Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “Сардорлар беш ташаббусни қўллаб-қувватлайди” тарғибот акцияси ўтказилди
08 апрель 2019 г 2 895 Комментарии: 0
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда вилоят “Камалак” болалар ташкилоти ташаббуси билан “Сардорлар беш ташаббусни қўллаб-қувватлайди” тарғибот акцияси ташкил этилди. Унда туман (шаҳар) сардорлар Кенгаши аъзолари, мактаб сардорлари ва ёшлар етакчилари иштирок этди.
Тарғибот акцияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 мартдаги видеоселекторида илгари сурган бешта муҳим ташаббусни сардорлар ва ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унда илгари сурилган устувор масалаларни амалга оширишда ёшлар иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Тарғибот акцияси аввалида Республика сардорлари, ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг сардорлар масаласи бўйича маслаҳатчиси билан туман (шаҳар) сардорларининг очиқ мулоқоти ташкил этилди. Унда сардорлар фаолият юзасидан фикрлашиб, бешта ташаббус тарғиботига қаратилган лойиҳаларни режалаштирди.
Очиқ мулоқотдан сўнг Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳиёбонида тарғибот акциясининг асосий лойиҳалари бошланди. тантанали очилиш маросимида ёшлар иттифоқи вилоят Сардорлар Кенгаши аъзолари бешта ташаббус мазмун-моҳияти акс этган саҳна кўринишини намойиш этдилар.
— Бешта муҳим ташаббусни ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, уларни бола тилидан сардорларга тушунтириш ва бу жараёнда сардорлар иштирокини таъминлашга қаратилган тарғибот акциямизда 500 нафардан ортиқ вилоят, туман (шаҳар) ва мактаб сардорлари иштирок этди, — дейди вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Шоҳида Даманова. — Ҳар бир ташаббус тарғиботида сардорларнинг фаол иштироки, саволларга берилган жавоблар ўқувчиларимизнинг билим ва салоҳияти, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ эмаслигини кўрсатди.
Бешта ташаббус номи акс этган бекатларда сардорлар ҳар бир ташаббус бўйича тузилган саволлар, белгиланган вазифаларни бажариб, “китоб” сўзи яширинган житонларни йиғишди. Биринчи бекатда ёшларни мусиқа, рассомчилик, театр ва санъатга жалб этиш борасидаги шартлар, иккинчи бекатда спортни ривожлантириш, учинчи бекатда ёшлар ўртасида интернет ва компьютер технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, тўртинчи бекатда китобхонликка жалб этиш ва бешинчи бекатда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасидаги шартлар бўлиб ўтди. Барча бекатлардаги шартларни аъло даражада бажарган сардорлар жамланиб, уларга бадиий адабиётлар тақдим этилди.
Бадиий адабиётлардан тузилган викторина бошланишидан олдин майдонга “Камалак кўчма кутубхонаси” олиб кирилди. Викторина саволларига жавоб топган ўқувчиларга ҳам китоблар тақдим этилди.
— Ҳар бир бекат шартларидан муваффиқятли ўтиб, китоб сўзини жамлаган тенгдошларим орасида мен ҳам “Камалак” болалар ташкилотининг китоблари билан тақдирландим, — дейди Жиззах шаҳридаги “Умид” иқтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби сардори Мадина Намозова. — Бешта ташаббусни қизиқарли шартлар ва ноанъанавий бекатлар орқали тарғиб қилингани ушбу ташаббуснинг мазмун-моҳиятини тўла англашимизга ёрдам берди.
Ёшлар иштирокидаги концерт дастури, тасвиирй ва амалий санъат кўргазмалари, миллий спорт турлари акс этган кўргазмали чиқишлар сардорларда катта таассурот қолдирди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!