Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Муҳофаза ҳудудидаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлар жавобгарликка тортилади
05 август 2022 г 580 Комментарии: 0
Президентимизнинг шу йил 27 апрелда қабул қилинган «Жиззах вилоятида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижросини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра Зомин ва Бахмал туманлари табиатини муҳофаза қилиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил қилинган эди.
Айни пайтда мазкур орган томонидан Жиззахнинг сўлим масканларидан бўлган Зомин ва Бахмалнинг ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини, ер ости ва усти бойликларини, ўрмон ва сувларни асраш, экотуризм салоҳиятини ошириш, туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалий ишлар, шунингдек, рейдлар олиб борилмоқда.
— Она табиат ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ўрмон ва сув фонди ресурсларидан оқилона фойдаланиш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг нафақат конституциявий, балки инсонийлик бурчидир, — дейди Зомин табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси прокурори ёрдамчиси Суҳроб Давранов. — Прокуратура томонидан ўтган қисқа даврда бир неча маротаба огоҳлантиришларга қарамай, Бахмал давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидаги «Ўрмончилик» экотуризм қишлоғида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган, ноқонуний қурилмалар қурган, ўсимлик дунёсига зарар етказган, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташлаётган 20 нафар фуқарога маъмурий баённомалар тузилди ва суд органларига юборилди.
Шунингдек, олиб борилган тезкор назорат тадбирлари натижасида ер қаъридан норуда фойдали қазилмаларни ўзбошимчалик билан қазиб олиш ва давлатга зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам аниқланган. Ушбу қонунбузилишлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!