» » Жиззах ва Сирдарё бўйлаб “хизмат сафари”га чиққан ўғри 10 йилга қамалди

Жиззах ва Сирдарё бўйлаб “хизмат сафари”га чиққан ўғри 10 йилга қамалди

29 сентябрь 2022 г 533 Комментарии: 0

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида, мулк дахлсизлигини бузиш белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Жамиятимизда шундай инсонлар борки, улар мулкчиликка бўлган ҳуқуқларга беписандлик билан муносабатда бўлади, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилишни ўзига касб ва тирикчилик манбаи қилиб олган.

Айнан шундай инсонларга муқаддам суд томонидан бир неча маротаба жазо тайинланган бўлса ҳам улар тузалиш йўлига ўтмаган. Халқимиз “Букрини гўр тузатади” деган мақолни бежиз айтмаган кўринади.

Тошкент вилояти, Бекобод туманида яшовчи Ж. айнан шундай шахслар тоифасидан. Чунки у тоғни урса талқон қиладиган даврини панжара ортида ўтказиб, оз эмас, кўп эмас нақд 5 маротаба ўғрилик учун судланиб, жазони озодликдан маҳрум қилиш жойларида, яна махсус тартибли колонияларда ўтаб келган бўлса-да, ўзининг эски ҳунарини қўмсаб, яна Жиззах ва Сирдарё вилоятлари бўйлаб “хизмат сафари”га чиқди.

Яна кўр-кўрни қоронғида топганидек, ўзига хос ва мос шерик ҳам топила қолди.

Тажрибали ўғри ва унинг шериги “Matiz BEST” русумли автомашинада Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Ёйилма МФЙ ҳудудига келиб, жабрланувчига тегишли дала майдонида бўлган ўртача бозор нархи 7 миллион сўм бўлган бир бош, Гулистон тумани Сойибобод маҳалласи ҳудудидаги нархи 12 миллион сўмлик бир бош, Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги фермер хўжалиги дала майдонидаги бозор нархи 10 миллион сўмлик бир бош йирик шохли қорамолларни, Шароф Рашидов тумани Ғазғонтепа МФЙ ҳудудидаги жабрланувчининг ўртача бозор нархи 10 миллион сўм бўлган 1 бош отини дала майдонида сўйиб олиб, уни бўлакларга бўлиб, Тошкент шаҳар “Чорсу” бозорига олиб бориб, гўшт савдоси билан шуғулланувчи шахсга жиноий йўл билан топилганлигини айтмасдан сотиб юборади. Ўғрилар бу каби жиноятларни кўплаб содир этади.

Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг ҳукми билан судланувчи Жиноят кодекси 169-моддаси 4-қисмининг “б” банди айбли, деб топилиб, унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва умумий ҳисобда жабрланувчиларга 59.600.000 сўм миқдорда моддий зарар ундирилиши белгиланди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!