» » Жиззахда чўл ва кўл ҳудудлари экотизимини сақлаб қолиш учун нима қилинмоқда?

Жиззахда чўл ва кўл ҳудудлари экотизимини сақлаб қолиш учун нима қилинмоқда?

10 март 2022 г 1 045 Комментарии: 0

Жиззах вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасида “Чўл ва кўл ҳудудларининг иқлимига мос бўлган дарахт ва буталар экиш бўйича илмий ишлар ва чел эл тажрибалари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Тадбирда бошқарма, мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари, Жиззах давлат педагогика институти физиология ва экология ҳамда Жиззах политехника институтининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси кафедраларининг профессор-ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда “Шўрланган ерларда, чўл ва кўл ҳудудларида, иқлимга мослаштирилган дарахт, бута, саксовул ҳамда янтоқ ўсимликларини парвариш қилишнинг илмий асослари ва уни амалиётга тадбиқ этиш масалалари” мавзусидаги маъруза тингланди.

Шунингдек, семинарда Президентимизнинг 2022 йил 22 феваралдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти ҳокимлиги, маҳаллий ҳокимликлар, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ва унинг туман бўлими ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, кўллар атрофидаги экологик вазиятни яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экотуризмни ривожлантириш, инвестициялар киритиш, туристик дам олиш зоналарини барпо этиш, аҳолига парҳезбоп маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида балиқчиликни ривожлантириш, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида янги иш ўринлари яратиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, бугунги кунда ушбу кўллар тизимида ҳали юзлаб гектар майдон ижарага берилмагани, балиқ овлаш кўрсаткичлари йилдан-йилга камайиб, бу борадаги кўрсаткичлар пасайиб кетаётгани, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари ҳали ҳам мавжудлиги, эко, агро ва бошқа туризм турларини ривожлантириш учун етарли муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ташкил этилмаганлиги борасида танқидий мулоҳазалар билдирилди.

Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан тизимли фойдаланишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Ўқув-семинарда Айдар-Арнасой кўллар тизими экотизимини сақлаб қолиш мақсадида ҳудуднинг иқлим шароитга мос бўлган дарахт турларини танлаш, бу борадаги чет эл тажрибаларини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!