» » Жиззахда йил якунигача 389 та лойиҳа амалга оширилади

Жиззахда йил якунигача 389 та лойиҳа амалга оширилади

17 октябрь 2022 г 692 Комментарии: 0

Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Жиззах вилоятидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ҳукумат комиссияси инвестиция дастурларини амалга ошириш ва ҳудудий экспорт ҳажмини ошириш бўйича ишларнинг боришини ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятига келди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, комиссия аъзолари йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнларини ўрганиб чиқди. Ҳукумат комиссияси аъзолари кенг ассортиментдаги экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи Жиззах вилоятидаги “World trading company” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона, “Paxtakor teks”, “Basalt wool”, “ADM JIZZAX” масъулияти чекланган жамиятлари, “Farali textile”, “Deya”, “Jizzax kenteks” компаниялари ва бошқа корхоналарда бўлиб, у ердаги жараёнлар билан яқиндан танишди.  

Жумладан, “Paxtakor teks” МЧЖда 470 нафар ишчи меҳнат қилаётган бўлиб, унинг маҳсулотлари Россия, Туркия, Польша, МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда. “Basalt wool” МЧЖда эса 193 нафар ёш мутахассис иш билан таъминлаган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган 32 минг тонна базальт плиталарнинг 20 минг тоннаси экспортга жўнатилади.  

Комиссия аъзолари тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар юзасидан суҳбатлашди. Бизнес вакиллари мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди. Маҳаллий мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилди, айтиб ўтилган барча муаммоларни ҳал этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни тайёрлаш учун конструктив таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.  

Ўрганиш жараёнларидан сўнг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандликни таъминлаш борасидаги ишларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда инвестиция дастури доирасида йил якунига қадар 688 миллион 300 минг АҚШ доллари қийматидаги 389 та лойиҳа амалга оширилиши ва 8 минг 800 та янги иш ўринлари яратилиши таъкидланди. Масъул раҳбарларга лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.  

Шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган экспорт фаолияти натижалари кўриб чиқилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, вилоятда экспорт ҳажми 158 миллион 500 минг АҚШ долларини ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга кўп демакдир.

Комиссия ташрифи якунларига кўра, вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифаларни сифатли бажариш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

скачать dle 12.0

Похожие новости

Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!