Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » БЕРЛИНДА ГЕРМАНИЯЛИК ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАР ВАКИЛЛАРИ БИЛАН МУЗОКАРАЛАР БЎЛИБ ЎТДИ
02 ноябрь 2022 г 566 Комментарии: 0
Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан маҳаллий бизнес ва Европа ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янада ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 1 ноябр куни Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси кўмагида BMB Trade Group компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди.
Жумладан, Германия кичик ва ўрта бизнес уюшмаси (BVMW) директори Рейнхолд Унгерн-Стернберг билан ўтказилган музокаралар доирасида икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича стратегик шериклик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, мамлакатимиздан мева-сабзавот маҳсулотини импорт қилишдан манфаатдор немис ишбилармон доиралари иштирокидаги қўшма тадбирлар ташкил қилиш кўзда тутилган масаларидан биридир.
Яқин келажакда мазкур ҳамкорлик доирасида режалаштирилган амалий тадбирларни ташкил қилиш ва амалга ошириш мақсадида BVMW делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
Blumental Bayern GmbH компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича AҚШ ва Европа мамлакатлари бозорларига қуритилган мевалар, доривор ўсимликлар, жумладан, заъфаронни йирик ҳажмларда етказиб бериш борасида келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, таркибига BMB Za’faron бренди остида етиштирилаетган заъфарон маҳсулоти қўшилган дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Австриянинг машҳур VAMED AG компанияси бошқаруви раиси Эрнст Вастлер билан бўлиб ўтган учрашув давомида тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда тиббий клиникалар тармоғини яратиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йилнинг декабр ойида германиялик компания делегацияси қўшма лойиҳани батафсил ўрганиш учун ташриф буюради.
BMB Trade Group делегацияси Германия агробизнес альянси директори Пер Бродерсен билан биргаликда Германиянинг етакчи ишлаб чиқарувчиларининг инновацион технологияларини Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига жалб этиш, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, каби кенг кўламли стратегик ҳамкорлик масалалари ишлаб чиқилди.
Умуман олганда, бўлиб ўтган музокаралар агробизнес соҳасида Ўзбекистон-Германия лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!