» » Жиззахда ноқонуний йўловчи ташиган хусусий корхона аниқланди

Жиззахда ноқонуний йўловчи ташиган хусусий корхона аниқланди

10 март 2022 г 840 Комментарии: 0

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан Жиззах вилояти транспорт бошқармасининг масъул ходимлари томонидан Дўстлик шаҳарчасида фаолият олиб бораётган “Жаҳонгир Камолтрансавто” хусусий корхонасида амалдаги тартибга асосан текширув ўтказилди.

Аҳоли орасига кириб бориш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва бартараф этиш – бугуннинг, аниқроғи бугун масъул вазифада ўтирган ҳар бир катта-кичик раҳбар ва мутасадди ходимларнинг олдида турган, кечиктирмай ҳал қилиниши лозим бўлган энг долзарб масалалардан биридир.

Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган бир нечта “ГАЗ А65 Р-3360” русумли автотранспорт воситалари тендер ҳужжатларига эга бўлмасдан туриб “Гагарин – Жиззах” йўналишида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланганлик ҳолати текширув даврида ошкор бўлди. Мазкур ҳолат юзасидан корхона раҳбари О.Пўлатовдан тегишли тушунтириш хати олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 165-моддаси 3-қисмига асосан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Шунингдек, мазкур транспорт воситаларига 2021 йилнинг декабрь ойи учун берилган йўл варақаларида 16,17,18,19 ва 20 декабрь кунлари ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармасдан, яъни тегишли суғурта полиси билан таъминламасдан йўналишга йўловчи ташишга рухсат берилган. Ушбу ҳолат юзасидан корхона раҳбари, техниги ва нозим вазифасини бажарувчисидан тушунтириш хатлари олинди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1461-моддасига асосан тегишли тартибда маъмурий баённомалар тузилди.

Шунингдек, ушбу йўналишда ўтказилган текширувларда корхонага тегишли бўлган “Lada Largus” русумли транспорт воситасига ҳам 2022 йил 1 январида берилган 6-сонли йўл варақасида 4 январь кунидан 24 январь кунига қадар ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармасдан, яъни тегишли суғурта полиси билан таъминламасдан, тегишли тартибда таниш белгилар билан жиҳозламасдан йўналишга рухсат берилганлиги аниқланди.

Ҳозирда корхонада ҳеч бир йўналиш учун амалда бўлган тендер контрактлари йўқлиги аниқланган ва лицензия талаб, шартлари қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган.

Ушбу корхонада ташувлар хавфсизлиги бўйича аттестациядан ўтган ва махсус сертификатга эга бўлган ходим ҳам мавжуд эмас.

Аҳоли мурожаатларига асосан масъуллар иштирокида ўтказилган ўрганишда мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 июндаги 399-сонли қарори талабларига тўғри келмаслиги очиқланди. Ушбу қарорнинг 2-банди 3-қисмида: “йўловчи ва юкларни автомобиль транспортида ташиш ушбу соҳада камида уч йил иш стажига, автомобиль ёки техник йўналишда олий касбий маълумотга ва малака сертификатига эга ходими мавжуд бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади” дея келтириб ўтилган.

Аммо амалдаги тартиб-тамоил ҳам хусусий корхона мутасаддилари томонидан бузилган.

– Юқорида келтирилган ҳолатларга қайта йўл қўймасликлари бўйича корхона масъул ходимларига зарур кўрсатмалар берилди, – дейди Жиззах вилояти транспорт бошқармаси матбуот котиби Маърифат Мавланова. – Текширув натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома қонуний чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман судига ҳамда тегишлилиги бўйича Дўстлик туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан киритилди.

Ушбу қонун бузилиш ҳолати жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди томонидан ўрганилиб, ҳуқуқбузар О.Пўлатовга нисбатан жазо тайинлашда унинг шахсини, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлгини, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини, моддий имкониятини ҳамда ишдаги бошқа жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, унга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 146 прим 1-моддаси, 176 прим 4-моддаси 1-қисми, 165-моддаси 3-қисми билан мазкур моддалар санкция доирасида жарима жазоси тайинланиб, МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил БҲМнинг 15 баробари миқдорида жарима жазоси тайинлашни лозим топди.

Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича Жиззах вилояти транспорт бошқармаси масъуллари томонидан ўтказилган ўрганишларга асосан, Дўстлик туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризалари бўйича суд жараётлари давом этмоқда.

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!