Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Гараша ҳақида
21 февраль 2022 г 2 561 Комментарии: 0
Ҳар бир инсон ўзининг туғилиб ўсган маскани, она диёри билан фахрланади. Унинг ҳар бир қарич тупроғи, суви, дов-дарахтларию ўт-ўланларигача битмас-тугунмас муҳаббат билан ифтихор қилади.
Она маскан хоҳ у тор кўчалардан иборат маҳалла, хоҳ кенг яйловлар ичидаги овул, хоҳ қир-адирлар орасидаги қишлоқ бўлсин бари бир ўша жойда туғилиб вояга етган инсон учун азиз ва мўътабардир.
Пурвиқор Нурота тизма тоғларининг сўлим этагида, навқирон Фориш заминининг мафтункор адирлари орасида Гараша отлиқ қишлоқ бор. Гараша ўзининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, қадриятлари, асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналари, элда улуғланган инсонлари билан машҳур бўлган қишлоқдир. Ушбу масканда туғилиб ўсган инсонлар доимо ўз она маскани билан фахрланади.
Гараша қишлоғи тарихи XII асрда яшаган тарихий шахс, тасаввуф таълимоти Яссавия тариқатининг йирик вакили Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳ номи билан боғлиқ. Қишлоқда у зотнинг номи билан боғлиқ йирик хонақоҳ мавжуд. Хонақоҳ ҳам тахминан XII асрларга қурилган бўлиб, кейинчалик Мирзо Улуғбек даврида гумбазли шаклда ўрта аср архитектураси асосида мукаммаллаштирилган. Тарихда гарашалик ва бошқа музофотлардан йиғилган тасаввуф алломалари ушбу хонақоҳда йиғилиб, илму маърифатдан мулоҳазалар ва баҳслар олиб борганлар. Ҳозирда мазкур маскан муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади.
Тасаввуф таълимотида Яссавия тариқатининг йирик вакили Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳ исми шарифидаги “грекушоҳ” сўзи “тугунларни ечувчи”, деган маънони билдиради. Тасаввуф таълимоти улуғ намоёндалари, яъни пирлар, шайхлар ва уламолар ислом дини ижтимоий-маънавий амалиётида вужудга келадиган муаммовий саволларга жавоб берганлар ва уларнинг ечимини топиб, мусулмон жамоатига етказганлар. Шунинг учун Мавлоно Муҳаммад Шарифга “грекушоҳ” рутбаси берилган.
Мавлонога тасаввуф тариқатидаги энг олий “Қутбул миллат” унвони берилган. Бу унвон барча қутблар ичидаги энг юқори мартаба ҳисобланган. Шунингдек, Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳ “Қаддасаллоҳу сирраҳул арш”, деб ҳам улуғланган бўлиб, яъни “оллоҳ унинг мартабасини арши аъло устигача чиқарган” деган маънони англатади.
Оллоҳнинг назари тушган, минг йилликларга дахлдор бўлган ушбу заминнинг инсонлари тарихан маърифат кишилари бўлиб, ҳар бир даврнинг ижтимоий-маданий муҳитида ўзига хос обрў ва нуфузга эга бўлиб келганлар. Мавлоно Муҳаммад Шариф авлодлари Хўжа Шамшиддин Муҳаммад, Хўжа Закариё, Хўжа Абдураҳмони Вали, Хўжа Бурҳониддин ва бошқа кўплаб улуғ валийлар, дин пешволари, шайхлар, қозилар, ўтмишда самарали илмий ижод қилган олимлар етишиб чиққан ушбу диёр мамлакат подшоларининг эътиборида бўлганлигини тарихий манбалар исботлайди.
Юз йилликлар давомида ривожлантирилиб келинаётган маърифатга интилиш анъанаси ҳозирги кунда ҳам давом эттирилиб борилаётганлигини тўла ишонч билан айта оламиз. Бу замин фарзандлари бизнинг замондошларимиз Ўзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаев, Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Баҳрилло Лутфуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Саъдулла Ҳаким, Рашид Раупов ва бошқа кўплаб инсонлар маданият ва санъат арбоблари сифатида элга танилган.
