Жиззах вилояти ҳокимлиги » Ёшлар сиёсати » Форишликлар Мирзачўлдан кам бўлмаган маскан бунёд этишмоқчи (Фото)
19 апрель 2019 г 2 796 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 январдаги Фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасини амалга ошириш бошлаб юборилди. Лойиҳанинг асосий мақсади, ҳудудни жадал ривожлантириш, хусусан аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини оширишдан иборатдир. Ҳозирда ташкил этилганига 84 йил бўлган Фориш туман марказида кенг кўламдаги ободонлаштириш, архитектура қиёфасини ўзгартириш ишлари бошланади.
78 ёшли Тамара Бурхоновани Форишликлар энг кекса тадбиркорлардан бири сифатида танишади. У Боғдон шаҳарчасида жойлашган "Фориш туман коммунал фойдаланиш” МЧЖ раиси. Мустақилликнинг илк йилларида хусусийлаштириш жараёнларида қатор нотурар объектлар эгаси сифатида мулкдорга айланди. 1936 йилда қурилган савдо дўкони эгаси бўлгач, кўп йиллар мобайнида аҳолига малакали савдо ва коммунал хизматлар кўрсатиб келди.
Туман марказида амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларида 80 йил олдин қурилган кўплаб бинолар қатори унинг ҳам мулки бузилиб, ўрнида замонавий савдо маркази бунёд этиладиган бўлди. Кекса тадбиркор 2 қаватли мажмуани ишга туширгач, 30 дан ортиқ фуқароларни янги иш ўринлари билан таъминлашни режалаштирган.
Бугунги кунда ободонлаштирилиши зарур 92 та объект туман бош режасига киритилган. Шундан 58 таси мавжуд бинолар бўлиб, улар реконструкция қилинади. Яна 34 таси эса янгидан қурилади. Туман марказидаги Амир Темур кўчасини замонавий кўркам қиёфага келтириш борасида мингга яқин фуқаро, қатор махсус техника воситалари жалб этилиб, эски биноларни бузишга киришган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси кўмаги билан бошланган туман марказининг қиёфасини замонавий кўринишга келтириш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса туман раҳбарияти ва масъул идоралар вакиллари фуқаролар ҳамда тадбиркорларга бу ҳаракатларнинг ижобий томонлари юзасидан зарур тушунчалар бериб бордилар. Натижада Тамара Бурхонова сингари 50 га яқин тадбиркорлар бунёдкорлик ишларига онгли муносабатда бўлиб, ўз туманларининг замонавий қиёфага эга бўлишидан манфаатдор эканликларини таъкидлашмоқда. Ҳозирда таъмирлаш ишлари нафақат янги қурилаётган биноларда балки ижтимоий соҳа объектларида, кўп қаватли уй жойларда ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, "Илғор худуд” лойиҳаси доирасида 2 та МТМ, туман тиббиёт бирлашмаси, иккита мактабнинг лойиҳа сметалари тасдиқланиб, биноларнинг ички қисмларини пардозлаш ва таъмирлаш ишларига киришилди. Ичимлик суви муаммоси ҳам бартараф этилиш арафасида. Қолган муаммолар эса ҳомийлар кўмагида ечилмоқда.
Ҳакимжон Фозилов - Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати раҳбари
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!