Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан вилоят аҳлига байрам табриги
11 декабрь 2021 г 1 519 Комментарии: 0
Азиз юртдошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни билдираман.
Ушбу қутлуғ айёмда вилоятимиз барча фаоллари номидан ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – миришкор деҳқон ва фермерлар, чорвадору-пиллакорлар, сувчи-ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, қишлоқ хўжалиги локомативи бўлган кластерлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Соҳа эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган Сизлар каби минглаб мехнаткашларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда “Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир” десак, айни ҳақиқатдир.
Ҳаммамизга яхши аён, кейинги икки йилда инсоният учун жиддий синов даври бўлди. Шундай қийин, шароитда эл-юртимиз, хусусан, заҳматкаш деҳқон ва фермерларимиз коронавирус пандемияси билан бир қаторда, табиат инжиқликлари, айниқса ёзнинг ҳар қачонгидан иссиқ ва давомли келиши, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш каби қийинчиликларга қарамасдан вилоятимиз деҳқонлари қишлоқ хўжалигида залворли ютуқларга эришди.
Жорий йил қилинган мехнатларингизнинг самараси сифатида шу кунгача 660 минг тонна ғалла, 264 минг тоннадан зиёд пахта, 800 тонна пилла, 759 минг тонна мева-сабзавот ва узум, 181 минг тонна гўшт, 566 минг тонна сут, 295 млн. дона тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилгани, аввало Сизларнинг машаққатли ва ҳалол меҳнатингиз натижасидир.
Шу ўринда, алоҳида такидлаб ўтмоқчиман, бу йил пахтадан ўртача ҳосилдорлик 33 центнерни, ғаллачиликда 66 центнерни ташкил қилди. Пахта ҳосилининг 190 минг тоннаси ёки 72 фоизи машиналар ёрдамида териб олинди, биринчи марта мавсумда 500 га яқин пахта териш машиналари иштирок этди. Айниқса, юқори унумли пахта териш машиналари ёрдамида Зарбдор туманидан Абдуғаффор Абдурахимов 520 тонна, Алматов Илхом 495 тонна, Пахтакор туманидан Кажаков Бахтиёр 580 тонна, Мирзачўл туманидан Тоштемиров Тохир 410 тонна, оддий пахта териш машиналарида Дўстлик туманидан Эрназаров Эркин 250 тонна, Жўлбеков Толиб 220 тоннадан бир мавсумда пахта терган ушбу механизаторларимизни алоҳида эътироф этган ҳолда, барча механизаторларимизга алоҳида ўз миннаддорчилигимни билдирмоқчиман.
Вахоланки, бундан беш йил олдин, пахтачиликда ҳосилдорлик гектаридан бор йўғи 20 центнерни ташкил қилгани ҳолда, етиштирилган ҳосилнинг фақатгина 1,6 минг тоннаси ёки 0,7 фоизи машиналар ёрдамида териб олинганлигини ёки ғаллачиликда ҳосилдорлик 40-45 центнерни ташкил қилганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу йилги эришилган ютуқларнинг нечоғли салмоқли эканлигини кўрамиз. Лекин, ўйлайманки, бу ҳосилдорлик, бу натижалар чегара эмас, келгуси йилда бунданда юқори натижаларга эришилишига ишонаман.
Албатта юқоридаги ютуқларни гапирганда, ғалла ва пахтачиликда юқори натижаларга эришган Дўстлик туманидаги “Барбедил”, Ш. Рашидов туманидаги “Лазиза-Зохида”, Зарбдор туманидаги “Зилола-С”, Арнасой туманидаги “Мезон замон”, Зафаробод туманидаги “Зафаробод ишончи”, Мирзачўл туманидаги “ШНДСТ”, Пахтакор туманидаги “Анвар-А”, Зомин туманидаги “Булоқдаги шахзода” фермер хўжаликларини, айниқса ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобига лалмикор ерлардан юқори ҳосилдорликка эришган Янгиобод туманидаги “Янгиобод бахт агро кластер” МЧЖ номларини мамнуният билан эътироф этамиз.
Шу билан биргаликда, “Сангзор текстил”, “Жиззах индиструал тўқима”, “Пахтакор текс”, “Жиззах кентекс”, “Семурғ” каби пахта-тўқимачилик кластерларимиз, “Дафна ифори”, “Сангзор парранда”, “Пахтакор олтин бошоқлари”, “Зомин зарбдор кластер” каби ғаллачилик кластерларимиз, шунингдек мева-сабзавочиликда Бахмал туманидаги “Бахмал агро логистик”, Ғаллаорол туманидаги “Музбел агрокластер”, Фориш туманидаги “Лаззат кафолати” кластерларимиз, шунингдек Ш. Рашидов туманидаги “Голд фиш агро” балиқчилик кластерларимизни ҳам номларини алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз.
Шу ўринда, Ш. Рашидов туманидаги “Голд фиш агро” балиқчилик кластеримиз фаолияти республикамизга жорий қилиниб, Мухтарам Президентимиз томонидан эътироф этилганлиги ҳар биримизга ўзгача ғурур бағишлайди.
