Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан вилоят ҳокимининг байрам табриги
01 сентябрь 2022 г 1 241 Комментарии: 0
Азиз дўстлар, қадрли юртдошлар! Ҳурматли вилоятимиз меҳмонлари!
Халқимизнинг кўп асрлик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, эркин ва фаровон ҳаёт, тараққиёт ва ривожланиш, Янги Ўзбекистон қуриш йўлини кўрсатиб берган Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан барчангизни, бутун халқимизни чин қалбимдан табриклайман.
Барчага аёнки, Мустақиллик ҳеч қайси халққа совға қилиб берилмаган, ҳеч қайси миллат тарихида у осонлик билан қўлга киритилган эмас.
Шундай қувончли кунларда мустақилликнинг илк кунлари бир-бир кўз олдимиздан ўтади. Таҳликали вазиятлар, бутунлай узилган иқтисодий алоқалар, бири-биридан ваҳимали миш-мишлар, озиқ-овқат танқислиги каби қийинчилик ва синовларда ҳам биз ўз танлаган йўлимиздан — Мустақиллик йўлидан қайтмадик.
Чунки биз яхши тушунардик — ҳаёт-мамотимиз ҳал бўлаётган дамларда қийинчилик ва тўсиқлар олдида бўш келиш — бу ҳозирги ва келажак авлодлар тақдирига хиёнат қилиш билан баробар бўлур эди.
Ўша йилларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали халқни иш билан таъминлаш, истеъмол бозорини маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдириш, инсон қадр-қиммати, эркинлигини таъминлаш борасида ва суд-ҳуқуқ тизимида улкан ислоҳотлар бошланди. Кўпгина соҳаларда давлат монополияси тугатилиб, хусусий сектор тараққий топди. Кейинги беш йил мобайнида асрларга татигулик ютуқларга эришдик.
Эндиликда ана шу муваффақиятларни мустаҳкамлаб, уни ривожлантириш зарурияти пайдо бўлганди.
Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан "Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари" тамойили асосида ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва у ҳаётга татбиқ этилди.
Халқимиз давлатимиз раҳбари белгилаб берган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ватан тақдирига бевосита ўзи ҳам дахлдор эканлигини ҳис этган ҳар бир юртдошимизнинг стратегик дастурларни рўёбга чиқаришда иштирок этаётгани бунинг яққол далилидир.
Сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослари яратилди.
Жаҳон миқёсидаги мураккаб жараёнларни ва мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт натижаларини чуқур таҳлил қилган ҳолда кейинги йилларда "Инсон қадри учун" тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. "Инсон — жамият — давлат" тамойили давлатимизнинг энг олий мақсадига айланди.
Мамлакатимизнинг ажралмас қисми бўлган Жиззах вилоятида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифалар оғишмай амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда халқимизнинг азалий орзу-умидларининг ҳаммаси рўёбга чиқмоқда. Қайси соҳани олманг тараққиётга, ривожланиш сари илгарилаб бораётганига гувоҳ бўласиз. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар жадал суръатлар билан давом этмоқда.
Жиззахда қурилаётган турар-жой, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари кўламини таҳлил қилсангиз, Жиззах аҳли ҳали бундай ўзгаришларни кўрмаган десам муболаға бўлмайди. Уч-тўрт йил Жиззахда бўлмаган одам бугун нафақат шаҳарни, балки туманларни ҳам таний олмайди. Чунки, замонавий бинолар, боғлар, хиёбонлар барпо этиш ишлари бутун вилоят ҳудудида амалга оширилмоқда.
Аҳолини турар-жой билан таъминлаш, уларга қулайликлар яратиш бундан кейин ҳам диққат эътиборимизда бўлади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 ноябрь куни видеоселектор йиғилишида ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғини умумлашган ҳолда барпо этиш бўйича берган топшириғига биноан Шароф Рашидов туманидаги Оқтош маҳалласида “Тошкент — Термиз” автомагистрал йўли ёқасидан ер майдони танланиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Жорий йилда ҳар бири 80 хонадонли 14 та, жами 1120 хонадонга мўлжалланган 16 қаватли турар-жойлар бинолари янги тизим асосида “қурилиш кластери” томонидан бунёд этилмоқда.Бу йил вилоятимизнинг 9 та массивида 44 та кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Ўтган йили умумий қиймати 832 миллиард сўмлик 98 та инвестиция объекти барпо этилди. 80 миллиард сўмлик 16 та кўп қаватли уй-жойлар калити эгаларига топширилди. Жорий йилда 1 трл 125 миллиард сўмлик 210 та инвестиция объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
"Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида 228,2 миллиард сўмлик 4036 та якка тартибдаги аҳоли уйлари ва кўп қаватли турар жой бинолари таъмирланади.
