Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ЎзА мухбири пахта теримчилари ҳузурида
20 сентябрь 2021 г 1 133 Комментарии: 0
Ана шу эзгу ният йўлида ушбу қишлоқ хўжалиги мавсуми давомида жиззахлик пахтакорлар барча зарур агротехник жараёнларга амал қилган ҳолда етиштирган мўл ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, тез, сифатли, кам хараж ва исроф қилмай териб-йиғиб олиш учун астойдил меҳнат қилмоқда.
Ушбу жараён вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган “Жиззах вилоятида 2021 йил пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда балоғат ёшига етмаган ёшларни пахта теримига жалб қилишни олдини олиш мақсадида ҳамда теримга жалб қилинган ишсиз фуқароларнинг моддий манфатдорлигини таъминлаш, зарур меҳнат шароитлари яратиш ва уларни назорат қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар дастури” асосида олиб борилаётганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.
Бугунги кунга келиб пахта йиғим-теримида вилоят деҳқонлари кунлик 3 фоиздан ошириб қимматбаҳо хом ашёни йиғиб-териб пахта қабул пунктларига пешма-пеш етказаётир. Кунлик теримилда вилоят миришкорлари Фарғона ва Хоразм вилоятлари қатори пешқадамлар сафида бораётган бўлса, мавсум бошидан буён жамғарилган пахта хирмони борасида, шартномавий режага кўра карвонбоши Сурхондарё вилоятидан кеийн 2-поғонани эгаллаб турибди.
Жиззах пахта далаларида йиғим-терим жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида энг кўп ҳашарчи жалб этилган, қимматбаҳо хом ашё хирмонини жамғаришда вилоятда етакчилик қилаётган Зафаробод туманига хизмат сафарида бўлдик.
Зафарободликлар жорий мавсум шартномавий режага кўра 30 минг 588 тонна пахта хирмони чошлаб, ҳосилдорликни 34 центнерга етказиш йўлида астойдил меҳнат қилишаётир.
Биз туманда бўлган жорий йилнинг 17 сентябрь куни Зафаробод пахта далаларида 3 минг 995 нафар банд бўлмаган, яъни уюшмаган маҳаллий аҳоли ва 3 минг 75 нафар қўшни вилоятлардан ўз инон-ихтиёри билан пахта йиғим-терими ҳашарида иштирок этаётганлар билан учрашдик. Куни кеча туман бўйича далалардан йиғиб олинган 1 минг 100 тонна қимматбаҳо хом ашёнинг салкам 550 тоннаси ана шу фидоий ҳашарчилар томонидан териб топширилди.
Ётоқ билан теримга жалб қилинган қўшни вилоятдан келган ҳашарчиларга яратилган шароитбилан танишдик.
– Биз Зафаробод туманига Сурхондарёнинг Узун туманидан ҳашарга келдик, – дейди Улуғбек Чориев. – Битта бригада бўлиб келган 130 нафар ҳашарчи тумандаги С.Синдаров номли сув истемолчилари уюшмаси ҳудудида жойлашган Достон Райимқулов раҳбарлигидаги “Ҳусайин Шерхон” фермер хўжалигига қарашли пахтакорларнинг дала шийпонига жойлаштирилди. Шароитдан нолимаймиз, эркаклар ва аёллар учун алоҳида-алоҳида хоналар ажратилган. Хоналарга ўрнатилган 2 қаватли ётоқ краватларида тунаймиз. Тоза ичимлик сувини тракторда ташиб келиб беришаяпти. 2 маҳал иссиқ овқат, эрталабликка нон, сарёғ, шакар берилаяпти. Тушликни далага етказиб беришяпти.
Шу тумандаги Собир Раҳимов номли СИУ ҳудудидаги собиқ қишлоқ хўжалиги коллежи биносидаги ётоқхона билан танишдик. Атроф тоза, озода сув сепиб супирилган. Ҳашарчиларнинг кўрпа-тўшаклари тартиб билан йиғиб қўйилган.
– Самарқанд вилоятининг Нарпай ва Пахтачи туманларидан 208 нафар ҳашарчи шу ерга жойлаштирилди, – дейди Дилдорахон Нимжонова. – Яратиб берилган шароитлар яхши, ҳеч қанақа камчилик йўқ. Аёлларга алоҳида, эркакларга алоҳида ювиниш ва хотин-қизлар учун гигиена хоналари ишлаб турибди. Бундан ташқари, ёнгинамиздаги ҳаммом ҳафтанинг 6 куни ишлар экан.
– Бир кунда 100-120 килограммдан ошириб пахта тераётган илғор теримчиларимиз бор, жумладан ўзим ҳам улардан бириман, – дейди ҳашарчи қизлардан яна бири Нафиса Қаршибоева. – Терган пахтамиз пулини ҳар 5 кунда беришади. Худо хоҳласа, шу мавсум 5 миллион сўм атрофида пул ишлаб оламан.
