» » Жиззахдаги чорвачилик кластери “Jizzax Organiс”да пресс-тур ўтказилди

Жиззахдаги чорвачилик кластери “Jizzax Organiс”да пресс-тур ўтказилди

21 ноябрь 2020 г 3 115 Комментарии: 0

Жорий йилнинг 20 ноябр куни Ўзбекистоннинг энг йирик қишлоқ хўжалиги кластери бўлган “Jizzax Organiс” журналистлар учун пресс-тур ташкил этди. Ҳудуд бўйлаб экскурсияни бош чорвадор Родни Дж. Гилфорд олиб борди.

Дастлаб журналистлар учун “Jizzax Organiс” штабида матуот анжумани ташкил этилди. Унда “Jizzax Organiс” раҳбарияти ва вилоят ҳокимлиги вакиллари томонидан лойиҳа ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Хусусан, вилоят ҳокими ўринбосари Азим Ахмеджаджаев пресс турда ташкил этилган матбуот анжуманида сўзга чиқиб, "Бугун сиз ҳамма нарса ўзаро боғлиқ ва соат каби ишлайдиган улкан ишлаб чиқариш корхонаси ҳаёти ҳақида кўп нарсаларни кўрасиз ва билиб оласиз. Ахир ушбу кластер нафақат чорвачилик соҳасини, балки ўсимликларни етиштиришни, шунингдек селекция ва генетик ишларни ҳам ўз ичига олади. Сиз бугун "Jizzax Organic" томонидан вилоятимизда татбиқ этилган бутунлай ўзига хос янгиликлар, замонавий наслчилик технологиялари ва бошқа кўп нарсалар ҳақида билиб оласиз,"- деб айтиб ўтди. 

Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Бугунги кунга келиб, “Jizzax Organiс” инвестицияларининг умумий ҳажми 62 млн АҚШ долларини ташкил этди. 2022 йил охирига келиб, бу кўрсаткич 150 млн АҚШ долларига етади. Жиззах вилояти ҳокимияти озуқа базасини яратиш учун кластерга 10,7  минг гектар ер ажратди, ундан 5,6 минг гектарига 2020 йилдаёқ экин экилди.

"Биз охирги 30 йил мобайнида фойдаланилмаган ерларнинг унумдорлигини тиклаш бўйича доимий иш олиб борамиз. Бунинг учун органик ўғитлар, алмашлаб экиш ва немисларнинг илғор қишлоқ хўжалик техникаси қўлланилади. Бу йилда кластеримиз 1,5 минг гектар ерни алмашлаб экишга қайтарди, кейинги йилда яна 4,5 минг гектар ер қайтарилади. Подани мувозанатлаштирилган озуқа билан таъминлаш учун далаларга 5 хил экин: буғдой, арпа, маккажўхори, беда ва яйлов ўтлари экилади, ернинг бонитетини ошириш учун улар мош, соя ва кунгабоқар билан алмашлаб экилади", — деди “Jizzax Organic” бош агрономи Асанов Рустам.

“Jizzax Organic”нинг қишлоқ хўжалик техникаси парки 164 донадан иборат бўлиб, унинг умумий қиймати 10 млн АҚШ долларини ташкил этади. Тупроққа имкон қадар камроқ таъсир қилиш учун  техниканинг битта ўтишида бир нечта операция бажарилади, шунингдек ўғитларни манзилли солиш ва ерга унча чуқур бўлмаган ишлов бериш амалиёти қўлланилади.

Миллий кластернинг ўсимликшуносликка киритилган инвестиция ҳажми 15,3 млн АҚШ долларини ташкил этди. 2022 йил охирига келиб, бу кўрсаткич 23 млн АҚШ долларига етади. “Jizzax Organic” миллий кластерининг фаолияти Жиззах вилояти ҳокимлигининг кўмагида амалга оширилади.

Jizzax Organic А2 сутининг биринчи ишлаб чиқарувчиси бўлади. Сут фермасининг лойиҳаси билан Италиянинг "RotaGuidoSrl" компанияси шуғулланди. Комплекс сут блоки, сигирлар учун молхона, бузоқлар учун молхона, туққан сигирлар учун бокслар, карантин ҳудудлари, озуқа омборлари, сайр майдончалари ва гўнгни моллар тагига солиш учун сепарациялаш комплексини ўз ичига олади. Сигирлар учун молхонада озуқа столлари, иситиладиган ва артезиан сувини узатадиган механизмли суғоргичлар, иқлим назорати тизими, иқлим шароитларидан ҳимоялаш учун пардалар ва гўнгни автоматик тарзда чиқариб ташлаш тизими ўрнатилган.

2022 йилда “Jizzax Organic” Европадан кунига 30 литргача сут бера оладиган Голштин-фриз зотига мансуб сигирларни импорт қилади. Кластер ўзининг юқори даражада ўзлаштирилиши ва аллергик реакциялар хавфининг пастлиги билан ажралиб турадиган А2 сутининг биринчи ишлаб чиқарувчиларидан бўлади. Сут ишлаб чиқариш унумдорлигини йилига 35 минг тоннагача етказиш мақсад қилиб олинган.

