» » Балиқчилик: Дўстлик туманида истиқболли лойиҳа молиялаштирилди

Балиқчилик: Дўстлик туманида истиқболли лойиҳа молиялаштирилди

12 январь 2022 г 569 Комментарии: 0

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2022 йил учун Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида “Балиқ маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш” стартап лойиҳаси молиялаштирилди.

Мамлакатимизнинг драйвер соҳаси айнан қишлоқ хўжалиги сектори эканлиги инобатга олинса фуқароларни боқадиган, озуқа захирасини шакллантириб берадиган соҳа айнан қишлоқ хўжалиги тармоқларидир. Шу боис юртимизда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш энг долзарб масалага айланмоқда. Кутилган натижаларга эришиш учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига фан-техника ютуқларини, илғор ва ўта самарали технологияларни, ўрта ва кичик тадбиркорликни жалб этиш талаб этилади. Мана шундай қишлоқ хўжалиги тармоқларидан бири бу балиқчилик тармоғидир.  

Бугун балиқчилик тармоғи ривожланмоқда. Президентмиз раислигида 2021 йилнинг 20 декабрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги ишларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказилиши мазкур соҳанинг мамлакат озиқ-овқат саноатидаги улуши қай даражада юқори эканини кўрсатди.  

Йиғилишда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ўз ҳудудида зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли захирасини шакллантириш, нархлар барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган беш йилда мамлакатимизда балиқчилик тармоғида умумий қиймати 2 триллион 200 миллиард сўмлик 1 минг 16 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида балиқ етиштириш ҳажми 6 бараварга ошиб, жорий йилда 400 минг тоннага етказилади. Балиқ истеъмол қилиш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5,7 баробарга ортади. Кўпгина вилоятларда балиқчиликдан олинаётган ҳосилдорлик ҳалигача гектарига 3-4 тоннани ташкил этаётгани, ушбу ҳудудларда интенсив балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 10 фоизидан ошмаётганини кўрсатади. Шу боис сунъий ҳавзаларни интенсивлаштириш, тармоқда кластерлар ва кооперация тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Келгуси йилда балиқ етиштириш ҳажмини 600 минг тоннага етказиш вазифаси қўйилди.  

Президентимизнинг 2021 йил 1 апрелдаги “Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожлантиришдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан жорий йилда Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани балиқчилик борасида инновацион туманга айлантирилади. Балиқчилик борасида тумандаги “SHERTRADE” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилиши режалаштирилган умумий лойиҳа қиймати 2 миллиард 300 миллион сўм бўлган “Балиқ маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш” стартап лойиҳаси молиялаштирилди. 

– Мазкур лойиҳа асосида маҳаллий шароитда балиқчилик учун хомашё тайёрланади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Жиззах вилояти ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси масъул ходими Мансур Мусаев. – Балиқдан олинадиган технологик маҳсулотларнинг янги намуна, ассортиментларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйилади. Нафақат Жиззах вилояти, балки қўшни вилоятларга ҳам А,Б,Е витаминли балиқ ёғи ва маҳсулотлари етказиб берилади.

Шунингдек, жаҳон талабларига жавоб берадиган юқори сифатли миллий бренд яратилиб, маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш имконияти, маҳсулотларни онлайн етказиб бериш тизими ҳам жорий этилади. Шу билан бирга тумандаги “Ёшлар дафтари” рўйхатига кирган ёшларнинг бандлигини таъминлаш натижасида ишсизлик даражаси пасаяди. Жами 30 та янги иш ўрни яратилиб, маҳсулотнинг сотилиши ҳажмига қараб мазкур рақам ўсиб боради.  

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!