Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилоят “Камалак” болалар ташкилоти донорлик акцияси ташкил этди
01 июнь 2019 г 1 961 Комментарии: 0
Боланинг бегонаси бўлмайди.
Бу мурғак қалбнинг шодон кулгуси учун дунёни бахшида этсанг арзийди. Ҳар бир ота-она фарзандининг соғлом, бақувват бўлишини, ҳеч кимдан кам бўлмаслигини, яхши ўқиб, комил инсон бўлишини хоҳлайди.
Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи.
Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта, донорлар кўмагига муҳтож.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти вилоят қон қуйиш станциясида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида донорлик акциясини айни шу мақсадда ташкил этди.
1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган донорлик акциясида вилоятнинг фаол ёшлари, кўнгилли ёшлар ва савобталаб юртдошларимиз иштирок этди.
Мутухассисларнинг фикрича, ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи беғараз донорлардир. Бугун бутун аҳолининг 0,4 фоизигина қон топширади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4 фоизни ташкил қилади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса донорлар аҳоли сонининг камида – 1 фоизни ташкил этиши лозимлиги белгилаган.
— Байрам арафасида болажонлар учун донорлик акциясида иштирок этиб, қон топширдик, — дейди ёшлар ититфоқи Жиззах вилоят Кенгаши бош мутахассиси Шерали Қобилов. — Бугун биз топширган қон қайсидир боланинг ҳаёти учун керакли бўлса, биз бундан хурсанд бўламиз. Акцияда иштирок этиб, донорлик саломатлик учун хавф туғдирмаслигини билиб олдик.
Шоҳида Даманова
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!