Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Жиззахлик чемпион қизнинг орзулари ушалмоқда
03 декабрь 2022 г 660 Комментарии: 0
Жорий йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Кореяда спортнинг Ўзбек жанг санъати бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада Ўрта Осиё ва Осиё давлатларидан элликдан зиёд давлатлар спортчилари иштирок этди.
Эътиборлиси, мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоа аъзолари муваффақиятли ўринларни олиб келишди. Хусусан, жиззахлик ёш спортчимиз Гулчеҳра Санақулова ушбу чемпионатда 54 кг. вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарди.
— Ўзбек жанг санъати спорти билан 2016 йилдан бери шуғулланаман, — деди Гулчеҳра Санақулова. — Устозим бу спортни бизга қунт билан ўргатиб келмоқда. Аслида спортнинг ушбу турига қизиқиб, мунтазам равишда шуғулланиб келишимда раҳматли дадажонимнинг ҳиссалар катта, деб ҳисоблайман. Сабаби ёшлигимдан дадам қўлимдан етаклаб машғулотларга олиб борардилар. Дадам менинг чемпион бўлишимни, бўйнимда шода-шода медаллар билан кўришни бир умр орзу қилган. Мана, ҳозир уч карра Ўзбекистон чемпиони, икки карра жаҳон чемпионига айландим. Афсуски, дадам буни кўролмади. Лекин мен оиламиз орзусини амалга ошириш учун бор кучим ва ғайратим билан ҳаракат қиламан.
Қаҳрамонимиз илк маротаба 2018 йил ташкил қилинган Президент кубогида 45 кг. вазнда, худди шу йили Тошкент вилояти ҳокими кубогида, 2019 йил Миллий гвардия қўмондони кубогида замонавий ўзбек жанг санъати бўйича 1-ўринларни қўлга киритган.
Муваффақиятлар шу сари давом этаверди. Зеро, тинимсиз меҳнат ва ҳаракат уни ана шундай ютуқлар сари етаклади. Ўзининг тиришқоқлиги, эзгу мақсадига интилувчсанлиги сабаб ўсмирлар ўртасида ўзбек жанг санъати бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида фаол қатнашиб, якунда Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гулчеҳра Санақулова жорий йилда Москва шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада рақибларини мағлуб этиб, 1-ўринни забт этди.
Эндигина 16 ёшни қаршилаган спортчимиз Гулчеҳранинг орзулари осмон қадар. Бугун мамлакатимизда ёшларга, қолаверса, спортга қаратилаётган юксак эътибор, албатта, Гулчеҳра каби ёш спортчиларни кашф этиб, уларнинг орзулари рўёбида муҳим аҳамият касб этади.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!