Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда туризм ва спортга эътибор қандай?
05 январь 2022 г 988 Комментарии: 0
– Суҳбатимизни жиззахлик спортчилар томонидан ниҳоясига етган 2021 йилда қўлга киритилган ютуқларидан бошласак, нима дейсиз?
– Вилоятда туризм ва спортнинг оммалашиши, ривожига ҳам эътибор қаратилмоқда, – дейди Синдар Раҳмонқулов. – Жиззах вилоятида жами 1 миллион 403 минг 245 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, ҳозирда оммавий спорт билан шуғулланувчилар сони 412 минг 132 нафарни ёки аҳоли сонига нисбатан 29,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Ўтган мавсумда спортчилар жами 2 минг 64 та, жумладан, Осиё, Жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда 106 та олтин, 112 та кумуш ва 166 та бронза медалларни, республика мусобақаларида 463 та олтин, 464 та кумуш, 753 та бронза медалларни қўлга киритди.
Шунингдек, бугунги кунга қадар вилоятда 22 та республика чемпионати, 108 та вилоят чемпионати ва 2 та халқаро мусобақа ўтказилиб, уларда 149 нафар жиззахлик спортчи иштирок этди.
Вилоятда жами 2 минг 717 та, шундан 492 та спорт зали, 12 та сузиш ҳавзаси, 19 та стадион, 1 минг 983 та спорт майдончаси, 154 та сунъий қопламали майдон, 1 та манеж, 8 та теннис корти, 42 та тренажёр заллари, 3 та енгил атлетика ядроси мажмуаси, 1 та отчопар, 2 та отиш тири ва Марказий Осиёда ягона бўлган 1 та велодром фаолият олиб бормоқда.
– Ёзги олимпия ўйинларида негадир жиззахлик йигит-қизлар кўп ҳам кўринавермайди. Пандемия муносабати билан 1 йил орқага суриб ўтказилган “Токио-2020” ёзги олимпия ўйинларида вилоят спортчиларининг иштироки қандай бўлди?
– Авваллари дунёнинг ушбу нуфузли мусобақасида жиззахлик спортчилар жуда кам қатнашган. Аммо 2021 йилда Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган XXXII ёзги Олимпия ўйинларида илк бор вилоятдан 7 спортчи “Токио-2020” олимпиадаси йўлланмасини олди.
Олимпиядада спортнинг велоспорт-шоссе йўналишида, Зафаробод туманидан Олга Забелинская мувафақиятли иштирок этиб, 9-ўринни эгаллаган бўлса, спортнинг бокс туридан, пахтакорлик Бобоусмон Ботуров кучли ўн олтиликка кирди.
Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар юзага келганлиги сабабли Жиззах шаҳрида яшовчи боксчи Мафтуна Мелиева ҳамда сузиш бўйича Мирзачўл туманидан Владислав Мустафиннинг қўлга киритган олимпиада лицензиялари бошқа спортчиларга берилишига тўғри келди.
Японияда ўтган XVI Паралимпия ўйинларида Жиззах вилоятидан 3 спортчи, жумладан, парапаурлифтинг йўналиши бўйича Дўстлик туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Умурзоқов, параенгил атлетика бўйича Жиззах шаҳридан Ёқутхон Холбекова 4-ўринни банд этган бўлса, сузишнинг паралимпия йўналиши бўйича, бахмаллик Шохсанам Тошпўлатова вилоят тарихида биринчи бўлиб, Жиззахга Паралимпиянинг бронза медалини олиб келди.
Турли беллашувларда юқори натижага эришгани учун 86 нафар жиззахлик спорчи олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.
– Жиззахлик футболчилар ўтган мавсумда катта ютуққа эришди, шундай эмасми?
– Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Аввало, Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашга вилоятда алоҳида эътибор қаратилди.
Бунинг самарасида футбол бўйича Ўзбекистон суперлигаси тарихида илк бор Жиззахнинг “Сўғдиёна” футбол жамоаси чемпионатда 2-ўринни эгаллади ва кумуш медални қўлга киритди.
Футбол бўйича хотин-қизлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг олийлигасида қатнашган Жиззахнинг “Сўғдиёна-Women” аёллар жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба “дубль” қайд этиб, Ўзбекистон чемпиони ва Ўзбекистон кубоги соҳиби, деган шарафли номга сазовор бўлди.
Футзал бўйича Жиззахнинг “Huaxin-Жиззах” жамоаси 2020 йилда 12 та жамоа орасида 3-ўрин эгаллаб, бронза медалларига сазовор бўлган бўлса, 2021 ва жорий 2022 йил улар Ўзбекистон чемпионати олийлигасида етакчилар қаторида бормоқда ва биринчилик якунда футзалчиларимиз мамлакат чемпиони бўлишни мақсад қилган.
Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўтган 2021 йили Литва давлатида ўтказилган навбатдаги футзал бўйича Жаҳон чемпионатида биринчи бор нимчорак финал босқичида қатнашди ва ушбу терма жамоа таркибидаги жами 14 нафар футзалчининг 9 нафари “Huaxin-Жиззах” жамоаси спортчилари ҳисобланади.
– Вилоятда футбол, айниқса, болалар футболини ривожлантириш мақсадида қандай янги лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби ҳузурида маҳаллий бюджет ҳисобидан лойиҳа қиймати 14 миллиард сўмлик маблағ эвазига 35 ўринли футболчилар қароргоҳи (базаси) қурилиб, фойдаланишга топширилди. У ерда 1 та табиий қопаламали 90х60 метр ҳажмдаги футбол стадиони, бундан ташқари, фитнес зал, бассейн, ошхона ва ётоқхона, конференциялар зали барпо этилди.
Вилоят туризм ва спорт бошқармаси тизимида жами 19 та, шундан 13 та туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 4 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 1 та Олимпия захиралари коллежи ва 1 та футбол маҳорат мактаби фаолият кўрсатиб, уларда 689 (42 фоизи олий маълумотли) нафар (шундан аёллар 142 нафар) тренерлар 1 минг 354 та гуруҳда 22 минг 120 нафар ёшга 38 та спорт туридан машғулот ўтиб келинмоқда.
Жиззах шаҳрида республика бюджети ҳисобидан лойиҳа қиймати 36 миллиард 300 миллион сўмлик “Сўғдиёна” профессионол футбол клуби ҳузурида халқаро талабларга тўла жавоб берадиган 120 ўринли футбол академияси қурилишига старт берилди.
Шунингдек, республика бюджети маблағлари ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 30 миллиард 300 миллион сўмлик 160 ўринга мўлжалланган замонавий болалар ва ўсмирлар “Футбол маҳорат мактаби” қурилиши ҳам бошланди.
Жорий мавсум Зомин туманининг “Зомин бўрилари” футбол жамоаси Ўзбекистон чемпионати 1-лигасида 1-ўринни банд этиб, келгуси йил пролигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида, болалар-ўсмирлар спорт мактабларига қаратилаётган эътибор юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингандан сўнг вилоятда 89 та янги спорт тўгараги ташкил қилиниб, уларга 3 минг 21 нафар шуғулланувчи жалб этилган бўлса, “Спортни сев – спорт билан яша” шиори остида ўтказилаётган спорт ойликлари борасида 6 та спорт туридан жами 708 та спорт мусобақаси ўтказилиб, ушбу тадбирларга 83 минг 952 нафар Жиззах аҳлининг барча қатлами вакиллари жалб этилди.
Айни пайтда, вилоятда 200 та воркаут майдони, Жиззах шаҳрида 2 та, Зомин туманида 1 та стритбол майдони қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек вилоятда 56,3 километрлик велосипед ва пиёдалар йўлакчалари ташкил этилди.
Дастур доирасида вилоятдаги болалар-ўсмир спорт мактаблари, спорт муассасалари ва умумий ўрта таълим мактабларига 87 турдаги 9 минг 598 дона 5 миллиард сўмлик спорт жиҳозлари тарқатилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, ҳозирда вилоятда 282 та шахмат секцияси ташкил этилиб, уларга 3 минг 828 нафар, шундан 1 минг 656 нафар қизлар ва ёшлар қамраб олинган. Туризм ва спорт бошқармаси тизимидаги 25 та шахмат секциясида 17 та шахмат мураббийи 277 нафар ёшга, халқ таълими тизимида 248 та секцияда 3 минг 401 нафар ўқувчига, касбий таълим бошқармаси тизимида 9 та секцияда 115 нафар талабага ушбу спорт тури сирлари ўргатиб келинмоқда.
– 2025 йилда мамлакатимизда ёшлар ўртасида ёзги Осиё ўйинлари ўтказилади. Жиззах вилояти ёшлари ушбу нуфузли мусобақаларга тайёргарликни қачон бошламоқчи?
– Жиззахда ушбу мусобақаларга тайёргарлик ўтган 2021 йилдаёқ бошлаб юборилган эди. Ёшлар ўртасидаги ёзги Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турларининг 20 тасидан икки босқичли шаҳар, туман ва вилоят мусобақалари ўтказилиб, ушбу мусобақаларда 3 минг 500 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этди ва улар орасида 400 нафардан ортиқ иқтидорли спортчилар саралаб олинди. 2025 йилда Ўзбекистонда ёшлар ўртасидаги IV ёзги Осиё ўйинларига вилоятдан 10 та спорт туридан 18 нафар спортчи иштирок этиши режалаштирилган.
– Энди суҳбатни туризм йўналишида давом эттирсак. Жиззах вилоятида туризм, айниқса, экотуризмда жуда катта имкониятга эга. Аммо менинг назаримда, бу имкониятлар занжири тўлалигича, бор қуввати билан юриб кетмаётгандек...
– Жиззахда туризм йўналишидаги имкониятлар занжири сусткашлик билан айланаяпти, деган фикрга унчалик ҳам қўшилмаган бўлардим. Тўғри, хорижий сайёҳларнинг Жиззахга ташрифи – Самарқанд, Бухоро, Хива ёки Шаҳрисабз каби Шарқ гавҳари бўлган қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳарларга тенглаша олмайди. Аммо ички ва ташқи сайёҳларнинг вилоятимизга келиши кўп.
Ўтган 2017-2021 йиллар давомида, кейинги 2 йили пандемия туфайли карантин вақтига тўғри келган бўлсада, Жиззахга 21 та хорижий давлатдан 25 минг 400 нафар хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилиб, маҳаллий сайёҳлар сони 3 миллион 600 минг нафарни ташкил этган.
2021 йилда туристик хизматлар экспорти ҳажми 406 минг 800 АҚШ долларини ташкил этди.
Жиззах вилоятида сайёҳларни жойлаштириш воситалари сони 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 171 тага етказилган, улардаги хоналар сони 1 минг 992 тани, ўринлар сони 4 минг 190 тани ташкил этади. Шундан, 40 таси меҳмонхона, 117 таси оилавий меҳмон уйлари, 18 таси пансионат ва туристик базалардир.
– Ҳар қандай сайёҳ, у хоҳ хорижий, хоҳ маҳаллий бўлсин, сайёҳат қилмоқчи бўлган ҳудудни аввало интернет орқали ўрганиб кўради...
– Биз ахборот даврида яшаяпмиз, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббус ва қарорлари билан ҳар бир соҳа рақамли технологияга ўтаяпти.
Ўтган 2021 йил давомида вилоятда хорижий ва маҳаллий туристлар учун 6 та туризм ахборот маркази ташкил этилди. Айни пайтда, 215 та намунавий санитария-гигиена шохобчалари фаолият юритмоқда, шундан 2021 йилда 44 та янги санитария-гигиена шохобчалари яратилди. 37 та туристик объектларга олиб борувчи йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилиб, 93 та туризм объектида “Wi-Fi” зонаси фаолияти йўга қўйилди.
2021 йилда умумий қиймати 18 миллиард 900 миллион сўмлик жами 7 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада, 3 та янги меҳмонхона, 2 та дам олиш маскани 2 та соғломлаштириш маркази ишга туширилиб, жами 75 та янги иш ўрни яратилди. Қолган, яна 34 та лойиҳа режа-график асосида энди ниҳоясига етказилади.
Шу ўринда, ички туризмни ривожлантириш, саёҳатчи ва зиёратчилар учун қулайликлар яратиш мақсадида Жиззах вилояти бўйлаб “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” тамойили асосидаги саёҳат йўналиши ишлаб чиқилган бўлиб, унда 42 та тарихий, 6 та маданий ва кўнгилочар объект, 4 та тоғли ва ўрмон хўжалиги ҳудудлари, 40 та меҳмонхона, 115 та меҳмон уйлари, 2 та кемпинг, 45 та гастрономик туризм объекти, 12 та ҳунармандчилик устахонаси ва бошқа сайёҳлик объектлари мавжуд.
Вилоятда 2 та туристик синфга мансуб автобуслар, 4 та микроавтобус ва 8 нафар туроператор, 11 нафар гид-таржимонлар томонидан маҳаллий ва хорижий фуқороларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
– Сайёҳларнинг бориб кўриши мумкин бўлган объектлар рўйхати шакллантирилдими?
– Шубҳасиз. Экскурсия пайтида фойдаланиш учун бориб кўришга тавсия этиладиган объектлар ва ҳудудлар рўйхати, шу жумладан Жиззах вилоятининг тарихий ва замонавий диққатга сазовор жойларининг рўйхати, ахборот-тарғибот материаллари 35 турда тайёрланиб, интернет тармоғларига жойлаштирилган ва вилоятимизга келган сайёҳларга тақдим этиб келинмоқда.
