» » “Дўстлик дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига пресс-турда ташкил этилди

“Дўстлик дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига пресс-турда ташкил этилди

18 июль 2022 г 635 Комментарии: 0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ҳамкорлигида “Дўстлик дон маҳсулотлари” акциядорлик жамиятига ташкил этилган пресс-турда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Тадбир, Президентимиз ҳузурида жорий йилнинг 11 май куни “Дон маҳсулотлари корхоналарида трансформация жараёнлари натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари” масаласида ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратилди. Унда ғаллачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи бўйича устувор вазифалар, жумладан, тармоққа бозор механизмларини тўла жорий этиш, давлат буюртмасини бекор қилиш, фермерлар манфаатдорлигини ошириш, ғалла ҳосилдорлигини кўтариш орқали аҳолини озиқ-овқат билан барқарор таъминлашга эришиш масалалари муҳокама қилинган эди.

Пресс-турда вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори Дилёр Мўминов, Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фермер ҳўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ғаллани давлат эҳтиёжлари учун зарур ҳажмдан ортиқ харид қилишдан воз кечиш орқали соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим ҳужжатлардан бири бўлганини, натижада деҳқоннинг косаси оқариб, манфаатдорлиги ошаётганини, шу билан бирга ун ва ун маҳсулотларининг нархи ҳам бир меъёрга келганини таъкидлади.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг “Ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижроси устидан ҳам қатъий назорат ўрнатилганлиги, прокуратура органларига белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам йиғилганларга батафсил маълумот берилди.

Жорий қишлоқ хўжалик мавсумида вилоят бўйича жами 93 минг 500 гектар сувли майдонларда етиштирилган бошоқли дон 3 та дон корхоналарига топширилиши белгиланган. Ана шу корхоналардаги 10 та дон қабул қилиш шохобчаларига вилоят прокуратураси ходимлари бошчилигида департамент, ички ишлар, миллий гвардия, божхона, агроинспекция, молия, банк, солиқ ва қишлоқ хўжалиги идораларининг ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган.

Вилоят прокуратураси томонидан ҳар бир ҳудудда тарғибот гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, ғаллачилик соҳасидаги янги тизимнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Вилоятда ғалла ўрим-йиғим мавсумини тизимли якунига етказиш мақсадида – 133 та ўрим отрядлари ташкил этилиб, уларга 304 та ғалла ўриш комбайни, 1 минг 480 та ташиш техникаси, 80 та кўчма устахона, 91 та ёқилғи ташиш техникалари бириктирилган.

212 минг 889 тоннадан ортиқ дон маҳсулотлари юқорида таъкидланган 3 та дон корхонасига топширилиб, 197 та нон ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдолари орқали 1 июндан 30 июнга қадар 1 минг 802 тонна ун сотиб олинган ва 33 минг дона атрофидаги қолипли нон аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилган. Айни пайтда, ишлаб чиқарувчилар ихтиёрида 420 тонна ун мавжуд эканлиги очиқланди.

Жорий йилнинг июнь ойи давомида вилоятдаги чакана ун савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар биржадан 4 минг 434 тонна ун маҳсулоти сотиб олиб, 524 та аҳоли яшаш пунктларидаги шохобчаларда уни сотилишини амалга оширган. Айни пайтда ҳам қолипли ноннинг 1 донаси 2 минг 500 сўмдан 2 минг 700 сўмгача, унинг 1 килограмми эса 4 минг 800 сўмдан 5 минг сўмгача сотилаётганлиги қайд этилди.

Тайёрланган нон маҳсулотларини аниқ режа ва тақсимот асосида савдо дўконлари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа корхоналарга етказиб берилиши бугунги кунда ҳам департамент ходиимларининг назоратида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Ғалла ўрим-йиғим мавсуми охирлаб қолганига қарамай “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖ корхонасида иш қизғин бораётганига гувоҳ бўлдик. Бу ерга келтирилган ғалла пешма-пеш қуритилиб, омборларга жойланаяпти ва дон қабул қилиш ишлари намунали ташкил этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

– Арнасой, Дўстлик ва Мирзачўл туманларидаги ғаллачилик кластерлари билан контрактация шартномалари тузганмиз, – дейди жамият бош технологи Умар Омонов пресс-тур қатнашчиларини дон қабул қилиш жараёнлари билан яқиндан таништирар экан. – Донни қабул қилишда лабораториямизда ғалланинг сифатини текшириш учун барча шароитлар яратилган бўлиб, керакли ва зарур махсус аппарат ва техникалар билан жиҳозланган. Бу ерда 12 нафар малакали мутахассис ходим меҳнат қилади.

