Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Актам Ҳаитов Жиззахда тадбиркорлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан яқиндан мулоқот қилди
14 июль 2022 г 635 Комментарии: 0
Партия вакиллари дастлаб, Жиззах шаҳридаги “NEW LAND” МЧЖда бўлди. Мазкур тикувчилик корхонаси сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган сифат жиҳатдан бутунлай янги ислоҳотларнинг амалий самарасини кўрсатувчи объектдир.
2018 йилда иш бошлаган ушбу трикотаж фабрикасида 278 нафар киши, асосан, маҳаллий хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган. Корхонада айни пайтда йилига 2 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари тайёрланмоқда. Қиймати 2 миллиард сўмга яқин маҳсулотлар ички бозорга, 3,5 миллион долларлик маҳсулотлар эса экспортга йўналтирилмоқда.
Яқин икки йилда экспортни 8 миллионга, иш ўринлари сонини 550 нафарга етказиш режалаштирилган.
Ташриф давомида ишчи гуруҳ аъзолари корхонада ишчи ва хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар, “Фарали” бренди остида чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар намуналари билан танишди.
Тадбирда Конституциявий ислоҳотларга оид қонун лойиҳасидан ўрин олган ўзгариш ва қўшимчаларнинг долзарблиги, зарурияти ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Жумладан, Янги Конституцияга киритиш учун таклиф қилинаётган хусусий мулк ва унинг ишончли кафолати, фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим, тиббиёт соҳаларига оид бир қатор нормалар атрофлича муҳокама қилинди.
Айниқса, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлди. Тадбир иштирокчилари ҳам бу борадаги ўз фикр ва мулоҳазалари, асосли таклифларини айтиб ўтди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ташриф буюрган навбатдаги манзил – Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинидаги оилавий тадбиркор – Дилафрўз Икромова хонадони бўлди. Ишбилармон аёл ўз уйида тикувчилик цехи ташкил қилиб, ҳар хил турдаги замонавий сумкалар тикишни йўлга қўйган. Айни пайтда цехда 30 нафар маҳалла хотин-қизлари меҳнат қилмоқда.
Тадбиркор ўз фаолиятини янада кенгайтириш ниятида. Бунинг учун ер майдони ажратишда ёрдам сўраб, ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилди. Тадбиркорнинг мурожаати назоратга олиниб, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!