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозимининг жорий этилиши билан ўзини ўзи бошқариш органларида янги тизимга асос солди.
Бугун маҳаллаларда фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори — кучли бешлик пайдо бўлди. Юртбошимиз томонидан ишлаб чиқилган янги тизим — "маҳаллабай" ва "фуқаробай" асосида халқ билан мулоқот қилиш, янги иш ўринлари яратиш, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш каби энг долзарб масалалар ана шу бешликнинг саъй-ҳаракатлари билан муваффақиятли ечим топаётганини мамнуният билан таъкидлашим зарур.
"Темир дафтар"га киритилган оилалар, уларни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича кўрилган чоралар ўз натижасини бермоқда.
2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида "Темир дафтар"га киритилган эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан "Темир дафтар" жамғармасига 9,9 млрд. сўм маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам ажратилиши белгиланган бўлиб, бугунги кун ҳолатига 96,3 млрд. сўм моддий ёрдамлар етказиб берилди.
Шунингдек, вилоят бўйича жами 6 112 та оилага 82 тонна ун маҳсулотлари ва 2,3 млрд. сўм нақд пул маблағлари тарқатилди.
Азиз ёшлар, қадрли фарзандларим!
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ авлодлар келажаги сифатида давлатимизнинг алоҳида эътиборини ўзларинг ҳам ҳис этиб турибсиз.
Бугун ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида маҳалла-сектор-туман-вилоят миқёсида ишлар олиб борилмоқда. Ишонинг, вилоятимиздаги ҳар бир ёш йигит-қиз эътиборда турибди. Мазкур тизимда 16-30 ёшдаги 277 минг нафар ёшлар тўғрисида маълумотлар шакллантирилган.
Шундан, 82 минг нафари давлат, нодавлат, хусусий сектор ва таълимда расман банд бўлган ёшлар ҳисоб-ланади. Тизимда барча ёшлар билан сўровномалар шакллантирилди.
Сўровномалар тизимига киритилган 274 минг нафар ёшлардан 9 022 нафари бандлик, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ёки ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммолари билан "Ёшлар дафтари"га киритилган.
"Ёшлар дафтари"даги ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 130 нафар ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилди. 3 618 нафар ёшларга "Ҳар бир ёшга — бир гектар" тамойили асосида 1 гектаргача ер майдони берилди.
313 нафар ёшларга меҳнат қуроллари, ускуна ва механизмлар олиш учун субсидиялар ажратилди. 508 нафар ёшларни сафарбарлик чақирув резерви ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун тўлов харажатлари "Ёшлар дафтари" жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилди. 105 нафар ёшлар доимий иш ўринларига эга бўлишди.
Фарзандларимизни аждодларимиз қадриятлари асосида тарбия қилишимиз, замонавий билимларни ўзлаштиришлари учун ҳамма имкониятларни ишга солишимиз зарур.
Шу мақсадда вилоятимизда болажонларни мактабгача таълим ташкилотларига жалб қилиш қамровини 78 фоизга етказишни режалаштирган эдик. Шу йилнинг 1 июль ҳолатига бу кўрсаткич 76,1 фоизни ташкил этди. Ҳозирги пайтда 1 337 та мактабгача таълим ташкилотларига 91 801 нафар болалар қамраб олинди.
Халқ таълими тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз кетганда шуни айтиш жоизки вилоятимиздаги 553 та умумтаълим мактаблари бошланаётган янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилди.
Таълимга бўлган эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида 2022 йилда Жиззах шаҳрининг ўзида 5 та янги мактабларни қуриш ва таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Мазкур таълим муассасаларини 5148 та ўқувчиларга фойдаланишга топширилиши каби тарихий воқеани вилоятимизда мусатақиллигимизни ўтган 30 йилида кузатилмаганлигини айтиш жоиздир.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент ва 12 та ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб интернатларида ҳам ёшларнинг таълим олишлари учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилган.
