Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахда “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури бўйича ўқув-семинарлар ўтказилмоқда
21 сентябрь 2018 г 2 908 Комментарии: 0
Ўзбекистон "Адолат” СДП вилоят Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида партиянинг Зарбдор туман кенгашида "Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида намунавий ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбир касб-ҳунар келлежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” мавзусига бағишланган расмлар кўргазмасидан бошланди.
Кўргазмадан сўнг, тадбир иштирокчилари партиянинг "Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасининг халқ фаровонлиги йўлидаги аҳамияти” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир доирасида партиядошларимиз томонидан Зарбдор туманида амалга оширилган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Лойиҳа доирасида ташкил этилган кўрик танлов ғолиблари "Энг тоза хонадон”, "Энг тоза кўча”, "Энг тоза маҳалла” номинациялари бўйича тақдирланишди.
-Ёшлар барча замонларда ҳам жамиятнинг энг илғор, янгиликларга ўч ва курашчан қисми саналган. Шу билан бирга, улар ҳамиша катталарнинг назорати, танқид-таҳлил нигоҳи остида бўлган. Ушбу семинар ҳам ёшларимизнинг маънавий қиёфасида бир қатор ижобий ўзгаришлар акс этишига, миллий ва умумбашарий қадриятлар ҳақидаги тасаввурларини кенгайишига хизмат қилади дейди,- Ориф Шукуров партиянинг вилоят кенгаши раиси.
Семинар якунида иштирокчилар ўз фаолиятларини янада жонлантиришга, бу борада кенг жамоатчилик орасига чуқур кириб боришга келишиб олдилар.
Достон ЗОКИРОВ
Ўзбекистон "Адолат” СДП
вилоят Кенгаши
матбуот хизмати котиби
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!