Жиззах вилоятидаги Мудофаа вазирлигига қарашли “Фориш” тоғ дала-ўқув майдонида 2019 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Қуролли Кучлари миқёсидаги анъанавий “Энг илғор мутахассис” кўрик-танловининг мамлакат босқичига старт берилди.
Ушбу нуфузли мусобақада Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий округ ва бўлинмалар билан бир қаторда Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўзаро куч, салоҳият ва касбий маҳоратини синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Таъкидлаш керакки, ҳудудий босқичларда ўз мутахассислиги бўйича ғолибликни қўлга киритган танлов иштирокчилари “Энг илғор ҳарбий қисм командири”, “Энг илғор батальон командири”, “Энг илғор взвод командири”, “Энг илғор гуруҳ командири” ва “Энг илғор сержант” номинациялари бўйича баҳслашмоқда.
“Мен ғолиб!” шиори остида ўтказилаётган мазкур мусобақанинг дастлабки кунида ҳарбий хизматчилар жисмоний тайёргарлик ҳамда отиш тайёргарлиги бўйича белгиланган меъёрларни муваффақиятли бажарди. Қисқа вақт ичида автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, ўқдонни ўқ билан тўлдириш ва бўшатиш, нишонларга ўқ отиш, граната улоқтириш каби топшириқлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, турникда тортилиш, 100 метр ва 3 километр масофага югуриш мусобақаларида жамоадошлар бир-бирини олқишлаб, қўллаб-қувватлаб турди. Айтиш мумкинки, бу борада командирлар ўзига хос намуна кўрсатмоқда.
Мудофаа вазирлиги томонидан тайинланган масъул офицерлардан иборат ҳакамлар ҳайъати ҳарбий хизматчиларнинг ҳар бир ҳаракатини холисона баҳолаб бормоқда. Ҳали олдинда ҳарбий топография, техник ва тактик тайёргарлик бўйича белгиланган амалий топшириқлар, тест синови, ўқув фильми ва рефератлар намойиши адо этилади.
Эслатиб ўтамиз, “Энг илғор мутахассис” кўрик-танлови 2004 йилдан буён ўтказилиб келинади ва ғолиблар 14-январь – Ватан ҳимоячилари кунида тақдирланади ҳамда уларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.
Танловнинг мамлакат босқичи жорий йилнинг 22 ноябрига қадар давом этади
скачать dle 12.0