» » Дунёнинг етакчи клиникасида ишлаган ўзбек шифокори Жиззахга қайтди

Дунёнинг етакчи клиникасида ишлаган ўзбек шифокори Жиззахга қайтди

21 февраль 2022 г 554 Комментарии: 0

Юрак соҳасидаги жарроҳлик операциялари ўта мураккаб ва анчайин хавфли. Шу сабабли юртдошларимиз яқин йилларгача бундай муолажалар учун ривожланган мамлакатлар клиникаларига бориб даволанишга мажбур эди.

Эндиликда эса бунга ҳожат йўқ. Нафақат пойтахтимиз, балки жойларда ҳам аорта-коронар шунтлаш, юрак клапанларини алмаштириш, орттирилган ва туғма юрак нуқсонларини бартараф этиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилмоқда.

Бунда юксак билим ва малакага эга, хорижий давлатларда тажриба орттириб қайтган шифокорларимизнинг ҳам хизмати катта.

Фарудун Тўраев — шундай маҳоратли анестезиолог-реаниматологлардан бири. Ҳозир 29 ёшда. Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридан. Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомлаган.

2019-2021 йилларда Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир касалликлари жарроҳлик марказида кардиоанестезиология ва реанимация йўналишида ординатурада ўқиган. Шундан сўнг мазкур марказда ишлаб тажриба орттирган.

— Россиядаги фаолиятим давомида юрак-қон томир тизимидаги деярли барча операцияларда иштирок этдим, — дейди Ф. Тўраев. — Қолаверса, кардиохирургик амалиётларда анестезия, яъни наркоз беришнинг ўзига хос усуллари, операциядан кейин беморларни реанимацияда даволаш, сунъий юрак аппарати билан ишлашни ўргандим.

Ана шу даврда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида янги очилган Кардиохирургия бўлимида ишлаш таклифи тушди. Аслида бу соҳани танлашим, қолаверса, хорижда билим оширишдан мақсадим халқимиз саломатлигига кўпроқ ҳисса қўшиш эди. Шунинг учун ҳеч иккиланмай, Ватанга қайтдим.

Фарудун суҳбат давомида Ўзбекистонда кардиохирургия соҳасидаги имкониятлар Россиядагидан кам эмаслигини, аксинча бу йўналиш жадал ривожланаётганидан тўлқинланганини таъкидлайди.

— Кардиохирургия юқори технологик жараён бўлгани учун аввалига бироз ҳадик бор эди, — дея сўзида давом этади шифокор. — Ўзбекистонда бунга мос шароит бормикан, деб ўйлаганим ҳам рост. Жиззахдаги биринчи иш кунимдаёқ фикрим мутлақо ўзгарди. Бу ерда яратилган шароитлар, тиббий технология ва жиҳозлар кутганимдан аъло экан.

Филиалда иш бошлаганимдан буён ўтган 6 ойдан зиёд вақт ичида тўқсондан ортиқ операцияда иштирок этдим. Бу ерда устоз шифокорлар кўмагида тажрибамни янада оширяпман. Келгусида юртимизда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари камайишига оз бўлса-да ҳиссам қўшилса, ўзимни жуда бахтиёр сезаман.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!