Жиззахда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 102 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.Шароф Рашидовнинг Жиззах шаҳридаги ҳайкали пойига Жиззах шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, олий ва ўрта махсус ҳамда халқ таълими тизимидаги муассасалар вакиллари, фахрийлар томонидан гулчамбарлар қўйилди.
Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси Сайёра Рашидова, қариндошлари, музей илмий ходимлари, фахрийлар томонидан улуғ инсоннинг Ватанимиз олдидаги хизматлари ёдга олинди.
– Президентимиз ташаббуси билан йигирманчи асрнинг буюк давлат ва жамоат арбоби Ш.Рашидовнинг ҳаёт ва фаолияти чуқур ўрганилмоқда, – дейди Жиззах шаҳридаги 10-умумтаълим мактаби директори Тўлқин Юнусов. – Бу инсоннинг Ватанимиз олдидаги хизматларини ёдга олиш, юртимиз улуғ инсонларининг ибратли ҳаёт йўли ва фаолиятини ўрганиш халқимизни, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилаётир. Бу зот яна Ватанимиз тарихидан, халқимиз қалбидан мустаҳкам жой олмоқда.
Шароф Рашидов таваллудининг 102 йиллигига бағишланган маърифий-маданий тадбирлар вилоятдаги бошқа таълим муассасаларида ҳам ташкил этилди.