» » Чет элдан қайтган ўзбек шифокори Жиззахда рентген эндоваскуляр жарроҳлик йўналишини ривожлантирмоқчи

Чет элдан қайтган ўзбек шифокори Жиззахда рентген эндоваскуляр жарроҳлик йўналишини ривожлантирмоқчи

26 февраль 2022 г 666 Комментарии: 0

Юрак соҳасидаги ҳар бир жарроҳлик амалиёти мураккаб. Бундай юқори технологик операцияларни ўтказиш учун тиббиёт ходимларидан юксак билим ва маҳорат талаб этилади. Айниқса, ҳозирги инновацион ривожланиш асрида бу жуда муҳим.

Шу сабабли яқин йилларгача бундай амалиётлар пойтахтимизда, энг етакчи кардиожарроҳлар бошчилигида бажарилгани сир эмас. Эндиликда эса ихтисослашган тиббий хизмат аҳолига яқинлашмоқда. Вилоятлар марказлари, қолаверса, туманларда ҳам юқори технологик операциялар амалга оширилаяпти.

Маҳоратли шифокор Шердил Баҳронов ҳам ана шундай имкониятлар туфайли хориждан Ватанига қайтди. У Бухоро давлат университетини тамомлаган. Бир муддат юртимиздаги тиббиёт муассасаларида ишлаган ҳам.

Шундан сўнг билимини янада чуқурлаштириш мақсадида 2018-2020 йилларда Москада, Россия халқлар дўстлиги университетида рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўйича ординатурада таҳсил олди.

— Ўқишни тамомлаб Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига қарашли Вишневский номидаги Марказий ҳарбий клиник госпиталда шу йўналишда ишладим, — дейди Ш. Баҳронов. — Фаолиятим давомида юрак тож томирларини текшириш ва стентлаш, бўйин ва оёқдаги қон томирларини ангиография қилиш, туғма юрак нуқсонларини даволаш, катта қон томирларига стентграф қўйиш каби мураккаб амалиётларни ўргандим.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига ишга таклиф қилингач, орттирган билим ва тажрибамни юртимизда қўллаш вақти келганини англадим. Мана, бир ярим йилдирки, шу ердаман. Ўтган қисқа даврда 400дан зиёд кардиохирургик операциялар ўтказдим.

Бу ерда яратилган шароитлар ҳавас қиларли даражада. Фаолиятимиз учун зарур бўлган энг илғор тиббий технология ва жиҳозларга эгамиз. Хусусан, ўзим иш олиб бораётган рентген эндоваскуляр жарроҳлик йўналишида барча имкониятлар муҳайё этилган. Жиззахда шу соҳани ривожлантиришни мақсад қилганман. Бунинг учун бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!