Шунингдек, вилоятда олий таълим муассасалари сони 4 тадан 5 тага етказилди. Жумладан, Қозон федерал университети Жиззах филиали жорий йилнинг ноябрь ойидан ўз фаолиятини бошлайди.
Ёшларимизнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқлари ҳақида алоҳида таъкидлашни хоҳлардим.
2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида вилоят спортчилари томонидан жами 972 та медаллар, шу жумладан, Осиё ва жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда 51 та олтин, 32 та кумуш ва 31 та бронза, республика мусобақаларида 226 та олтин, 324 та кумуш, 402 та бронза медаллар қўлга киритилиб, спортчиларимизнинг 406 нафари 1 даража, 109 нафари спорт усталигига номзод, 6 нафари спорт устаси талабларини бажаришга муваффақ бўлишди.
Бугун 19 нафар спортчи ёшларимизнинг Парижда ўтадиган XXXIII Олимпиадада иштирок этиш имкониятлари мавжуд. Уларнинг мунтазам шуғулланишлари, ўз маҳоратларини ошириб бориш имкониятлари бор.
Фақат ҳаммамиз бир бўлиб фарзандларимизни қўллаб-қувватлаб туришимиз лозим. Зеро, халқ мадади ҳар нарсадан ҳам кучли ва енгилмас қувват беради.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, давлатчилигимиз тарихида илк бор маҳалла институти тушунчаси Конституцияга киритилди.
Унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланди. Демократиянинг дунёда умумэътироф этилган энг муҳим тамойилларини ўзида ифода этган маҳалла институти ва у билан боғлиқ кўплаб қадриятлар, халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари қайта тикланиб, бугунги замон талаблари асосида изчил ривожлантирилмоқда.
Маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатлари мунтазам равишда кенгайтирилиши билан маҳалла том маънодаги ўзини ўзи бошқариш идораси, миллий давлатчилигимиз тизимида ҳақиқий шарқона демократик анъаналар ўчоғи сифатида намоён бўлди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар барча соҳалар каби маҳалла тизимида ҳам янгиланишларни бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан шаклланган "маҳаллабай" ишлаш тизими аҳоли фаровонлигини юксалтириш, фуқароларимиз яшаш даражасини ошириш ва бошқарувнинг ноёб тизими бўлган маҳалла обрўсининг ошишига хизмат қилмоқда.
Маҳаллаларда камбағалликни тугатмай туриб, давлатимизни бой дея олмаймиз. Шунинг учун табиий жойлашуви, муҳити ва имконият даражасига қараб маҳаллаларда 667 та ихтисослашув "драйвер" йўналишлар белгиланди.
Шундан 218 та чорвачилик, 124 та деҳқончилик, 68 та паррандачилик, 66 та боғдорчилик ва узумчилик, 58 та хизмат кўрсатиш, 37 та иссиқхона, 9 та асаларичилик, 8 та туризм, 4 та қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, 3 та балиқчилик ва 72 та бошқа йўналишлар танланди.
Тижорат банклари томонидан 33 731 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлганларга 274,7 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди.
Аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича январь-июнь ойларида 6 та йўналишда 2,2 млрд. сўм субсидиялар ажратилди.
Аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда жами 234,1 мингта, шундан биринчи ярим йилликда 104,3 мингта янги иш ўринлари яратилди.
Ҳурматли Юртбошимизнинг ташаббуслари билан янги тизим асосида вилоятда пахта-ғалла майдонлари 10 фоиз қисқартирилиб, 7 335 гектар ер майдонлари аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 10 сотихдан 1 гектаргача ажратиб берилиши белгиланган эди.
Жорий йилнинг шу даврига қадар 12 738 нафар фуқарога 6 435 гектар ер участкалари "E-АUKSION" савдо майдончаси орқали ажратиб берилди.
Қадрли аёллар!
Бирингиз она, бирингиз опа, яна бирингиз сингилсиз. Оиламиз кўрки, хонадонимиз файзи, фарзандларимиз онасисиз! Шунинг учун доим сизларни эъзозлаймиз.
