» » Чорвачиликдаги истиқболли лойиҳалар

Чорвачиликдаги истиқболли лойиҳалар

04 апрель 2022 г 511 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан Арнасой туманига пресс-тур ташкил этилди.

“Чорвачилик соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Сангзор” кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. Мамлакатимизда чорвачиликда наслчилик ишларини ташкил этиш ва шу орқали зотли қорамоллар сонини кўпайтириш ишлари қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлиб, ҳайвонларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатини яхшилаш мақсадида қабул қилинган “Наслчилик тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни фикримизнинг яққол тасдиғидир.  

Ушбу қонуннинг янги таҳриридаги 7-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг наслчилик соҳасидаги ваколатлари аниқ белгилаб берилган. Унга мувофиқ, “Инспекция органи зотли моллардан оқилона фойдаланилиши, ҳайвонлар ва уларнинг уруғлари экспорт ва импорт қилиниши, чорвачиликда наслчилик ишларининг ҳисоби юритилиши устидан назоратни амалга оширади. Давлат, идоравий ва хусусий секторлардаги чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича мутахассислар фаолияти устидан назоратни амалга оширади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради”, дея белгиланган. 

– Кўп тармоқли фермер хўжалигимизга қарашли 1 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган ушбу чорва комплексимизда 320 бош симентал зотли, шундан 200 бошини соғин сигирлар ташкил этиб, ушбу қорамоллар барча белгиланган рационга риоя этилган ҳолда парвариш қилинмоқда, – дейди “Сангзор” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Фарҳод Ёдгоров. – Ҳар бош соғин сигирдан кунига ўртача 20 литр атрофида сут соғиб олинмоқда. Чорва комплексимизда 20 киши доимий иш билан таъминланган. Келгусида мана шу чорва комплекси ҳудудида сутни қайта ишлаш цехини барпо этишни режалаштирганмиз. Қурилиш ишлари якунига етгач, Австриядан сутни қайта ишлаш жиҳозларини олиб келиб ўрнатамиз. Ана шунда яна 6 киши доимий иш ўрни билан таъминланади. “Сангзор” кўп тармоқли фермер хўжалигида сунъий уруғлантириш учун Австрия ва Германия давлатларидан керакли дозадаги буқа уруғлари олиб келиниб, махсус идишларда сақланмоқда.  

– Чорва молларининг наслини яхшилашда сунъий уруғлантиришнинг аҳамияти катта, – дейди Инспекциянинг Арнасой туман бўлими катта инспектори И.Маматов. – Ваколатдан келиб чиқиб, ҳудудда сунъий уруғлантириш борасида амалга ошириладиган ишлар қатъий назоратга олиниб, чорвадорлар ўртасида тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда, туманда қорамолчилик йўналишида 44 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, уларда 1 минг 926 бош йирик шохли зотдор қорамол парваришланмоқда. Жиззах вилояти бўйича эса 1 минг 396 та чорвачилик субъекти мавжуд бўлиб, шундан, 32 тасини наслчилик мақомини олган хўжаликлар ташкил қилади. Чорвачилик субъектларининг 715 таси қорамолчиликка ихтисослашган. Наслчилик хўжаликларида 2 минг 500 бошдан ортиқ зотдор моллар парвариш қилинаяпти.  

Пресс-тур давомида иштирокчиларга чорвачилик фермер хўжалиги учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ем-хашак жамғарилиши ва қишлоқ мулкдорининг келгусида қайта ишлаш борасидаги режалари тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилди. Арнасой туманида балиқ етиштириш борасида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, кейинги манзил айнан балиқчилик билан шуғулланаётган “Турфа балиқ” хусусий корхонаси бўлди.  
– 2018 йил ташкил этилган корхонага 114 гектар ер майдони ажратиб берилган, – дейди “Ўзагроинспекция” нинг туман бўлими инспектори Б.Исаев. – Ишбилармон томонидан 98 гектарга сунъий сув ҳавзаси барпо этилган. 

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 63 та назорат тадбири олиб борилган. Шунингдек, доимий равишда тадбиркорлик субъектларида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш тўғрисида тарғибот тадбирлари ҳам изчиллик билан амалга ошириб борилмоқда. Қайд этиш жоиз, “Турфа балиқ” хусусий корхонаси томонидан биргина ўтган 2021 йилнинг ўзида 100 тонна парҳезбоп балиқ маҳсулоти халқимиз дастурхонига етказиб берилди. Жорий йилда балиқ етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида шу кунларда 15 минг дона чавоқ маҳсулотларини сунъий сув ҳавзасига ташлаш ишлари олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида, бугунги кунда Арнасой туманида балиқчилик йўналишида 7 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.  
Пресс-тур якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.  

А.Қаюмов

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!