– Ёшим 70 га боряпти, салкам 50 йилдан буён Самарқанднинг Оқтош шаҳридаги чойхонада ошпазлик қиламан, – дейди ҳашарчилар кечки овқатини тайёрлаётган ошпаз отахон Эркин Норйигитов. – Масалиғлар белгиланган нормада берилаяпти. Бундай пайтда, тайёрлайдиган таом чойхонаникидан зўр бўлса, бўладики кам бўлмайди. Ҳашарчиларимизнинг орасида тайёрланаётган таомдан нолийдигани бўлса, олганим буюрмасин.
“Зафаробод” СИУ ҳудудидаги “Jizzax Kenteks” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Фармон ота” фермер хўжалиги дала шийпонида 80 нафар ҳашарчи жойлаштирилган. Яратилган шароит ёмон эмас. Ичимлик суви, электр таъминоти, овқат ва чой тайёрлаш учун ўтин билан таъминланган. Аммо ҳашарчилар тайёрланаётган овқатдан бироз норозиликларини айтди.
– Тушлик далага кечикиб олиб келинмоқда, далада ичимлик сувида ҳам муаммо бўлиб турибди, – дейди ҳашарчилардан бири Ойрежап (фамилиясини айтишни истамади) деган аёл. –Ўзимиз билан қўли ширин ошпаз қизимизни олиб келгандик. Аммо Жиззах шаҳридан қўйилган Эркин деган отряд бошлиғи шу ерда оиласи билан яшаётган кишини ошпаз қилиб қўйибди. Тўғриси, овқатни ёғи ҳам яхши доғланмаяпти. Шу камчиликларни тўғирлашса яхши бўларди, бошқа камчиликлар йўқ.
Тумандаги “Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги касб-ҳунар коллежи биносининг бир қисмида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон, Қумқўрғон, Денов, Узан ҳамда Тошкент вилоятининг Бекобод туманларидан келган 200 нафардан ортиқ ҳашарчилар жойлашган.
Бу ердаги ҳашарчилар шароит ҳам, овқатлар ҳам яхшилигини айтди. Терган пахталари пули бу ҳудудда ҳар 3 кунда бериб борилаётган экан. Аммо теран фото-мухбиримизнинг фото-камераси нигоҳидан “ҳашарчилар ётоғи”даги дераза ойналарининг баъзи кўзлари синганлиги ҳам четда қолмади...
– Терган ҳар 70 килограмм пахтамиз учун 1 литрдан ўсимлик ёғи беришяпти, – дейди Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидан ҳашарга келган Ойсафар Одилова. – Бундан ташқари, ҳар 5 кунда туман ҳокими, ҳомий ташкилотлар раҳбарлари келиб, 5 кунлик якунига кўра энг илғор теримчиларга турли қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширади. Бундай эътибордан биз ҳашарчилар хурсандмиз, раҳмат барча ташкилотчиларга.
Туман ҳокими ахборот хизмати раҳбари Назарбек Хайруллаев бизга тумандаги С.Синдаров номли СИУ ҳудудидаги “Фориш йўллари” фермер хўжалиги даласида пахта тераётган ҳашарчиларга пул тарқатаётганлиги ҳақида хабарни етказган заҳоти, у ерга етиб бордик.
Қуёш аллақачон уфуққа бош қўйганида, шу отряддаги сурхондарёлик ҳашарчиларнинг 2 нафари 3 кунлик терган пахтаси пулини дала бошида олаётганини тасвирга туширишга улгурдик.
– 3 кун ичида 325 килограмм пахта тергандим, мана кўрганингиздек, 464 минг 750 сўм нақд олдим, – дейди Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманидан ҳашарга келган Ўктам Панжиев. – Бизнинг туманимизда 2-терим ҳам тугаяпти. Яхши ётоқ жойи, 2 маҳал иссиқ овқат, пахтага биздагидан кўпроқ тўлашаётгани учун бу ерга келдим.
Келганимиз учун ойлик ҳам беришди, барака топгурлар. Яна ҳар 70 кило пахта терганимга 1 литр ўсимлик ёғи, совға саломлар ҳам беришаяпти. Яшириб нима қилдим, Россияга бориб зах ертўлада ётиб, бухонка билан қайнаган сув ичган вақтларим бўлган. Тўғриси, Жиззахга пул ишлаб олгани келганман. Оила, рўзғор тебратиш керакку.
Зафарободлик пахтакорларнинг хирмонига барака, ҳашарчиларнинг белларига қувват тилаб, тун қоронғулик сари оғганида, қатор-қатор пахта ортилган тиркамаларни тортиб кетаётган тракторлардан бир-бир қувиб ўтиб шаҳарга, уйимиз томон йўл олдик.
Улкан хирмонингиз янада юксалаверсин, асло ҳорманг жиззахлик пахтакорлар.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат)
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!