Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » ССВ: Жиззахда ўтган йили мингдан ортиқ мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Эндиликда бу рақамлар янада ортади
23 февраль 2022 г 692 Комментарии: 0
Бугунги кунда дунё аҳолиси орасида юрак-қон томир хасталиклари ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг энг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Қолаверса, айни пайтда мамлакатимизда ҳам умумий ўлимларнинг 58 фоиздан ортиғи айнан ушбу касалликлар туфайли юз бермоқда.
Шу боис юртимизда уларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш, аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлар сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Буни Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Муассаса раҳбари Нурали Қурбоновнинг таъкидлашича, Жиззах вилояти аҳолисининг юрак-қон томир касалликларига чалиниш кўрсаткичи республикада етакчи ўринлардан бирини ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда ҳудудда яшовчи 55 минг нафардан ортиқ катта ёшдаги инсонлар айни шу хасталикдан азият чекмоқда.
Шу маънода 2019 йил 100 ўринли ушбу марказ ишга туширилиши, 2020 йил бошида эса 38 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, жаҳон андозаларига мос, юқори технологик текшириш ва даволаш усуллари йўлга қўйилиши бундай беморларга қатор қулайликлар яратди.
— Ҳозир муассасамизда стационар даволаниш ва диагностика учун барча шароитлар мавжуд, — дейди Нурали Қурбонов. — Беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида 6 ўринли кардиореанимация бўлими фаолият кўрсатмоқда. Натижада ҳудуд аҳолисининг даволаниш учун пойтахтга боришига деярли ҳожат қолмади. Ортиқча харажат ва оворагарчиликларга чек қўйилди.
Филиалда 2019 йил 56 нафар ходим фаолият юритган бўлса, 2021 йил улар сони 170 нафарни ташкил этди. Шундан 2 нафари тиббиёт фанлари доктори, 4 нафари эса хорижда таҳсил олган шифокорлардир.
Бу ерда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари бошчилигида 2020 йил декабрь ойидан бошлаб юрак тож томирларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказиб келинмоқда. 2021 йил май ойида эса вилоятда илк бор юракнинг мураккаб очиқ операцияси муваффақиятли амалга оширилди. Эндиликда бу каби муолажалар муассасада тизимли равишда йўлга қўйилади.
Умуман, 2021 йил филиалда коронарография, стентлаш, юракка кардиостимулятор ўрнатиш, юрак аритмияларини бартараф этиш, туғма юрак нуқсонларини коррекция қилиш каби 10 турдаги юқори технологияли 1000дан ортиқ кардиожарроҳлик амалиётлари бажарилди. Бу рақамлар келгусида янада ортиши кутилмоқда. Сабаби филиал яқинда бир қатор замонавий жарроҳлик ускуна ва жиҳозлари билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!