Она юртни куйламоқ, унинг мадҳида қалам тебратмоқ нафақат унинг табиати ва гўзаллигини тасвир қилмоқ, балки унда вояга етган инсонлар тўғрисида сўз юритмоқ билан ҳам ифодаланади. Гарашадан бугунги кунгча 6 та фан доктори ва 50 дан ортиқ фан номзодлари етишиб чиққан бўлиб, ушбу илм-фан намоёндалари таълим-тарбия, маданият ва маърифат, умуман халқ хўжалигининг ҳар хил соҳаларида етук кадрлар сифатида мамлакатимизнинг турли бурчакларида фаолият юритиб, Ватан равнақи, давлат ривожи ва халқ фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилмоқдалар.
Гарашадан етишиб чиққан шоирлар, журналистлар, олимлар ва санъат намоёндалари Гараша қишлоғи ҳақида доимий равишда матбуот нашрларида телевидение ва радиода илҳомланиб она диёрни мадҳ этишган, уни завқ-шавқ билан куйлашган. Бу она диёт олдидаги юқори масъуллик бўлиб, қалб қўри, юрак амри билан ўз туғилиб ўсган юртини салобатини эллар аро янада кўз-кўз қилиш, маънан тарғибот қилиш жараёни демакдир. Она диёр мадҳида адибларимизнинг бир неча китоблари ва рисолалари чоп этилган.
Инсон қаерда, нима фаолиятда бўлмасин, она диёрига нисбатан қалб меҳри, юрак таровати билан ёнади, уни кўзига тўтиё айлайди. Бу эса, инсон жисмига зоҳирда маънавий жасорат, маърифий қудрат бахш этади, ботинда эса кўнгил таскинлиги, вужуд ҳаловати каби оромбахш туйғуларни мужассам этади. Ана шу туйғуларнинг ҳаммаси киндик қони тўкилган тупроқнинг нечоғлик улуғлигини, ундан юз ўгириш эса, ота-онадан кечиш билан баробар эканлигини англатади.
Ҳадиси шарифларда Ватанни севмоқ иймондан эканлиги уқтирилган. Ватан эса, киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Она заминдан ифтихор туйғуси, фахрланиш ҳисси юқори ва мукаммал маънавий туйғу сифатида шу юртда туғилган барча фарзандлар учун бирдек тегишли эканлигини ҳам таъкидлаш ўринли. Шу билан биргаликда фарзандлар қаерда ва қайси фаолиятда бўлмасин, доимий равишда унинг равнақи, шону шавкати, келажак истиқболи ҳақида доимо ўйлаши, ғамхўрлик қилиши лозим.
Ватан ва унинг улуғларини мадҳ этиш, уларга бағишлаб шеъру ғазал битиш инсон кўнглига ўз-ўзидан келиб қолмайди, бу туйғу инсон қалбида болаликдан, она заминни кенгликларини ва гўзалликларини ҳис этиб бошлагандан шакклланади, мукаммаллашиб, сайқалланиб боради. Унинг юқори нуқтасига етишиб бўлмайди, лекин ҳаракат ҳам тўхтамайди. Бу эса, ҳар бир кун, ҳар бир соат она диёрни инсон ўз кўнглининг тўридан чиқармаслиги лозимлигини билдиради. Бу жараён инсонга ҳаёти давомида куч-қувват бағишлайди, илҳом беради. Гарашалик улуғ аллома Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳ ҳақида битилган ғазал у кишининг юксак ва муқаддас даҳосига бағишланади.
Грекушоҳ даҳоси
Асрлардан қолган буюк ҳикоят,
Улуғдир Грекушоҳ даҳоси ғоят.
Қолдирди тарихда Шариф деган ном,
Авлодлар наздида қутлуғ зўр калом.
