» » Дунёда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид бу?

Дунёда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид бу?

31 январь 2020 г 2 349 Комментарии: 0

Экстремизм инсоният билан бирга ХХI асрга кириб келган, энг хавфли ижтимоий иллатлардан биридир.

Диний рангбарангликни рад этиши билан мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка раҳна солишига,   ақидапарастлар нафақат ижтимоий ҳаётнинг сиёсий, иқтисодий ёки маданий соҳаларига зарар етказиши, балки жамиятга оммавий тарзда психологик босим ўтказиб, энг мудҳиш оқибатларга олиб келишига ҳамда динни сиёсийлаштириш ва сохталаштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олишда барчамизнинг олдимизда турган ҳаётий муҳим масалалардан биридир.

Юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти каттадир.

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва нотинчликни бошидан ўтказмоқда. 

Экстремизм дунёдаги деярли барча мамлакатларда шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига таҳдид солмоқда. Албатта, бу жараёнлар барчамизни огоҳликка чақиради. Боиси, тинчлик бўлмаган жойда тараққиётга йўл йўқ.

Жамиятда қабул қилинган қадриятлар ва меъёрларга зид қарашларни илгари суриш, кескин қарашлар ва чораларга мойиллик экстремизмнинг асосий хусусияти ҳисобланади.

Экстремистик ташкилотларга янги аъзоларнинг қўшилиши, кўпинча, динга киритиш, қабул қилишдек шаклу-шамойил касб этади ҳамда бир қанча танлов ва синов босқичларини ўз ичига олади.

Экстремистик ҳаракатларнинг энг қуйи табақаси кўпинча сиёсий тусга эга бўлмаган, майда зўрлик ва жиноятлар содир этадиган унсурлар билан боғлиқ бўлади.

Бундай зўрликнинг сиёсийлаштирилиши терроризм томон қўйилган биринчи қадам бўлади. Ўз доирасига янги кимсаларни тортар экан, экстремистик гуруҳ ёки унинг раҳбарияти сўзсиз бўйсунишни ва “иш”га мутаассибона садоқатни талаб қилади. Кейинроқ эса ёлланувчилар “ҳамма нарсани билувчи” ва уларга йўлбошчилик қилувчи сарбонга дуч келадилар.

Ҳозирги даврда энг аввало ахборот чегараларининг барҳам топишида ўзлигини намоён қилаётган глобаллашув шароитида ва бир пайтлар халқаро муносабатлар мазмунини белгилаган икки қарама-қарши куч – социализм ва капитализм ўртасидаги ўзаро курашнинг барҳам топиши натижасида экстремизм ва ундан ўсиб чиққан терроризм мамлакатлар, минтақалар ва умуман дунё хавфсизлигига асосий таҳдид сифатида биринчи ўринга чиқди.

Қўпорувчилик фаолиятининг турли кўринишларини ўз ичига олган инфраструктурани шакллантирган ва ривожлантирган мазкур икки дунёқараш ўртасидаги кураш ҳозирда турли хил кучларни бирлаштирган кўп қутбли дунёнинг мазкур инфраструктурага қарши курашидек шакл-шамойил касб этмоқда.

Бугун экстремизм анархизм ва фашизмнинг архаик шакллари билан қоришмаси ҳисобланган ва омманинг кенг қатламлари билан боғловчи халқа сифатида ислом шиорларидан усталик билан фойдаланадиган, аслида эса халқ билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини моҳирона яшира оладиган ҳолат касб этди.

Ўз вақтида, ХХ асрнинг 70-йилларида, экстремистлар халқ билан биргаликни кўрсатиш ва унинг номидан ҳаракат қилиш учун коммунизм шиорлари остида фаолият юритиши ва шу йўл билан маблағ тўплаши қулайроқ эди.

Экстремистик тузилмаларнинг асосий мақсади аслида жамиятни қўрқув ва ваҳимада тутиб туриш ва шу йўл билан омма онгида ноиложлик, эртанги кунга ишончсизлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган эди. Бу эса ўз навбатида ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида барқарорликка эришишни ва жамият тараққиётини жиддий қийинлаштирар эди.

Шуниси диққатга сазоворки, экстремистик руҳдаги тузилмаларнинг ҳеч бири бирор бир шаклда ўзлари жар солаётган, ўзлари «интилаётган» жамият қурилиши моделини таклиф этолмайди.

Шуни ҳам тан олиш керакки, оммавий ахборот воситаларининг ривожи ва ахборот омили таъсирининг кучайиши бугунги кунда экстремизм ва терроризмнинг ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган даражада кўзга ташланадиган ижтимоий ҳодисага айланишига олиб келди.

Хусусан, наркобизнесдан келадиган фойдага ва сохта инқилобийликни қўллаб-қувватлашга қаратилган социалистик тузум ёрдамига таяниб, ХХ асрнинг 70-йилларида лотинамерикалик экстремистлар кўплаб террорчилик ҳаракатларини содир этган бўлсалар ҳам, оммавий ахборот воситаларининг ўша пайтдаги ривожланганлик даражаси уларга глобал миқёсга чиқиш имконини бермаган эди. Бундай вазиятда Лотин Америкаси экстремизми минтақавий даражадан ташқарига чиқа олмаган.

Экстремизм ва терроризм оммавий ахборот воситалари орқали ёритилмас экан кўзланган «самарани» бермайди. Шу маънода улар ўзаро боғлиқдир.

Террорчилик хуружи оммавий ахборот воситаларида қанчалик кенг ёритилса ушбу ҳаракатни содир этишдан кутиладиган натижа шунчалик бевосита ва юқори бўлади.

Бу эса, у ёки бу ҳаракатни ўтказишдан кўзланадиган асосий мақсад ҳисобланади. Ахборот майдони ривожланиб, тобора тўйиниб бораётган, аммо уни етказишда ҳам мазмунан, ҳам шаклан, ўзибўларчилик устуворлик қилаётган ҳозирги даврда ОАВ экстремизм ва терроризм қўлидаги кучли қуролга айланиб қолмоқда.

Тўғри, ОАВ ўз ҳолича террорчилик хуружининг «самарадорлигини» англаган ҳолда ташкил этадиган тизим ҳисобланмайди. Аммо аксарият ҳолларда бунга кўмаклашмоқда, дейиш мумкин.

Шу билан биргаликда, бугунги кунда террорчилик услублари ҳам анча кенгайганини таъкидлаш зарур. 1970 йилларда бирор шахс ёки сиёсий арбобга қарши уюштирилган террор амалиёти кўпроқ учраган бўлса, ҳозирда жамоат жойларида, самолёт, автобус, поездларда портлашларни содир этиш орқали кўплаб тасодифий кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келадиган қўпорувчиликни амалга оширишга эътибор берилмоқда.

Бундай ҳаракатлар биринчи навбатда нобуд бўлганлардан кўра, унинг гувоҳларига қаратилгандир. Шунинг учун ҳам, ОАВ террорчиларнинг ўз мақсадларига эришишларида асосий қуролга айланиб бормоқда.

Шундай экан, хушёр бўлишимиз, лоқайдликка берилмаслигимиз керак бўлади, чунки Ватан, миллат, имон-эътиқод муқаддас тушунчалардир.

Уни хеч нарсага алмаштириб бўлмайди. Миссионерлик ва терроризм мамлакатимиз аҳолиси тинчлиги ва осойишталиги учун тахдид эканини чуқур англаш, унинг олдини олиш ҳамда қарши кураш бўйича тизимли ва тадрижий ишларни олиб бориш ҳар бир фуқаронинг миллат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи ҳисобланади.

Мустақил тадқиқотчи 

Э.Исматов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!