Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Комиссия Жиззах вилоятидаги корхоналар билан танишди
15 октябрь 2022 г 568 Комментарии: 0
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотларига кўра, комиссия аъзолари йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни билан танишди. Шу мақсадда улар кенг ассортиментдаги экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи «World trading company» МЧЖ ҚК, «Paxtakor teks» МЧЖ, «Basalt wool» МЧЖ, «ADM JIZZAX», МЧЖ, «Farali textile», «Deya», «Jizzax kenteks» компаниялари ва бошқа корхоналарга ташриф буюрди.
«Paxtakor teks» МЧЖда 470 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлиб, унинг маҳсулотлари Россия, Туркия, Польша, МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. «Basalt wool» МЧЖ 193 нафар мутахассисларни иш билан таъминлади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган 32 минг тонна базальт плиталарнинг 20 минг тоннаси экспортга жўнатилади.
Комиссия аъзолари томонидан тадбиркорлар билан уларни қийнаётган муаммолар юзасидан суҳбат олиб борилди. Бизнес вакиллари мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди. Маҳаллий мутассадиларга манзилли топшириқлар берилди, айтиб ўтилган барча муаммоларни ҳал этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш учун конструктив таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Шу куни Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш борасидаги ишларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда инвестиция дастури доирасида йил якунига қадар 688,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 389 та лойиҳа амалга оширилиши ва 8800 та янги иш ўринлари яратилиши таъкидланди. Масъул раҳбарларга лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган экспорт фаолияти натижалари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, экспорт ҳажми 158,5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан беш фоизга кўпдир.
Комиссия ташрифи якунларига кўра, вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига давлатимиз ҳукумати томонидан белгиланган вазифаларни сифатли бажариш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!