Шулар қаторида, чорвачилик, пиллачилик, қоракўлчилик ва бошқа кластерларни ҳам алоҳида эътироф этиб, бой билим ва тажрибаси, омилкорлик хислатларини намоён қилган ҳолда, илм-фан ютуқларини самарали қўллаш ҳисобидан юксак хирмон яратган барча деҳқон ва фермерларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Азиз дўстлар!
Барчангиз гувоҳ бўлиб турибсиз, бугунги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш, илғор ёндашувларни жорий этиш
энг муҳим масалага айланмоқда.
Шунинг учун, Ҳурматли Президентимиз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳага илм ва иновацияларни кенг жорий қилиш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият бермоқда. Бунинг исботи сифатида, айнан шу йўналишда бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27 та ва Вазирлар Маҳкамасининг 20 дан ортиқ қарорлари қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги тармоғига бозор механизмлари, жумладан, Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан кейинги уч йил давомида агрокластер тизимининг жорий этилгани қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини бераётганидан барчангиз яхши хабардорсиз.
Бугунги кунда, вилоятимизда жами 42 та кластер, шундан пахтачиликда 6 та, ғаллачиликда 9 та, мева-сабзавотчиликда 13 та, картошкачиликда 3 та, чорвачиликда 3 та, қоракўлчиликда 2 та, паррандачиликда 1 та, балиқчиликда 1 та ҳамда пиллачиликда 4 та кластерлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Ушбу кластерларга сувли ер майдонларининг 196,3 минг гектари ёки 73,1 фоизи ажратиб берилган. Бу йил биринчи марта ковулчилик ва кавракчилик кластерлари ташкил этилди.
Келгуси йилда, кластерларимиз сафи янада кенгайиши кутилмоқда. Бу эса, биринчи навбатда аҳолининг бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш, кафолатланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади. Биргина мисол, вилоятимизда мехнатга яроқли аҳолининг 236,3 минг нафари ёки 43,0 фоизи қишлоқ хўжалигида банд ҳисобланади. Бунинг ҳам асосий қисми, кластерларимиз ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилда ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги йўналиш ва лойиҳаларни ишга тушириш орқали аҳолини бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди. Хусусан, шу кунгача 60 мингга яқин аҳолининг бандлиги таъминланди.
Бу йил биринчи марта ёшларга 8 минг гектарга яқин, ишсиз фуқароларга 6 минг гектарга яқин ерлар ажратиб берилиб, шунинг ҳисобига 42 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди, энг асосийси ҳар бир фуқаронинг олган даромади ўртача 31 млн. сўмни ташкил қилди.
Бундан ташқари, аҳоли хонадонларида узумчиликни ривожлантириш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳамда парранда боқиш ишларини ташкил этиш ҳисобига ҳам аҳолини бандлигини таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Яхши биласизлар, сўнгги йилларда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича Президент ва Хукумат қарорлари қабул қилинди. Шахсий томорқа хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилаётган ана шундай чора-тадбирлар натижасида бу йил вилоятимизда 25 минг гектардан ортиқ томорқа майдонларида экинлар экилиб, ушбу майдонлардан 550 минг тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди. Томорқа эгаларига артезиан қудуқлари қазиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун жорий йилнинг ўзида жамғарма маблағлари ҳисобидан 7,4 млрд. сўм ажратилди.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-20-сонли қарорини алоҳида тилга олиб ўтмоқчиман. Мазкур қарор орқали аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кенг йўл очиб берилди. Шу ўринда, Ш. Рашидов туманидаги Шарофат Нориева бошчилигидаги “Гулчи опа томорқа хизмати” МЧЖнинг Ҳурматли Президентимиз томонидан алоҳида тилга олинганлигини, ушбу МЧЖ томонидан томорқадан фойдаланиш тажрибаси республикага намуна қилиб кўрсатилганлигини эътироф этишимиз керак.
Келгуси беш йилда аҳолига 18 минг гектардан ошиқ ерларни, шундан 2022 йилда 7,2 минг гектар ерларни 10 сотихдан- 1 гектаргача деҳқон хўжалиги сифатида ажратиб берилиши ҳам қанчадан-қанча аҳолимизнинг бандлигини таъминлашда, даромадларини ошишига замин яратади.
Кейинги йилларда экологиянинг кескин ўзгариши, йилдан-йил ёғингарчиликнинг камайиши сув ресурсларининг қисқаришига олиб келмоқда. Бу эса, сувдан фойдаланишда сув тежамкор технологияларни жорий қилишга катта эътибор қаратишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда, вилоятимизда ҳам, босқима-босқич сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда 10,6 минг гектарда томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилди. Келгуси йилда, 20 минг гектардан ошиқ майдонларда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади.
Албатта, бугун ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Азиз дўстлар!
Дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда бизда ички бозоримизни тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун барча шароитлар мавжуд эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Вилоятимиз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада тўкин қилишда фидойи қишлоқ хўжалиги ходимлари бундан кейин ҳам ўзларининг бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб қатъий ишонаман.
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар, кластерлар, азиз сувчи ва механизаторлар!
Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан – меҳнат ва ҳосил байрами билан чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!