Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда ғолиб жамоалар республика босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди
14 декабрь 2021 г 757 Комментарии: 0
Турнир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёш кадрларга эътибор қаратиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ва китобга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
Жиззах вилоятида ўтказилган саралаш босқичида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси фахрли биринчи ўринни, Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасининг Зарбдор тумани “Ёш солиқчилар” жамоаси иккинчи ўринни, Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Шароф Рашидов туман жамоаси учинчи ўринни қўлга киритишди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда турли йўналишларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар ўзининг юқори интеллектуал салоҳияти, иқтидор ва изланувчанлиги, ташаббускорлиги ва етакчилиги билан ажралиб туради, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи Нодир Сидиқов. – Хусусан, кадастр тизимида ҳам. Шу жиҳатдан ёш мутахассисларнинг янада чуқур билимга эга бўлиши, илм-фан сирларини пухта эгаллаши, улар ўртасида соғлом илмий-маърифий рақобат муҳитини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Мутахассисларимиз ўртасида ўйинга бўлган бундай катта қизиқиш бизни руҳлантириб юборди. Бу каби интеллектуал мусобақаларни келгусида кўп ўтказишни олдимизга режа қилиб олдик.
Ғолиб жамоалар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди ҳамда турнирнинг республика босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!