Ҳозирги вақтда давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 500 дан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда.
2 минг нафарга яқин хотин-қизларимиз раҳбарлик лавозимларига захирага олинган. Маҳалла тизимида фаолият кўрсатиб келаётган кадрларнинг 70 фоизидан кўпроғини хотин-қизлар ташкил қилиши вилоятда аёлларнинг нуфузини янада ошаётганлигидан дарак бериб турибди.
Хотин-қизларимиз ўртасида фан докторлари, профессорлар, "Халқ ўқитувчиси" ва бир қатор фахрий унвонларга ҳамда "Зулфия" номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган юзлаб опа-сингилларимиз борлиги - бу бизнинг фахримиз.
Жорий йилда хотин-қизларнинг таълим соҳасида иштирокини кенгайтириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига асосан вилоятда 5 йиллик иш стажига эга бўлган 1 400 га яқин хотин-қизларга олий таълимга тўлов контракти асосида имтиёзли тавсиянома берилган бўлса, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилаларнинг 2 000 га яқин хотин-қизларига қўшимча давлат гранти асосида олий таълимда ўқишлари учун тавсияномалар берилди.
Шу кунга қадар, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг 5 минг 769 нафари, яъни 98 фоиздан зиёди доимий иш билан таъминланди.
Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имкониятлар яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу ўз навбатида, қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратади.
Азиз нуронийлар!
Режадаги ҳар бир ишимиз сизларнинг "оқ фотиҳангиз" билан бошланади. Сизлар хонадонларимизнинг кўрки, фариштасисиз.
Ёши улуғ оқсоқолларимиз эса нафақат оиланинг, балки маҳалланинг ардоқли отахони ҳисобланади. Бугун "Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул" тамойилининг жорий этилишида ҳам ҳикмат бор.
Ёшларимиз одобли, ахлоқли бўлса, мамлакатимизга, жамиятимизга фойда келтирувчи, бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқий бунёдкорига айланса, Сиз азизларнинг эзгу хизматларинг бўлиб қолади.
Чунки бутун халқ, шу заминда яшаётган ва ўзини шу давлат фуқароси деб билган миллат ва элатлар ягона мақсад йўлида оёққа турган ва биз албатта Янги Ўзбекистонни бунёд этамиз. Бу бизнинг келажак авлодлар, дориламон кунларни кўролмай кетган аждодларимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Қадрли дўстлар!
Энг улуғ, энг азиз байрам — Мустақилликнинг 31 йиллиги кенг нишонланаётган бугунги кунда вилоятимиз аҳлининг истиқлолини мустаҳкамлаш ва ислоҳотларини ривожлантиришдаги фидокорона меҳнатларига Президентимиз томонидан муносиб баҳо берилаётганлиги барчамизга катта ғурур, ифтихор бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг матбуотда эълон қилинган фармонига мувофиқ вилоятимизнинг бир гуруҳ пешқадам вакиллари мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирландилар.
Жумладан, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи"фахрий унвони биланЭркин Халматов, "Меҳнат шуҳрати" ордени билан Мухаммад Сувонқулов ва Саидбахрам Файзулаев, "Дўстлик" ордени билан Уралбай Аккулов, Джура Караев, Бозор Рахимов, Дилбар Шоназарова, II даражали "Саломатлик" ордени билан Эдуард Нариев, "Содиқ хизматлари учун" медали билан Уктамжон Махмуджанов,Эшбек Махаммадиев, Исроилжон Нурматов,"Жасорат" медали билан Баҳодир Сайфуллаев, "Шуҳрат" медали билан Хайдар Жўраев, Матлуба Ҳакимова, Нурали Муратов, Меҳри Абдурахмоновава 100 ёшдан ошган онахон Суйма Зулимовани юксак давлат мукофотлари билан самимий муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилаймиз!
Ҳурматли вилоятимиз аҳли!
Сизларни яна бир бор энг улуғ ва энг азиз байрам билан самимий муборакбод этаман!
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик, эзгу ниятларингиз ижобат бўлишини тилайман.
Ватанимиз тинч, осмонимиз беғубор бўлсин. Яратгандан шундай улуғ айёмларда доим бирга бўлишликни сўраб қоламан.
Вилоят ҳокими Эргаш Салиев
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!