Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда уч авлод учрашуви ўтказилди
04 июнь 2019 г 2 267 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг "Ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги фармойиши асосида вилоят ички ишлар бошқармасида уч авлод учрашуви ташкил этилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси, Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими шахсий таркиби ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида уюштирилган йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Ички ишлар вазирлиги кадрлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Илҳом Назаров, Ички ишлар вазирлиги фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги генерал-майор Раим Каримов ва бошқалар сўзга чиқди.
Нотиқлар сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани аҳолига ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган, профессионал тизимга айлантиришга қаратилган чора-тадбирларга тўхталиб ўтдилар.
Шунингдек, ички ишлар органларини халққа яқинлаштиришга халақит бераётган, тизим нуфузига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар тилга олинди. Яъни, тамагирлик, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, йўл-транспорт ҳодисалари содир этиш билан боғлиқ мисоллар келтириб ўтилди. Соҳада қонунлар ва тартиб-интизомга қатъий амал қилиш, муомала маданиятини юксалтириш, аҳоли муаммоларига қонун доирасида ечим топиш, ҳуқуқбузарликлар ва инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка оид тавсиялар берилди.
Худди шундай ички ишлар органлари шаънига доғ туширишга мойил ходимлардан воз кечиш, тарбиявий тадбирлар сифатини ошириш, маънавий-руҳий муҳитни яхшилаш ва бу йўналишларда тизим раҳбарлари масълиятини кучайтириш каби масалалар ҳам йиғилганлар эътиборида бўлди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш ва самарали ечим топиш бўйича қатор мулоҳазалар билдирилди.
Йиғилишда тизим нуфузи кўп жиҳатдан аҳоли билан юзма-юз ишловчи профилактика инспекторлари ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларига боғлиқ эканлиги билдирилар экан, ушбу хизматлар вакилларининг ҳуқуқий ва соҳага оид билимларини ошириш, муомала маданиятини юксалтириш доимий диққатга молик масала бўлиб қолажаги билдирилди. Лўнда қилиб айтганда, ички ишлар органлари бугун халқ ишонадиган, суянадиган, муаммоларини ҳал этадиган тизимга айлананиши шарт. Тадбир давомида мавзуга оид "Озодлик қадри” фильми намойиш қилинди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларидаги ички ишлар бўлимлари ҳамда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шахсий таркиби иштирокида ҳам уюштирилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!