Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда 6000 дан ошиқ яширилган иш ўринлари ошкор бўлди
12 май 2021 г 865 Комментарии: 0
Солиқ ҳисоботларида ходимларга тўланаётган иш ҳақи, уларнинг сони ҳақидаги маълумотларни тўлиғича акс эттирмаслик солиқ базасини яшириб кўрсатиш ҳисобланади. Ҳар бир бухгалтер буни яхши билади. Аммо солиқ ислоҳотлари давомида амалга оширилаётган енгилликлар моҳияти ҳамон кўпчилик раҳбар ва ҳисобчилар учун тушунарли эмасдек.
Жиззах вилояти давлат солиқ идоралари томонидан хўжалик юритувчи субъектларда ўрганишлар ўтказилиб, норасмий тўланаётган иш ҳақи жамғармасини легаллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида 2593 та корхонада ишлаётган 6146 нафар фуқаронинг фаолияти легаллаштирилди. Уларнинг 3638 нафари 18-30 ёш оралиғидаги ёшлар экани ҳисобга олинса, шунча нафар йигит-қизнинг меҳнат ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ойдинлашади.
Ўрганишлар давомида энг кўп ҳолатлар давлат солиқ бошқармаси томонидан (2038 нафар), Жиззах шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан (1052 нафар) аниқланган. Корхоналар қайта ҳисобот топширишлари натижасида аниқланган фарқлар тўғирланди.
Шу ўринда солиқ ислоҳотлари қаторида амалга ошаётган жуда кўплаб янгиликларни эслатиб ўтиш лозим. Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юкини камайтириш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоизли ставкаси жорий қилинди. Пенсия жамғармасига 8 фоизли суғурта бадали бекор қилиниб, ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизга туширилди. “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан жорий йил 1 январдан бошлаб қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи асосида шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилди.
Тўланаётган иш ҳақи суммасини ҳисоботларда акс эттирмаслик Солиқ кодексининг 223-моддасига биноан тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Солиқ базасини яшириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланганда солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида молиявий жарима қўлланилади.
Сарвар Сулаймонов,
Жиззах вилояти ДСБ юридик шахсларга
хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!