» » Бир кунда Зарбдор ва Янгиободда Давлат хизматлари марказлари янги бинода иш бошлади

Бир кунда Зарбдор ва Янгиободда Давлат хизматлари марказлари янги бинода иш бошлади

13 декабрь 2019 г 2 216 Комментарии: 0

Бугун Зарбдор ва Янгиобод туманларида замонавий давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди.

Жиззах вилоятида ҳам аҳолининг сифатли давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида навбати билан жойларда аҳоли учун давлат хизматлари марказлари қуриб фойдаланишга топширилмоқда.

Ўтган 2019 йилнинг 30-31 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида  биринчилардан бўлиб Мирзачўл туманида, Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида эса Дўстлик туманида барча қулайликларга эга Давлат хизматлари марказлари биноси фойдаланишга топширилган эди.

- Ушбу давлат хизматлари марказлари бинолари барча учун қулай ҳудудда, замонавий архитектура ва меъморий дизайнга асосланган ҳолда қурилди,  - дейди Адлия вазирлиги ДХА Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Б.Умурзаков. – Зарбдор туман ДХМ биноси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Шу муносабат билан ушбу бинода вазирликнинг “Рақамли технологиялар” ўқув маркази ҳам жойлашган. Марказга кираверишда ходимларимиз хушкайфият билан фуқароларни давлат хизматлари соҳасидаги мурожаатини ўрганиб, тегишли ойналарга йўналтиради. Электрон навбат, инфокиоск, кутиш зали, болалар майдончаси ташкил этилган. Деворлардаги мониторларда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар намойиш этилади.

Маълумот ўрнида: Зарбдор тумани Давлат хизматлари маркази орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2019 йилнинг ўтган даврида 17248 та хизмат кўрсатилди. Янги бинода аҳолига хизмат кўрсатиш сифати янада ошиб, бу кўрсатгичлар сони икки баробарга ошиши кўзда тутилган.

Шу қаторда марказ ичида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси - зарур шароитлар яратилган ҳолда марказ биносида ўз фаолиятини бошлади. Бундан кўриниб турибдики мурожаатчилар бир вақтнинг ўзида ҳам давлат хизматлари, ҳам ўз фаолиятларида дуч келаётган  муаммолари юзасидан ваколатли органга мурожаат қилишлари мумкин.

Марказ биносида Инвесторлар билан музокара олиб бориш хонаси, фуқаролик паспортини алмаштириш, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини  алмаштириш, ФҲДЁ бўлими, адлия бўлими, нотариус хизматлари йўлга қўйилмоқда. Ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида банкомат, тўлов кассаси узлуксиз ишлаши таъминланади.

Тантанали тадбирда тизимдаги самарали меҳнатлари учун бир нечта туман ФҲДЁ мудираларига мартаба даражалари топширилди. Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар марказда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шу куни Янгиобод тумани ДХМнинг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. 

Янгиобод – Жиззах вилоятининг энг чекка чегара туманларидан бири ҳисобланади. Туманда 27 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу кунгача туман аҳолисига 6200 та давлат хизматлари кўрсатилган. Йил бошидан бери 313 та тадбиркор, 5 та хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган.

Тадбирда сўз олганлар “Обод марказ” лойиҳаси доирасида туман марказида қурилиши тугалланган объектлар фойдаланишга топширилаётгани, шу қаторда янги давлат хизматлари маркази биноси ҳам туман кўркига-кўрк қўшганлиги хусусида гапирдилар.

Тантанали маросим якунида меҳмонлар марказ биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти

бошқармаси Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!