Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » “Сўғдиёна” ПФК қароргоҳи фойдаланишга топширилди
08 сентябрь 2021 г 730 Комментарии: 0
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда, вилоят ҳокими, “Сўғдиёна” ПФК президенти, клубнинг барча аъзолари, футбол, спорт ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахонлар, фан-клуб аъзолари, қурувчилар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Солиев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар спортда ҳам ўзининг ёрқин самараларини кўрсатаётганини, футболни ривожлантириш ва ёшларимиз ўртасида кенг оммалаштиришга ҳукумат миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
“Сўғдиёна” ПФК қароргоҳини энг замонавий дезайн, Европа ва шарқона услублар мужассамлашган ҳолда жаҳон андозаси асосида капитал таъмирлаш ва қўшимча қурилиш ишларини амалга оширган “20-трест 16-вакиллик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулла Пўлатовга ҳамда қурилиш-таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатган Дилмурод Жалилов, Мўбин Ҳасанов, Шавкат Сараев ва яна бир қатор қурувчиларга Жиззах вилояти ҳокимлиги ва “Сўғдиёна” ПФК томонидан бухороча зарбоб тўн ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
Умумий майдони 1,86 гектарни ташкил этган қароргоҳ киришига тортилган мовий боғич “Сўғдиёна” ПФК бош мураббийи Улуғбек Бақоев ва фахрий футболчилар томонидан қирқилиб, йиғилганлар бу ерда яратилган шарт-шароит, янгидан бунёд этилган бино ва иншоотлар билан яқиндан таништирилди.
Қароргоҳда қўли гул қурувчилар томонидан маҳаллий бюджет ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 13 миллиард 600 миллион сўмлик қурилиш, таъмирлаш, реконструкция, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
– 28 ўринли 13 та хонадан иборат футболчилар меҳмонхонасида яратилган шарт-шароитлар 5 юлдузли меҳмонхоналардан асло қолишмайди, – дейди “20-трест 16-вакиллик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулла Пўлатов. – Амалга оширилган ишларимизда жамиятимизнинг 30 нафарга яқин доимий, 200 ва ҳатто, баъзан 250-300 нафар мавсумий ишчилари тиним билмай меҳнат қилди ва улардан жуда-жуда миннатдормиз. Меҳмонхонадаги хоналар телевизор, музлатгич , совутгичлар ўрнатилган. Ювиниш хоналари ҳам замонавий жиҳозланган. Ҳаммом – фин услубидаги сауна ҳам футболчилар ихтиёрида.
Қароргоҳда 40 ўринли фаоллар зали, жаҳон, ўзбек ва Жиззах спорти тарихи, бугуни ва эртасини ўзида акс эттирган ҳамда бошқа адабиётлар мужассамлаштирилган кутубхона, махсус тринажёр зали, барча қулайликларга эга 36 ўринли емакхона, электр ва табиий газ билан таминланган ёпиқ ва очиқ ошхона ҳамда тандирхона, очиқ басейин, мезбон ва меҳмон жамоалар ҳамда учрашувни бошқарувчи ҳакамлар учун алоҳида-алоҳида барча шароитлар мужассамлаштирилган ечиниш ва ювиниш хоналари, кичик банкетлар зали, кир ювиш, маъмурий хоналар ҳам янгидан барпо этилган.
Футбол майдони қайтадан реконструкция қилиниб, табиий чим ётқазилди. Бундан ташқари, стадион ёнида захира футболчилар ва мураббийлар учун ўриндиқлар, жамоалар номи ва учрашувдаги ҳисобни ўзида акс эттириб турувчи кичик электро-табло, майдонни суғориш тизими ўрнатилди.
Шундоққина қирғоқ бўйида жойлашган қароргоҳда ўрнатилган 3 та дам олиш айвонча(беседка)ларида ўтирган киши кўҳна “Сангзор” дарёсининг салқин нафасию, ажойииб мевали ва манзарали дарахт ҳамда ранг-баранг гул кўчатларидан иборат бетакрор боғдан таралаётган ўзига хос ёқимли ва хушбўй ифоридан баҳра олади.
Қароргоҳда сайр қилган киши футбол коптоги шаклидаги тунги ёритгичлардан таралган ёғду, тратуарлар четига ўрнатилган Жиззах футболининг кеча ва бугунини ўзида мужассам этган банерларни томоша қилиб ўзини футбол оламига кириб қолгандек ҳис қилади.
– “20-трест 16-вакиллик” МЧЖ муҳандис-қурувчилари томонидан қароргоҳнинг ҳар бир нуқтаси тоза оқава, иншоотлар ичимлик сув, иссиқ сув, электр, табиий газ тортилиб, интернет тармоғига уланган, – дейди “Сўғдиёна” ПФК директори Жавлон Салоҳиддинов. – Чунки илгари бу ерда ушбу таъминотлар бўйича муаммолар тез-тез бўлиб турган.
– Узоқ йиллар жуда абгор ҳолатдаги қароргоҳга элтувчи 1 километрлик йўл капитал таъмирланиб ойнадек қилиб асфальт ётқазилган, – дейди “Сўғдиёна” ПФКга қарашли қароргоҳ директори Султон Очилов. – Ушбу футбол базаси фойдаланишга топширилгач, 16 киши иш билан таъминланди.
Қароргоҳнинг тантанали очилиш маросимида миллий урф одатларимизга кўра катта ҳисори қўчқор қурбонлик қилиниб, ўзбек футболи, Жиззах футболига муносиб ҳисса қўшганларнинг руҳи ёд этилди, Қуръон тиловат қилинди.
Нуроний отахонлар дуога қўл очиб, “Сўғдиёна” футбол жамоасини бу йилги чемпионат ўйинларида ва келгусида ҳам улкан зафарлар қучиб, Осиё чемпионлар лигасида Жиззах вилояти ва жонажон Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишларини Яратганнинг ўзидан сўраб, дуо қилди.
А.ҚАЮМОВ
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!