Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Мирзачўлда "Ўзбекистон-умумий уйимиз" шиори остида тадбирлар бўлиб ўтди
18 октябрь 2022 г 717 Комментарии: 0
Мирзачўл тумани, "Боғбон" ҚФЙ ҳудудида жойлашган "Ўзбек-Қозоқ" маданият саройида "Ўзбекистон-умумий уйимиз" шиори остида мусиқий маданий маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, "Ўзбек-Қозоқ" маданият маркази, туман Маданият бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ўтказилиб, тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Ш.Абдурахимов очиб мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб келаётганлиги, шунингдек 143 та миллий -маданий марказлар самарали фаолият юритаётганлиги, юртимизда таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилаётганлиги, теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилаётганлиги, газета ва журналлар 10 тадан ортиқ тилларда чоп этилаётганлиги тўғрисида маълумотларни келтириб ўтди.
Мирзачўлдаги тадбир доирасида туманда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг ўзига хос миллий анъаналари, урф-одатлари ва расм-русмларини асраб - авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган кўргазмалари, Мирзачўл Ахборот кутубхона марказининг "Кўчма кутубхонаси", "Ўлкашунослик музейи"даги миллий қадриятларимизга асосланган экспонат буюмлар, 13-Мусиқа ва санъат мактаби ижодкор ўқувчилари томонидан тайёрланган санъат асарлари кўргазмалари, "Ўзбек-Қозоқ" маданият маркази, туман Маданият бўлими концерт жамоалари ва фольклор жамоаларининг концертлари ташкил этилди.
"Ўзбекистон-умумий уйимиз" шиори остида ўтган анъанавий мусиқий-маданий тадбирлар, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик соҳасида Ўзбекистоннинг ўз мақсадларига содиқлигининг ёрқин ифодаси сифатида хизмат қилиши билан, мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!