Мавлоно Муҳаммад Шариф Грекушоҳ,
Маърифат бобида қолдирди зўр боғ.
Ҳазрат Яссавийнинг шогирди – шараф,
Бу тариқат аҳлига келтургуси наф.
Буюк устоз ўргатди илму исломни,
Шариат, тариқат, қутлуғ каломни.
Чиқмай доим устозининг измидан,
Мустаҳкам жой олди ҳазрат наздидан.
Тариқат йўлини ишонмоқ учун,
Синади шогирдин илоҳий кучин.
Ўтда ёнмас қудратни кўрмоқлик учун,
Гуркиратиб ёндирди тандирга ўтин.
Ё Оллоҳ деб кирди тандирга ул мард,
Чиқди шогирд оловдан юқмайин ҳеч гард.
Берди устоз шогирдга авлиёлик рутбасин,
Кийдирди Пири муршид нурли хирқасин.
Мувофиқ бўлди бунда роҳи маънавий,
Оқ фотиҳа берди Ҳазрат Яссавий.
Борар жойга маъво фатвои одил,
Оқ туя еттинчи тўхтаган манзил.
Мақсад сари чиқди муқаддас карвон,
Нурли манзил йўллари бўлди хўб равон.
Она замин мавжланиб очди хўб чирой
Йўлларни ёритди қуёш билан ой.
Карвонбоши бобом кўнглида ҳузур,
Манзилга элтмоқда илоҳий бир нур.
Улуғ фатводаги нурли иноят -
Қўнди оқ туя ҳам бунда ниҳоят.
Наҳот манзил бўлди тоғу тошли юрт?
Оллоҳ буюрган ер, кел кўзинга сурт.
Агар юрсанг ўнгу сўлга қир оша,
Бир ён Самарқанду, бирён Нурота.
Мавлона ҳассасин ерга урган чоғ,
Пайдо бўлди гўшада муқаддас булоқ.
Яшнаб кетди замин гўёки баҳор,
Нуротодан нур олди файзли Жондоҳор.
Бошланди бу заминда Мавлононинг ижоди,
Оллоҳга суюкли ва пайғамбар авлоди.
Дин диёнат ривожи бўлди муроди,
Ҳар каломда зикр этилур оллоҳнинг ёди.
Шариат йўлида чекди зўр заҳмат,
Мусулмон қавмида ул “Қутбул миллат”.
Тариқат рукнини тутди мустаҳкам,
Маърифат байроғи қўлида маҳкам.
Ҳақиқат йўлида қилганчун зўр шаҳд,
Аҳли мусулмондин ёғилди раҳмат.
Эл улусни диёнатдан этишчун огоҳ,
Гараша заминда қурди хонақоҳ.
Хонақоҳда жам бўлди аҳли тариқат,
Элга раво бўлди юксак маърифат.
Тариқат аҳлини чорлар бағрига,
Аҳли илм йиғилур зиё шаҳрига.
Довруғи тарқалди ватанга ҳар ёқ,
Келди илму толиб маърифат маёқ.
Гоҳ пиёда, гоҳ отда елиб келдилар,
Грекушоҳ шарафин билиб келдилар.
Шайхул машшойих, уламою орифон,
Мавлоно илми ила бўлди доруломон.
Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат,
Ҳақиқатга етиштирар илму ҳол фақат.
Аршдан нур олди гумбазли даргоҳ,
Илм сирин очарди вали Грекушоҳ.
Маърифат йўлдида хўб қилинди шашт,
Иймонга чўлғонди ҳам саҳрои дашт.
Аҳли мусулмон улуғликчун этиб бахш,
Мадҳ этдилар: “Қаддасаллоҳу сирраҳул арш”.
Маънавият йўлида зўр қудрат, ҳиммат,
Авлодларга мерос қолди юксак маърифат.
Мавлоно Грекушоҳ даҳоси теграсида,
Ёзди Акбар Исо шеърий қасида.
Акбар Саитқосимов
Фалсафа фанлари доктори, профессор
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!