» » Илмга бахшида умр: 60 йиллик илмий фаолият эътирофи

Илмга бахшида умр: 60 йиллик илмий фаолият эътирофи

31 май 2022 г 910 Комментарии: 0

Жиззах давлат педагогика институтида бўлиб ўтган икки нафар устоз олиманинг юбилей кечаси “Илмга бахшида умр”, деб номланди.

Истеъдод ва маҳорати, кўз нури, қалб қўрини бахш этиб, ёш авлодга илм-фан сирлари ва одамийлик сабоқларини ўргатиб келаётган инсонларни ҳурмат ва эъзоз билан “Устоз”, дея улуғлаймиз. 

Асрлар чиғириғидан ўтган мазкур сўзда теран ҳикмат мужассам. Устознинг айтган ҳар бир каломи, берган доно ўгитлари бизга ҳамроҳ бўлиб, ҳаёт йўлларимизни қуёш мисол нурафшон этади. Жиззах давлат педагогика институтининг тарих факультетида фаолият юритиб келаётган олималар – профессор Фания Ахмедшина ҳамда Рая Нурқулова бугун юзлаб шогирдлари даврасида меҳнати мевасидан завқланиб яшаётган фахрий  устозлардан. Улар умрини илмга, таълим-тарбияга бағишлаб, обрў-эътибор, ҳурмат қозонган, шогирдлари қалбидан муносиб жой олган энг бахтли аёллардир. 
“Илмга бахшида умр” тадбири фахрий устозларнинг 60 йиллик илмий-педагогик фаолиятига бағишланди.

– Ҳеч бир аёл учун иш ва оилани тенг олиб бориш осон эмас, албатта, – дейди институт ректори Шавкат Шарипов. – Буларнинг барчаси жуда кўп меҳнат ва ҳаракат талаб этади. Илм йўлида қанча тўсиқ ва машаққатлар борлиги аён. Изланишлар, яхшиликлар, ҳалол меҳнатнинг натижаси мана шундай олқишларга олиб келади. 

– Мактабни битиргач олдимда фақат битта мақсад бор эди – ўқитувчи бўлиш, – дейди устоз Рая Нурқулова. – Мендаги иштиёқ ва қатъий интилишни кўрган яқинларим мақсадимни қўллаб-қувватлади. Талабалик бахтига муяссар бўлдим. Битирдим, ишладим. Жиззах давлат педагогика институти ҳаётимда жуда катта ўрин тутади. Бу ерда кўплаб буюк инсонлар сабоғи, маслаҳатлари, ўгитларини олганман. Уларга ҳавас қилиб, изланишга, олға интилишга ҳаракат қилдим. Ишлаш давомида билимимни ошириш билан бир қаторда, маҳоратимни ҳам тоблаб бордим. Шукр мана шу кунларга ҳам етиб келдим, бугун ортга қарасам 60 йиллик меҳнат йўлини бир зумда босиб ўтибман.

– Шогирдларимнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман, янада каттароқ муваффақиятларга эришишини тилаб дуо қиламан, – дейди профессор Фания Ахмедшина. – Турли йилларда кўплаб талаба ёшларга сабоқ берганман. Бугун шогирдларимнинг кўпчилиги таниқли инсон, Республикамизнинг турли вилоятларида фаолият юритмоқда. Бундан фахрланаман. Аёл қанчалик билимли ва салоҳиятли бўлса, у тарбиялаган авлод ҳам шундай етук шахс бўлиб камолга етади. 

Бугун шогирдлари, яқинлари, ҳамкасблари қуршовида бахтдан гул-гул ёниб турган, ҳаяжондан сўзларидан адашиб гулдасталарга кўмилган, хурсандчилиги, бутун меҳри, табассумини сиз-у бизга улашаётган устозлар эътироф ва эътиборга муносиб. 

Жиззах давлат педагогика институти ахборот хизмати

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!