» » Владимир Шаманов бошчилигидаги “Россия қаҳрамонлари ассоциацияси” Жиззахга ташриф буюрди ва шу куни Гагарин шаҳрида “Космонавтлар” музейи очилди

Владимир Шаманов бошчилигидаги “Россия қаҳрамонлари ассоциацияси” Жиззахга ташриф буюрди ва шу куни Гагарин шаҳрида “Космонавтлар” музейи очилди

23 апрель 2021 г 1 519 Комментарии: 0

Бугун Мирзачўл туманига Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги “Россия қаҳрамонлари ассоциацияси” Бутунроссия жамоат ташкилоти делегацияси  ташриф буюрди.

Меҳмонлар Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Мирзачўл тумани ҳокими Шерзод Аҳмедов ва бошқа расмийлар, жамоатчилик вакиллари томонидан кутиб олинди.

12 апрель – Жаҳон авиацияси ва космонавтикаси куни Мирзачўл туманида алоҳида аҳамиятга эга тарихий кун сифатида нишонланади. Туман марказининг Юрий Гагарин номи билан аталиши ҳам бежиз эмас.

1967 йилда бу ерда чўлдаги дастлабки туман – Мирзачўл ташкил этилди. Ҳозирги шаҳар ўрнидаги Ержар ишчилар посёлкаси фақат туман маркази эмас, чўлнинг ўзлаштириш бош қароргоҳи сифатида йил сайин кенгайиб, 1974 йилда шаҳар мақоми берилган.

Чўлда биринчи пайдо бўлган шаҳарчага ном беришда Мирзачўлни ўзлаштиришнинг мамлакатда тутган ўрнидан келиб чиқилган. Тўғри, бу масалада бошқа таклифлар ҳам бўлган, бироқ Мирзачўлни ўзлаштиришнинг аҳамияти космосни ўзлаштиришдан кам эмас, деган фикр кўпчиликка маъқул келиб жаҳоннинг биринчи фазогири Юрий Алексеевич Гагарин номи берилган.

Бу қарор мантиқан тўғри эди. 1961 йил 12 апрелда собиқ Совет Иттифоқи фуқароси Ю.А.Гагарин “Восток” космик кемасида дунёда биринчи бўлиб Ер орбитаси бўйлаб парвозни амалга ошириб, инсониятнинг космосни ўрганиш тарихида янги даврни бошлаб берди. Ўзбекистонда Мирзачўлни ўзлаштириш ҳам кўлами ва аҳамияти билан фақат собиқ Иттифоқ миқёсида эмас, жаҳонда ҳам мислсиз катта иш эди.

Орадан кўп ўтмай шаҳарда Юрий Гагаринга Марказий Осиё республикаларидаги энг маҳобатли ҳайкал ўрнатилди.

Ҳозир Гагарин шаҳрига турли мамлакатлардан зиёратчилар келиб биринчи космонавтга ўрнатилган ҳайкални зиёрат қилиб туради. Шу куни Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги “Россия қаҳрамонлари ассоциацияси” Бутунроссия жамоат ташкилоти делегацияси вакиллари ҳам Юрий Гагарин ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

2018 йилда Гагарин шаҳри Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури доирасида бутунлай янгиланди.Бу янгиланишлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Хусусан, шундай янгиланишлардан бири туман маданият марказининг иккинчи қаватида ташкил этилган “Космонавтлар” музейи бўлди. 

“Космонавтлар” музейи очилиши маросимида Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов, икки марта Совет иттифоқи қаҳрамони, космонавт Владимир Жонибеков, Совет Иттифоқи ва Россия федерацияси қаҳрамони Сергей Крикалев, Россия Федерацияси қаҳрамони, космонавт Солижон Шарипов иштирок этишди. Меҳмонлар музей учун космонавтика тарихига доир ноёб саналган экспонатларни тақдим қилишди.

Жумладан, Солижон Шарипов парвози давомида космосда кийган ўзбек миллий бош кийми бўлган дўпписини совға қилди.

Тадбир давомида вилоят ҳокими ва мутасаддилар иштирокида Мирзачўл тумани ҳудудида амалга оширилаётган ишлар хусусида ОАВ вакиллари ва жамоатчиликга маълумотлар бериб ўтилди.  

 Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!