм даромад олишни кўзлашган.

– Меҳнат қилган одамга томорқа бамисоли хазина, – дейди суҳбатдошим. – Фарзандларим 15 сотих боғда олма, ўрик, анжир, гилос, бодом қолаверса иссиқхонадаги лимон дарахтлари парваришидан чарчашмайди. Ҳам меҳнат қилади, ҳам дам олади. Томорқада ишлашнинг даромаддан ташқари тарбиявий аҳамияти ҳам катта. Фарзандларимиз меҳнатга меҳр қўйиб, уқувли бўлиб вояга етмоқда. Меҳнат билан топилган неъматнинг қадрига етадиган инсонлар бўлиб улғаймоқда. 

Лимон дарахти хона ва ҳовлиларга кўрк берибгина қолмасдан, ҳавони тозаловчи муҳим восита ҳамдир. Нафис гуллари асабни тинчлантириш, кўнгил айнишининг олдини олиш билан бирга инсон кайфиятини кўтаради. Шундай экан она еримизнинг унумдор тупроқларидан самарали фойдаланиб, оиламиз қолаверса Ватанимиз иқтисодини яхшилашга ҳисса қўшиш барчамизнинг бугунги кундаги вазифамиз. Ана шундай улуғвор ишларда оила аъзоларимизнинг меҳнати ҳам борлигидан қувонаман дейди, суҳбатдошимиз.

Хонадон эгаларининг нигоҳидаги хотиржамлик, бугунгидан эртанги кунга бўлган ишончни кўриб, ҳавасингиз келади. Зеро, Юртбошимизнинг 2019 йил 20 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Рустам ака Қўнишев сингари ер эгаларини руҳлантирди. Бугун томарқасидан барака ундириб, бахт топаётган маҳалладошлар сафи кенгайиб бораётгани бунга мисол бўла олади.

Зоир ЭРГАШЕВ.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!