Жиззах вилояти ҳокимлиги » Янгиликлар » Касалликларнинг олдини олиш чоралари муҳокама қилинди
13 декабрь 2022 г 471 Комментарии: 0
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 13 февралдаги қарори билан фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинган эди. Бу сезиларли натижа бериб, касалланганлар умумий сони 2 мингтага камайди. Янги касалланиш ҳолати 10 фоизга, ўлим ҳолати 17 фоизга қисқарди.
Лекин сўнгги йилларда коронавирус эпидемияси сабабли юртимизда ўпка касалликлари бўйича диспансер назоратидаги беморлар сони 18 фоизга ошган.
Ҳудудларда туберкулёз бўйича 5 хил юқори технологик жарроҳлик амалиётига талаб бўлса-да, бу хизматлар фақат Тошкент ва Нукус шаҳарларида тўлиқ йўлга қўйилган.
Одам иммунитети танқислиги вируси билан касалланиш ҳолатлари ҳам, афсуски, кўпаймоқда. Бу, айниқса, Тошкент шаҳри, Андижон ва Самарқанд вилоятларида долзарб.
Шу боис йиғилишда мазкур икки соҳадаги навбатдаги чора-тадбирлар мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди.
Президентимиз келгуси йилдан бошлаб “Ўпка саломатлиги” мобил бригадаларини ташкил этиб, чекка ҳудудларда болаларни скрининг текширувларидан ўтказиш бўйича топшириқ берди.
Туберкулёз инфекциясининг молекуляр-генетик диагностикасини, яширин инфекцияси бор беморларни аниқлаш ва профилактик даволаш қамровини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Вилоят ҳокимларига ҳудудлардаги Фтизиатрия сиҳатгоҳларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, бактериология лабораторияларини ташкил этиш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига туберкулёз билан касалланган беморларни дори воситалари билан бепул таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга давлат бюджетидан 40 миллиард сўм ажратилади.
ОИВ инфекцияси бўйича ҳам текширувни кенгайтириб, 3 миллион аҳолини қамраб олиш чоралари белгиланди. Бундай беморлар ҳам 22 турдаги вирусга қарши дорилар билан бепул таъминлади.
Ҳудудий ОИТС маркази ва туманлараро лабораторияларни таъмирлаш, уларни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлашга масъуллар бириктирилди.
Тиббиётнинг бирламчи бўғини ходимларини ОИВ инфекцияси бўйича малакасини ошириш, аҳоли ўртасида касаллик ва унинг оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Умуман, буларнинг барчасини инобатга олиб, фтизиатрия, пульмонология ва ОИТС йўналишларида дастурий қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Сайт ишлаб чиқиш жараёнида. Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз!