» » Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифа

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифа

17 январь 2022 г 922 Комментарии: 0

Бирлашган касаба уюшмалари Жиззах вилояти кенгаши томонидан 2021 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширилди.

Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида прокуратура, маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш маркази билан ҳамкорликда  амалга оширилган ишлар ўз самарасини берди. 

Жиззах вилоятида аҳоли сони 1 миллион 410 минг нафарни ташкил этади. Шундан 700 минг нафардан зиёди хотин-қизлардир. Вилоят бўйича 2021 йил бошида хотин-қизларнинг 15 минг 431 нафари ишсиз бўлган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида йил якунида 14 минг 677 нафар аёллар иш билан таъминланди.

 Хатловлар  асосида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 47 минг 662 нафар хотин-қизлар тўлиқ   дафтар рўйхатидан чиқарилди. Вилоятда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг аниқланган муаммолари ечими бўйича тегишли тартибда “Йўл харита”си ишлаб чиқилди ва халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг сессиясида тасдиқланди. Хусусан, вилоят бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган 47 минг 662 нафар аёл билан шаҳар ва туманлар ҳудудидаги секторлар кесимида манзилли ишлар ташкил этилди. Уларга тегишли амалий ёрдам кўрсатилди. 


Шу ўринда, аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, вилоят бўйича 10 минг 777 нафар ишсиз аёлларнинг 908 нафари доимий ишга жойлаштирилган, 1 минг 923 нафар хотин-қиз вақтинчалик жамоат ишларига жалб этилиб, 619 миллион  сўм маблағ йўналтирилди. 435 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик қилиши учун 155 миллион 300 минг сўм субсидия ажратилди. 117 нафар аёлга шахсий томорқасини ривожлантириши учун 347 миллион 700 минг сўм миқдорида субсидия тўланди. 323 нафар хотин-қизга 182 миллион 800 минг сўм ишсизлик нафақаси тайинланди. 7 минг 54 нафар хотин-қиз мустақил равишда ўзини ўзи банд қилган. 

Шунингдек, тикувчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш,  қандолатчилик,  чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, каштачилик, ҳунармандчилик, иссиқхона ташкил этиш  каби турли йўналишда кредит олиш истагида бўлган 6 минг 205 нафар хотин-қизга 48 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредит ажратилди. 3 минг 736 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди. Бу мақсадлар учун жами 1 миллиард 315 миллион 300 минг сўм маблағ йўналтирилди. 

Жорий “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да ҳам вилоятдаги хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада  бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.  

Нусратулла Пардаев, 
Бирлашган касаба уюшмалари  
Жиззах вилояти кенгаши раиси,  
Сенатор

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!