Ўзбекистон “safe tourism” тамойили асосида 95 та хавфсиз туризм объектлари рўйхати шакллантирилиб, ушбу маршрутлар бўйича 10 дан зиёд саёҳат дастурлари ишлаб чиқилган.
Вилоят бўйича жами 22 та тарихий ва 18 та зиёрат сайёҳлик объектлари туризм маршрутига киритилиб, барча шароитлар яратилган.
Фориш туманидаги “Ухум”, Зомин туманидаги “Дуоба”, Бахмал туманидаги “Новқа” қишлоқларида ободонлаштириш, чиқинди қутилари, стелла, йўл кўрсаткич, “Visitor centrе”, туристик ахборот маркази, ёритиш чироқлари, алоқа антеннаси, селфи зонаси, ҳунармандчилик ва савдо расталарини ташкил этиш орқали туризм қишлоғи ташкил этилди.
Бугунги кунда дастур доирасида 39 миллиард сўмлик 20 та объектда қурилиш ишлари бошланган.
Вилоятда 2022-2026 йиллар давомида Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизимида қўшимча туристик зоналар ва дам олиш масканларини барпо этиш бўйича, 300 миллион АҚШ долларилик янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва 25 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланди.
2022 йилда туризмни қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилиб, Жиззах шаҳридаги темир йўл вокзалидан ушбу ҳудудлардаги туристик мажмуаларга тезюрар автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудлардан уюшган ҳолда келадиган туристларга транспорт харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Зомин, Фориш, Бахмал туманлари ва “Айдар-Арнасой” кўллар тизимининг туризм объектларигача йўл ва электр таъминотига 200 миллиард сўм ажратилади. Аҳоли хонадонларида оилавий меҳмон уйларини йўлга қўйиш учун, ўқув маркази ташкил этилиб, имтиёзли кредитлар, субсидия ва янги енгилликлар пакети жорий этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, туризм соҳасидаги тадбиркорлар учун махсус солиқ режими татбиқ этилиб, 3 йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқлари ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, йўл бўйларида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари қуриш, “Зомин” туристик ҳудудида замонавий тоғ-чанғи комплекси, тоғ-дор йўли, 8 та сиҳатгоҳдан иборат “рекреацион зона” барпо этиш ҳам назарда тутилган.
– Давлатимиз раҳбари ўтган 2021 йилнинг 6 апрелида “Зомин” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига имзо қўйганди. Ушбу фармон ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– “Зомин” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Туристик зона ҳудудида “Суффа платоси. 2 минг 400” халқаро умуммавсумий курорти ва “Ўриклисой” туризм мажмуаси, узунлиги 2 минг 600 метр бўлган замонавий осма дор йўли қурилади ҳамда меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш, эко-парк, спорт майдончалари ва бошқа туризм объектлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 июндаги “Ўзбекистон Республикасида сувда дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2021-2025 йилларда Жиззах вилоятининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими”да пляж туризмини ривожлантиришга қаратилган туристик-рекреацион зонасини ташкил этиши белгиланган. Ушбу ҳудудда туризмни ривожлантириш концепцияси ва туризм хизматларини ривожлантириш давлат дастури тасдиқланади.
Ушбу зона ҳудудида меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар, пляж, курорт, спорт ва бошқа замонавий жаҳон стандартларига мос бошқа туризм инфратузилмаcи объектлари барпо этилади.
– Ҳудудларга олиб борувчи йўллар инфратузилмаси, сайёҳларни, айниқса, хорижликларни чорлаш учун талабга жавоб берадими?
– Камчиликлар борлигини тан олиш лозим. Лекин айтган бўлардимки, барча олис ва тоғли ҳудудларда туризм зоналарининг ташкил этилишида йўл ва бошқа коммуникациялар қурилади, пляжлар ҳудудида ҳаво шарларида экскурсияларни ташкил қилиш, жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган ер усти транспорти (“караванинг”) хизматлари, “Балиқчилик” мактаби ҳамда “Зорбинг-марказ” аттракциони ташкил қилиниши ҳам назарда тутилган.
2022 йилда туристларларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 10 та туризм ахборот маркази, 52 та намунавий санитария-гигиена шохобчаси, 45 та туристик объектга олиб борувчи йўл кўрсаткич белгилари ва 75 та туризм объектида “Wi-Fi” ҳудудлари ташкил этилиши режалаштирилди.
2022-2026 йилларда хорижий сайёҳлар сони 60 мингга, маҳаллий сайёҳлар сони эса 5 миллион 100 минг нафарга етказилиши режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,5 бараварга ошишга эришилади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!