Доннинг синфи аниқлангач, тарозидан ўтказилади ва махсус майдондаги хирмонга тўкилади. Қуритилган дон ишчилар томонидан омборларга жойланади. Бу ерда топшириладиган дондан ташқари, фермер хўжаликлари ихтиёрида қолдириладиган донни вақтинча сақлаб бериш ҳам корхонанинг зиммасида.

– Президентимизнинг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 июнидан ун маҳсулотлари, 1 июлидан ғалла маҳсулотлари – биржа савдоларига қўйилиши белгиланди, – дейди Товар-хом ашё биржаси Жиззах филиали бошқарувчисининг ўринбосари, маклер Эрик Валиев. – 1 июндан вилоятдаги 3 та дон корхоналари томонидан ун биржа савдоларига қўйилиб, сотилди. Фермер хўжаликлари ихтиёрида жорий йилда дон корхоналарида 47 минг тоннадан зиёд дон сақланиши белгиланган. 1 июлдан ғалла ҳам биржа савдоларида сотила бошлади. Шу кунгача фермерлар томонидан биржа савдоларида 352 тонна ғалла сотилди.

Жумладан, пресс-тур ташкил этилган “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖ томонидан биржа савдоси орқали 102 тонна буғдой харид қилганлиги ва бу ишлар режали йўлга қўйилганлиги тадбир давомида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

– Мен раҳбарлик қилаётган Дўстлик туманидаги “Эшниёз бобо” кўп тармоқли фермер хўжалиги пахта ва ғалладан ташқари, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш ва чорвачилик билан ҳам шуғулланади, – дейди фермер хўжалиги раиси Муртаз Бўтаев соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб. – Муҳтарам Президентимизнинг қарори узоқни кўзлаб қилинган оқилона тадбир деб ўйлайман. Ғаллачиликда кўплаб фермерларнинг харажатлари қопланмай қолар ёки қопланса ҳам даромад ололмас эди. Эндиликда эса фермер ихтиёрида қолдириладиган донини биржа орқали эркин сотиш имконияти яратилди ва бунинг даромади ҳам салмоқли бўлаётганини алоҳида таъкидлаган бўлардим.

“Эшниёз бобо” фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 77 гектар майдонга ғалла уруғи қадаб, ҳар гектар ердан 70 центнердан ҳосил олинган. Хўжалик мутахассисларининг ҳисоб-китобларига қараганда, бу йил фақат ғалладан 700 миллион сўм соф доромад олинар экан. Ҳалол меҳнати, пешона тери эвазига бой бўлаяптими, ундай деҳқонлар қандини урсин.

– Корхонамизда сифатли ун тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган, – дейди жамиятнинг ишлаб чиқариш бўйича директори Салим Мамиров иштирокчиларни ун сақланадиган омборхона сари бошлаб. – Биринчи галдаги вазифамиз вилоятимиз аҳолисини ун билан таъминлаш. Хавотирга ўрин йўқ, ғалламиз етарли, ишлаб чиқариш ускуналари бир маромда ишлаб турибди. Қопланган ун маҳсулоти сақланадиган 2 қаватли омборхонамизга кондиционерлар ўрнатилган ва улар маҳсулотни мунтазам равишда бир сифат меъёрида ушлаб тура олади.

Бу ердан тайёр бўлган ун пешма-пеш савдо шохобчаларига етказиб берилаётир. Бундан ташқари, “Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖга қарашли 3 та қолипли нон ишлаб чиқарувчи шохобчанинг бири туман марказида, иккинчиси “Манас” МФЙ ҳудудида ва учинчиси Мирзачўл туманидаги “Ғалаба” МФЙ ҳудудида жойлашган. Тадбир қатнашчилари тумандаги қолипли нон ишлаб чиқариш цехи фаолияти билан ҳам яқиндан таништирилди. Қолипли нон аҳолига 2 минг 500 сўмдан сотилаётган экан. Цехда ҳар куни 1000 дона қолипли нон пиширилади. Энг муҳими аҳоли кўрсатилаётган хизматдан мамнун.

“Дўстлик дон маҳсулотлари” АЖга уюштирилган пресс-тур ниҳоясида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!