“Jizzax Organic” мармар гўшт олиш учун Ангус ва Герефорд зотларини кўпайтиришга киришди. Бугунги кунда “Jizzax Organic”нинг гўшт учун мўлжалланган подалари деярли 5 минг бошга яқин Ангус ва Герефорд зотларидан иборат.

Кластер унинг базасида Ўзбекистонда мармар гўшт ишлаб чиқаришнинг биринчи босқичини йўлга қўяди. Бир йил олдин келтирилган 590 бош Ангус зоти сигирлари 220 бош бузоқдан иборат авлод берди, бу йилнинг октябрь ойида эса Россия ва АҚШдан яна 4 минг бош ғунажин келтирилди. Сигирлар зарур эмлашлар, ультратовушли текширувдан ўтказилди ва қишки катта молхоналарда боғланмасдан боқилмоқда. Молхоналар юклаш-тушириш ҳудуди ва “Коралл” чорвачилик комплекси билан жиҳозланган.

Ғунажинлар  ёшига қараб ажратилган бўлиб, уларга тасдиқланган рационларга мувофиқ озуқа берилади. “Jizzax Organic”да молларнинг ёшига ва нима учун мўлжалланганлигига боғлиқ ҳолда озиқлантиришнинг 50 дан ортиқ дастури ишлаб чиқилган.

Доннинг мазасини яхшилаш ва озуқалик қийматини ошириш учун унга экструдерларда ишлов берилади. Ҳозир кластер мутахассислари буғ тегирмони ва гидропоника (донни тупроқсиз ўстириш) цехларини ишга тушириш устида ишламоқдалар. Бу озуқанинг ўзлаштирилишини 40% дан 98% гача оширади.

Экологик тоза, ингичка толали мол гўштининг дастлабки партияси "Saxovat"  дўконларида бу йилнинг ўзидаёқ пайдо бўлади.

Ёмғирлатиш қурилмалари гўшт таннархини пасайтиради. Valley америка суғориш қурилмаларининг энг янги русумли авлодини ўрнатиш учун “Jizzax Organic” 20 км магистраль қувурларни ўтказди.

"Ёмғирлатиш қурилмалари сув сарфини камайтиради ва маҳсулот таннархига бевосита таъсир қилади. Биз молларни боқишнинг эркин ўтлатиш концепциясини танладик, бу молларни сақлашнинг энг мақбул ва қулай усули. Бутун йил мобайнида очиқ ҳавода бўлиш иммунитетни кучайтиради ва подада юз бериши мумкин бўлган стресс ҳолатларини анча камайтиради. Майдонларга бир марта яйлов ўтларини экиб ва ёмғирлатиш қурилмаларини ўрнатиб, биз қурғоқчил бўлган Жиззах ерларида ўз-ўзидан янгиланиб борадиган озуқа базасига эга бўламиз. Бундан ташқари, яйловда боқилаётган моллар ерларни ўғитлайди ҳам, бу эса ўсимликларнинг фаол ўсишига ёрдам беради.  Шу тариқа, йилнинг иссиқ вақтида биз озуқа учун сарф-харажат қилмаймиз,  бу билан гўшт қийматини ҳам пасайтирамиз", — дейди “Jizzax Organic” бош гидротехниги Клинкин Дмитрий.

Суғориш комплекси 600 гектар яйлов ва озуқа экинлари майдонини суғоради. 2021 йилда “Jizzax Organic” яна 3,300 гектар ерда ёмғирлатиш ускуналарини ўрнатади.

Ўзбекистонда ҳидсиз парҳез қўй гўшти пайдо бўлади. 2020 йил ноябрда миллий кластер Ўзбекистонга Австралиядан Дорпер зотининг 2,100 бош қўчқор ва қўйларини олиб кирди. Улар озуқаланишда инжиқ эмас ва иссиқ, қуруқ иқлимга яхши бардош беради. Қўчқорларнинг кунлик вазн орттириши 700 граммгача етади, гўштининг эса ўзига хос ҳиди бўлмайди.

"Дорпер — Жанубий Африка зоти, лекин биз биринчи марта бу қўй зотини Жанубий Африка Республикасидан эмас, Австралиядан олиб келдик.  Бу Жанубий Африкада йил фасллари алмашинуви йўқлиги билан боғлиқ бўлиб, молларда мослашиш қийин кечиши мумкин эди.Қўйларимизнинг бир неча авлоди Австралияда яшаган, шу туфайли улар шамол, иссиқ ва температура ўзгаришларига ўрганган. Дорперларни парваришлаш осон, жунини олиш шарт эмас ва ўсимликларнинг 400 дан ортиқ турини ейди, бу эса уларни боқиш харажатларини камайтиради ва якуний маҳсулотни арзонлаштиради. Бундан ташқари, бу зотга мансуб қўйлар 70% ҳолларда иккинчи туғишида иккитадан қўзи туғади.  Бу бизга қисқа муддатларда подадаги қўйлар бошини кўпайтириш  имконини беради", — деди “Jizzax Organic” бош зоотехниги Баришников Сергей.

“Jizzax Organic” мутахассисларининг прогнозларига кўра, 2021 йилда зотдор қўйлар подаси сони 6 000 бошга етади, 2022 йилда эса парҳез қўзичоқ гўшти чакана савдо нуқталарига еказиб берилади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати 

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!