» » “Қангли” маҳалласи янги йилни – янги бинода қарши олади

“Қангли” маҳалласи янги йилни – янги бинода қарши олади

27 декабрь 2021 г 577 Комментарии: 0

Яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги “Қангли” маҳалла фуқаролар йиғини учун янги, замонавий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика ва унинг қуйи бўғин раҳбарлари, Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги, тумандаги секторлар ва мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар ва туман бўлимлари бошлиқлари, МФЙ ва ҚФЙлар раислари, шу маҳалла фуқаролари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлашда унинг ўрни ва ролини янада ошириш мақсадида соҳа ходимларига зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, маҳалланинг жамият ҳаётидаги нуфузи ва ўрни ортиб бораётгани, маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари учун кўплаб янги бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани таъкидланди.

Жорий йилнинг ўзида Жиззах вилоятидаги 30 дан ортиқ МФЙ ва ҚФЙлар учун худди шундай янги замонавий бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди. “Маҳалла” фонди томонидан Жиззах вилоятидаги 54 та МФЙ ва ҚФЙ компьютер жамланмаси ҳамда 61 таси мебель жиҳозлари билан таъминланди. Бунинг учун “Маҳалла” фонди ҳисобидан 754 миллион сўм маблағ сарф қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг тақсимотига асосан, вилоятдаги 838 нафар маҳалла ходимларини бир марталик моддий ёрдам пули билан рағбатлантириш мақсадида “Маҳалла” фондидан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Шунингек, 17 нафар “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони соҳиби фонд ҳисобидан мамлакатимиздаги сиҳатгоҳларга бориб дам олиб, соғлигини тиклаб қайтди.

– Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Маҳалла” фонди бўлим ва бўлинмалари томонидан шонли саналар ва умумхалқ байрамлари муносабати билан вилоятимиздаги 1 минг 744 нафар кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилалар, чин етим талабалар, якка-ёлғиз кексалар, уруш қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийлари, табиий офатдан жабр кўрган оилалар, қатағон қурбонларининг эҳтиёжманд оила аъзоларига “Маҳалла” фонди маблағлари ҳисобидан 505 миллион 445 минг сўм миқдорида моддий ва хайрия ёрдамлари кўрсатилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бошқаруви раиси Абдумажид Саттаров.

 – Бундан ташқари, “Маҳалла” фонди қошида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар ва туманларимиздаги 27 минг 720 нафар кам таъминланган ва эҳтиёжманд, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”да турган оилалар, уруш қатнашчилари, ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа эҳтиёжмандларга соғлигини тиклаш, оилавий шароитларини яхшилаш, уй-жойларини таъмирлаш каби муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиш мақсадида 13 миллиард 655 миллион сўм миқдорида моддий ва хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг умумхалқ хайрия ҳашари муносабати билан “Маҳалла” фонди ҳисоб рақамига тушган маблағларни манзилли ва мақсадли сарфлаш бўйича тасдиқланган тақсимотига асосан шаҳар ва туманларидаги МФЙ ва ҚФЙларнинг 31 таси компьютер жамланмаси, 30 таси эса мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Тадбирдан сўнг “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Дилшодбек Усмонов ва туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев сайёр қабул ўтказди.

Унда Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳридан келган фуқароларнинг мурожаати тингланиб, уларнинг 5 нафарига “Маҳалла” фондидан 1 миллион сўмдан моддий ёрдам ажратилди ва 5 нафар фуқарога озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Яна 2 нафар фуқарога эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, ушбу фуқароларга ҳам “Маҳалла” фонди имкониятидан келиб чиқиб, ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Сайёр қабулдан сўнг “Қангли” маҳалласидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ва ётиб қолган фуқаролар хонадонларига борилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!