» » Дастурчилар учун қайси вилоят жозибадорроқ бўлмоқда?

Дастурчилар учун қайси вилоят жозибадорроқ бўлмоқда?

27 апрель 2022 г 736 Комментарии: 0

2 йил аввал жон бошига дастурлаш хизматлари ҳажми бўйича энг охирги ўринда  Жиззах вилояти эди, лекин Давлатимиз Раҳбари томонидан вилоятларда ҳам дастурчиларни ўзига жалб этишга ҳаракат қилиш бўйича белгиланган вазифаларни тўғри тушунган вилоят ҳокими АКТ ривожланишини устувор йўналиш сифатида ўз шахсий назоратига олиб, вилоят ҳокимлиги ёнида замонавий IT Park биносини қуриб, Ҳиндистон билан ҳамкорликдаги IT университети, BPO мактаби ва масофавий экспорт хизматлари марказини, умуман олганда ўзига хос IT кластерини ташкил этгани ва маҳаллий дастурчилар лойиҳалари учун маблағлар ажратгани сабабли, Жиззах вилояти 2 йилда 11 поғона кўтарилиб, ушбу кўрсаткич бўйича ҳудудлар орасида 3чи ўринни эгаллади.

Худди шундай ўз ҳудудида юқори маошли ишчи ўринларини яратиш, хизматлар экспортини ошириш ва шу орқали маҳаллий бюджетга даромадларни кўпайтириш ниятида бўлган ҳудудлар раҳбарлари АКТ соҳасини ҳам устувор соҳа сифатида белгилаб, АКТ учун жозибадор ҳудудга айланишга ҳаракат қилишса, масофавий экспорт марказларини яратиш бўйича юборилган таклифларни назоратга олишса ҳамда дастурчиларнинг ва BPO хизматлари кўрсатаётганларнинг ҳудудга ишончини ошириб уларни расмий рўйхатдан ўтиб ишлашларига шароит яратиб, кадрлар тайёрлашга ва қўшимча ҳудудий лойиҳаларга маблағ ажратишса, албатта, ўша ҳудуддаги маҳаллий дастурчилар Тошкентга кетишга ҳаракат қилишмайди, аксинча Тошкентда фаолият юритаётган АКТ компаниялари ҳам ўша ҳудудга боришга ҳаракат қилишади, чунки вилоятларда яшаш харажатлари ҳамда ойлик маошлар Тошкентдагига нисбатан пастлиги уларнинг таннарҳини туширишга ёрдам беради.

АКТ мутахассисларига талаб юқори бўлгани сабабли улар ўзига қулай бўлган жойда ишлашга ҳаракат қилишади. Шу сабабли одатда вилоятда ўсиб ўрганган яхши АКТ мутахассиси Тошкентга келиб ишларди, кейинчалик эса кўпчилиги катта лойиҳаларда ишлаш учун чет элга кетишга ҳаракат қиларди. Кўз тегмасин, охирги йиллардаги АКТ соҳасига Давлатимиз Раҳбарининг эътибори сабабли чет элга кетган мутахассислар ҳам қайтиб келиб, ўша хизматларини масофадан Ўзбекистонда яшаб кўрсатиш ҳолатлари кўпаймоқда. EPAM, Exadel, iTechArt, iTransition каби қатор йирик корхоналарни Ўзбекистондаги бўлинмаларини кенгайиши ҳам маҳаллий дастурчиларга чет элга кетмасдан туриб, шу ерда катта лойиҳаларда юқори маошли ишда ишлашга имкониятлар очади.

PS. Жадвалда барча ҳудудларда дастурлаш хизматлари ҳажми ошганини кўриш мумкин, фақат қайсидир ҳудудларда тезроқ ошган ва ҳудудлар ўринлари алмашган. Шунинг учун бу жадвални бирон-бир ҳудудга нисбатан салбий фикр шакллантириш учун ишлатмасликни илтимос қиламиз.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!